ТДТ: ташкилот тарихи, мақсад ва вазифалари ҳамда ундаги Ўзбекистоннинг ўрни

Ўзбекистон 2022 йил ҳисобидан яна бир йирик халқаро ташкилот саммитига мезбонлик қилиши кутилмоқда. Самарқанд шаҳрида 11-12 ноябрь кунлари бўлиб ўтадиган Туркий давлатлар ташкилоти саммити кўп жиҳатдан аҳамиятли ҳисобланади. Хусусан, Туркий кенгаш Туркий давлатлар ташкилотига ўзгарганидан сўнг ўтказиладиган илк саммит айнан Самарқандда бўлиб ўтиши белгиланган. Шу муносабат билан, «Bugun.uz» ташкилот тарихи, мақсад ва вазифалари ва ундаги Ўзбекистоннинг ўрни ҳақида маълумот беради.

Фото: Туркий давлатлар ташкилоти

Ташкилот тарихи

Туркий давлатлар ўртасида ташкилот тузиш ғоясини дастлаб 2006 йилда Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоев илгари сурган. Ташкилот дастлаб, Туркий кенгаш ёки Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши номи билан 2009 йилнинг 3 октябрида Озарбайжоннинг Нахичеван шаҳрида тузилган. Тўртта давлат: Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркия унинг таъсисчилари ҳисобланади. Ташкилот бош қароргоҳи Туркиянинг Истанбул шаҳрида жойлашган.

Истанбулдаги Демократия ва Озодлик оролида 2021 йил 12 ноябрь куни бўлиб ўтган саккизинчи саммитда Туркий кенгаш номи Туркий давлатлар ташкилотига ўзгартирилган.

Туркий давлатлар ташкилоти ўз байроғига эга бўлиб, унда тўртта таъсисчи давлат байроғидаги рамзлар уйғунлашган. Хусусан, байроқдаги кўк ранг Қозоғистон ва умуман тарихдаги кўпгина туркий давлатлар байроғида мавжуд, шунингдек, Қирғизистон байроғидаги қуёш, Озарбайжон байроғидаги юлдуз ва Туркия байроғидаги ярим ой ташкилот рамзидан ўрин олган.

Фото: Wikipedia

Туркий давлатлар ташкилоти бугунги кунда 5 та тўлақонли аъзо ҳамда иккита кузатувчи мақомидаги давлатдан иборат. Жумладан, юқорида таъкидланган 4 та таъсисчи давлатдан ташқари Ўзбекистон ҳам 2018 йил 30 апрелда Қирғизистонда ўтадиган саммитдан бошлаб кузатувчи мақомида иштирок этишини эълон қилган. 2018 йил 3 сентябрда Президент Шавкат Мирзиёев илк бор Қирғизистоннинг Чўлпон-Ота шаҳридаги саммитда нутқ сўзлаган. 2019 йил 12 сентябрдан бошлаб мамлакат ташкилотнинг тўлақонли аъзоси сифатида қабул қилинган.

Фото: Anadolu агентлиги

Шунингдек, Венгрия 2018 йилдан, Туркманистон эса 2021 йилдан бошлаб кузатувчи мақомини олган. Туркия ташқи ишлар вазири Мавлут Чавушўғлу сентябрь ойи охирида Туркманистон ҳам Самарқанд саммитидан бошлаб ташкилотнинг тўлақонли аъзоси бўлишини маълум қилганди.

Ташкилотга аъзо бўлиш шартлари сирасига мамлакат аҳолисининг туркий тилда сўзлашиши ёки туркий тиллардан бирига давлат тили мақоми берилгани, шунингдек, давлат ўзини туркий ўзликка ёхуд туркий цивилизация билан яқинликка эга деб ҳисоблаши ва бу бошқа давлатлар томонидан ҳам эътироф этилиши кабилар киради. Шунга кўра, 2022 йилда Шимолий Кипр президенти Эрсин Татар, 2020 йилда Украина ташқи ишлар вазири ўрибосари Эмине Жеппар Туркий давлатлар ташкилоти (аввалги Туркий кенгаш)да кузатувчи мақомини олиш истагини билдирган. Шунингдек, 2021 йил 3 май куни Афғонистон ҳам кузатувчи мақомини олиш учун ариза берганди, аммо мамлакат ҳокимияти тепасига толиблар келиши билан бу ариза расман қайтариб олинган.

