Қрим ва Севастополдаги ўзбекистонлик талабаларга ўқишини Ўзбекистонга кўчиришга рухсат берилди
Россиянинг Қрим ва Севастополь ҳудудларидаги талабалар истисно тариқасида ўқишини Ўзбекистонга кўчириши мумкин. Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ахборот хизмати маълумот берди.
Ижтимоий тармоқларда Қрим федерал университети тиббиёт академиясининг ўзбек талабалари Шавкат Мирзиёевга мурожаат қилиб, «ҳозирда Қрим ҳудуди уруш туфайли хавфли ҳудудлар сирасига кираётгани боис» ўқишини Ўзбекистон ОТМларига кўчиришда амалий ёрдам сўраганди.
Қайд этилишича, Президентнинг топшириқларига асосан, давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш жараёнларини мувофиқлаштириш бўйича Давлат комиссиясининг тегишли баёни билан Қрим ва Севастополь ҳудудларидаги ОТМда таҳсил олаётган ўзбекистонлик фуқароларнинг ўқишини Ўзбекистондаги давлат ОТМга истисно тариқасида кўчиришга рухсат берилди.
Аввалроқ Россиянинг Украина билан чегарадош ҳудудларидаги ўзбекистонлик талабаларга ўқишни кўчиришга рухсат берилгани ҳақида хабар берилганди.