Тошкентдаги мактабда ўқитувчи ўқувчининг акалари томонидан калтакланди
Тошкент шаҳри Миробод туманидаги мактабда ўқитувчи ўқувчининг акалари томонидан калтакланди. Ҳолат юзасидан туман ҳокимлиги расмий муносабат билдирди.
Қайд этилишича, ҳолат 3 ноябрь куни 09:15 лар (танаффус вақти)да мактаб биносининг 2-қаватида содир бўлган. Ўқитувчи С.А. I чоракда информатика фанини яхши ўзлаштирмагани сабабли 9-синф ўқувчиси бўлган М.Т.га чорак баҳо қўймаслигини айтганидан сўнг ўқитувчи ва ўқувчи ўртасида келишмовчилик келиб чиққан.
Шунингдек, М.Т. бу ҳақда акаси Т.М.га айтган. Шу мактабни 2021 йил тамомлаган 18 ёшли Т.М. вазиятга ойдинлик киритиш учун ўртоғи Б.Ғ. билан мактабга келиб, ўқитувчига тан жароҳати етказиб, воқеа жойидан қочиб кетган.
Ҳолатдан хабар топган мактаб директори С.И. ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўлимига хабар берган. Ҳозирда ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилаётгани маълум қилинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бухородаги таълим муассасасида ўқитувчи ўқувчини бўғгани, Бандихон туманида ўқитувчи дарсга тайёрланмаган ўқувчини калтаклагани тўғрисида хабар берганди. Шунингдек, Андижон вилояти Асака туманида ўқитувчи кетма-кет икки кун дарсдан қочиб кетиши ва дарс жараёнларига қатнашмаётгани сабаб ўқувчи қизни калтаклаганди.