Туркий давлатлар ташкилоти бошқа халқаро тузилмалар билан ҳам алоқаларни олиб боради. Хусусан, ташкилот Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотида кузатувчи мақомига эга. Шу билан бирга, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва Ислом ҳамкорлик ташкилотида ҳам ушбу мақомни олиш учун ариза берган.

Ташкилотнинг асосий органларига Давлат раҳбарлари кенгаши, Ташқи ишлар вазирлари кенгаши, Оқсоқоллар кенгаши, Олий мансабдор шахслар қўмитаси ва Котибият киради. Ташкилот фаолияти Туркий тилли давлатлар парламент ассамблеяси (TURKPA), Халқаро Туркий маданият ташкилоти (TURKSOY), Халқаро туркий академия, Туркий тиллар маданияти ва мероси жамғармаси, Туркий тилли давлатлар парламент ассамблеяси, Туркий ишбилармонлар кенгаши, Туркий университетлар иттифоқи ва Туркий савдо-саноат палатаси каби тегишли бўлинма ва ташкилотлар томонидан ҳам қўллаб-қувватланади.

Ташкилотнинг асосий мақсад ва вазифалари сифатида қуйидагилар белгилаб қўйилган:

  • томонлар ўртасида ўзаро ишонч ва дўстликни мустаҳкамлаш;
  • ташқи сиёсат масалалари бўйича умумий позицияларни ишлаб чиқиш;
  • халқаро терроризм, сепаратизм, экстремизм ва трансчегаравий жиноятларга қарши курашиш бўйича ҳаракатларни мувофиқлаштириш;
  • умумий манфаатларга эга бўлган барча соҳаларда самарали минтақавий ва икки томонлама ҳамкорликка кўмаклашиш;
  • савдо ва инвестициялар учун қулай шарт-шароитлар яратиш;
  • ҳар томонлама ва мувозанатли иқтисодий ўсишга, ижтимоий ва маданий ривожланишга интилиш;
  • фан, техника, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, спорт ва туризм соҳаларида ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш;
  • оммавий ахборот воситалари ва бошқа алоқа воситаларининг ўзаро ҳамкорлигини рағбатлантириш;
  • аъзо давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик ва интеграцияни мустаҳкамлаш;
  • тегишли ҳуқуқий ахборот алмашиш ва ҳуқуқий ҳамкорликни кенгайтириш.

Ўзбекистоннинг Туркий давлатлар ташкилотидаги ўрни

Сиёсий экспертлар томонидан Ўзбекистоннинг ташкилотга тўлақонли аъзо бўлиб кириши ушбу тузилма ривожини янги босқичга олиб чиққани таъкидланмоқда. Бунга бир неча сабаблар бор. Хусусан, Ўзбекистон Туркиядан кейинги иккинчи энг катта туркий давлат ҳамда туркий цивилизациянинг ажралмас қисми. Мамлакатда ҳозирги вақтда 36 миллион аҳоли мавжуд бўлиб, бу Марказий Осиё умумий аҳолисининг қарийб ярми дегани. Шунингдек, Марказий Осиёнинг барча давлатлари билан умумий чегарага эга ягона давлат ҳам Ўзбекистон ҳисобланади. Геостратегик жойлашуви ҳамда нуфус жиҳатдан туркий дунёнинг катта бир бўлагини ташкил этиши сабабли Ўзбекистон қўшилган минтақавий лойиҳаларнинг амалий аҳамияти юқори бўлади.

Шу билан бирга, Туркий давлатлар ташкилоти билан ҳамкорлик Ўзбекистон манфаатлари учун ҳам тўла жавоб беради. Чунончи, транспорт-логистика, рақамлаштириш, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик, терроризм, экстремизм, сепаратизм, трансчегаравий жиноятларга қарши курашиш каби соҳалардаги коллектив ҳамкорлик каби масалалар ташкилотнинг «Туркий нигоҳ — 2040» дастуридан ўрин олган.

