Ўзбекистонда олти ойда тиббий буюмлар экспорти тўққиз баробарга ошган
Ҳамкор давлатлар бозорларига маиший техника экспорти 3 бароба кўпайган
Ўзбекистонда олти ойда тиббий буюмлар экспорти тўққиз баробарга ошган. Бу ҳақда Президент раислигида ўтаётган саноатни ривожлантириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.

Қайд этилишича, саноат зоналари инфратузилмасига бу йилда 1,2 триллион сўм ажратилган. Лекин, Қашқадарё, Самарқанд ва Хоразм вилоятларида маблағларнинг 40 фоизини ҳам ўзлаштирилмаган.
Давлат раҳбари томонидан мутасаддилар ва вилоят ҳокимларига ҳалигача инфратузилма олиб борилмаган саноат зоналарига шахсан бориб, ишларни охирига етказиш топширилган.
Шунингдек, охирги 6 ойда ҳамкор давлатлар бозорларига маиший техника экспорти – 3 баробар, трансформатор – 3,6 баробар, тиббий буюмлар – 9 баробар, трикотаж мато – 2 баробар ошгани таъкидланган.
Йиғилишда агар мис, ПВХ, металл, полипропилен хом ашёларини кўпроқ олиш имконияти яратилса, тадбиркорлар экспортни бир неча баробар ошириши мумкинлиги, масъул вазирликлар бу масалалар билан шуғулланмаётгани танқид қилинган.
Мисол учун, гилам маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун йилига 70 минг тонна полипропиленга талаб бор. Бироқ, биржага 2 баробар кам полипропилен қўйилмоқда. Натижада нарх 30 фоизга ошиб, тоннаси 1 минг 800 долларга кўтарилган.
Шу билан бирга, мебелчиликда ишлатиладиган формалин ички бозорда 260 доллардан сотилаётгани маълум қилинган (рақобатчи бозорларга нисбатан 60 долларга қиммат).
Яратилган шароитлар ва маблағ борлигига қарамасдан, масъул вазирликлар ва мутасаддилар бу муаммолар билан шуғулланмаётгани танқид қилинган.
Декабрь ойининг 1-санасигача ишлаб чиқарувчи ва трейдерлар билан ишлаб, етишмаётган хом ашёни четдан олиб келиш ҳисобига захира яратиш ва график асосида уни биржага қўйиш топширилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган саноатни ривожлантириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида дунёдаги мураккаб вазият, транспорт-логистика ва ишлаб чиқариш занжирларидаги узилишлар, энергоресурслар билан боғлиқ муаммолар мамлакатга ҳам таъсир қилаётгани таъкидланганди.