Ўзбекистоннинг ТДТ мамлакатлари билан 2022 йил 9 ойи давомидаги ташқи савдо кўрсаткичлари маълум қилинди
Ўзбекистоннинг Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлари билан 2022 йилнинг 9 ойи давомидаги ташқи савдо кўрсаткичлари маълум қилинди. Бу ҳақда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази маълумотларига таяниб «Review.uz» хабар берди.


Қайд этилишича, мамлакатнинг 2022 йил 9 ойи давомидаги Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар билан ташқи савдо айланмаси ҳажми 10,2 фоизга ўсиб, 7,4 миллиард долларга етган. Бундан экспорт — 3,2 миллиард доллар, импорт — 4,2 миллиард долларни ташкил этмоқда. Экспорт ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 10,6 фоизга ошган бўлса, импорт миқдори 9,9 фоизга ўсган.
Статистикага кўра, 9 ойда Туркий давлатлар ташкилоти давлатлари билан савдо миқдори Ўзбекистоннинг умумий ташқи савдо айланмаси ҳажмига нисбатан 20,4 фоизни ташкил қилмоқда.
Ўзбекистон ТДТ мамлакатлари бозорларига асосан тўқимачилик, электротехника, автомобилсозлик ва мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилади.
ТДТ мамлакатларидан саноат корхоналари учун зарур бўлган маҳсулотлар: металл прокат, алюминий, шунингдек, турли механик асбоблар, қурилиш материаллари, нефть маҳсулотлари, доннинг асосий қисми ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари импорт қилинади.
2021 йилда Ўзбекистоннинг ТДТ мамлакатлар билан савдо айланмаси 39,5 фоизга ошиб, 9,4 миллиард долларни ташкил этган.
Бундан:
- экспорт — 3,9 миллиард (ўсиш 37,1 фоиз)
- импорт — 5,5 миллиард (ўсиш 41,4 фоиз)
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 36 миллиард доллардан ошгани ҳақида хабар берилганди. Аввалроқ Ўзбекистонда 8 ойда қайси ҳудуднинг ташқи савдо айланмаси юқори бўлгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Ўзбекистоннинг ўтган 7 ойдаги ташқи савдо айланмаси таркиби маълум қилинганди.