Ўзбекистонда жаҳондаги геосиёсий вазиятнинг иқтисодиётга таъсири муҳокама қилинди
Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) ходимларининг Ўзбекистонга ташрифи (Staff visit) доирасида Марказий банк раҳбарияти ва мамлакат бўйича миссия раҳбари Рон ван Руден бошчилигидаги делегация вакиллари билан учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда банк матбуот хизмати хабар берди.

Учрашувда Марказий банк раҳбарияти ХВЖ вакилларини мамлакатдаги жорий макроиқтисодий ҳолат, банк тизими кўрсаткичлари, регулятор томонидан олиб борилаётган валюта ва пул-кредит сиёсати билан таништирди.

Томонлар инфляция ва унинг динамикасига таъсир этувчи омиллар, жаҳон бозорларидаги ҳолат, шунингдек, дунёдаги геосиёсий вазиятнинг Ўзбекистон иқтисодиётига таъсири каби кенг кўламли масалаларни муҳокама қилди.

Шунингдек, 2022-2023 йиллар учун юзага келиши мумкин бўлган муаммолар ва хавф-хатарлари инобатга олинган макроиқтисодий прогнозлар юзасидан фикр алмашилди.