Фото: Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги

2019 йилдан бошлаб, Ўзбекистон Президентининг 20 дан ортиқ таклифлари мазкур ташкилот томонидан алоҳида инобатга олиниб, амалиётга жорий қилинди. 2022 йилнинг июль ойида Туркий давлатлар ташкилоти билан ҳамкорлик доирасида Ўзбекистон томонидан илгари сурилган «Табаррук зиёрат» туризм концепцияси бўйича ташаббусни юқори савияда ташкил этиш, туризм соҳасидаги тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш орқали янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли даромадларини ошириш мақсадади, «Туркий давлатлар билан туризим соҳасидаги ҳамкорликни жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Президентининг қарори қабул қилинди.

2021 йилнинг 20 октябрь куни Озарбайжоннинг Шуша шаҳрида Туркий давлатлар ташкилоти мусулмон диний ташкилотлари раҳбарлари кенгашининг низоми имзоланди. Мазкур низом, туркий халқлар тинчлиги ва фаровонлигини мустаҳкамлаш, муштарак қадриятларни кенг ёйиш, ўзаро тажриба алмашиш ва турли соҳалардаги алоқаларни янада равнақ топширишга хизмат қилади.

Расмий маълумотларга кўра, 2020 йилда кенгашга аъзо давлатларнинг жами импорти 420 миллиард АҚШ долларига тенг бўлган. Улар ўртасидаги ўзаро маҳсулот етказиб бериш ҳажми эса 21 миллиард АҚШ долларини ташкил этгани алоҳида таъкидлаб ўтилган.

Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегиясининг 349-бандида йирик тадбирларда минтақавий ва халқаро масалалар бўйича Ўзбекистон позицияси ҳамда глобал ташаббусларини илгари суриш масаласи белгилаб қўйилган бўлиб, бу орқали Туркий давлатлар ташкилоти саммитида Ўзбекистон раислигини самарали ва фаол амалга оширишни ташкил этишни назарда тутмоқда.

Самарқандда ўтказилиши кутилаётган саммит давомида ҳам ҳамкорлик самарадорлигини ошириш ва қатор устувор йўналишлар бўйича кўп томонлама шерикликни мустаҳкамлашга қаратилган қатор ҳужжатлар қабул қилиш, савдо, иқтисодиёт, рақамли технологиялар, транспорт ва коммуникациялар, маданий-гуманитар алмашинув борасидаги алоқаларни янада кенгайтириш, жонли учрашув ҳамда мулоқотлар ташкил қилиш масалалари, яқин келажакда ўзининг истиқболли натижасини бериши кутилмоқда.

Нодиржон Мадаминов тайёрлади

Цирк томоша қилаётган папа, қумга кўмилиб олган киши, бўш қоғоз кўтариб, намойишга чиққан хитойликлар — 30 ноябрь суратлари
Мақолалар2:07 | 1.12.22
Цирк томоша қилаётган папа, қумга кўмилиб олган киши, бўш қоғоз кўтариб, намойишга чиққан хитойликлар — 30 ноябрь суратлари
Ўзбекистон ТИВ Афғонистондаги террорчилик акти юзасидан баёнот берди
Янгиликлар23:51 | 30.11.22
Ўзбекистон ТИВ Афғонистондаги террорчилик акти юзасидан баёнот берди
Сирдарёда «Жигули» ҳайдовчиси итни ўлдириб, калласини машинага ёпиштириб ҳаракатлангани айтилди
Янгиликлар23:08 | 30.11.22
Сирдарёда «Жигули» ҳайдовчиси итни ўлдириб, калласини машинага ёпиштириб ҳаракатлангани айтилди
Футбол бўйича 2030 йилги жаҳон чемпионати учта қитъада ўтказилиши мумкин
Спорт22:42 | 30.11.22
Футбол бўйича 2030 йилги жаҳон чемпионати учта қитъада ўтказилиши мумкин
Туркманистон пойтахтида «чиройли» рақамларни автомобиллардан олиб ташлаш буюрилди
Янгиликлар22:02 | 30.11.22
Туркманистон пойтахтида «чиройли» рақамларни автомобиллардан олиб ташлаш буюрилди
Ўзбекистонда ерларни аукционга чиқариш соддалаштирилади
Янгиликлар21:23 | 30.11.22
Ўзбекистонда ерларни аукционга чиқариш соддалаштирилади