Туркий давлатлар ташкилоти саммити меҳмонлари «Боқий шаҳар»га ташриф буюришди — видео
Туркий давлатлар раҳбарлари «Буюк ипак йўли» халқаро туризм марказидаги «Боқий шаҳар» мажмуасига ташриф буюрди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Туркий давлатлар ташкилоти саммити меҳмонлари Самарқанд сайёҳлик марказидаги «Боқий шаҳар» мажмуасида маданий тадбирни томоша қилишди. Бу ерда олий мартабали меҳмонларнинг ташрифи шарафига Ўзбекистон Президенти номидан қабул маросими ўтказилди.
Маълум қилинишича, мулоқотда Самарқанд туркий тамаддуннинг қадимий бешикларидан бири бўлгани, бугун халқаро форумлар марказига айланиб бораётгани ёдга олинди. Шунингдек, туркий миллатларнинг қадим маданияти, умумий анъана ва қадриятларини ўзида мужассам этган концерт дастури ҳам намойиш этилди.
Туркий давлатлар ташкилоти саммити доирасидаги асосий тадбирлар эртага, 11 ноябрь куни бўлиб ўтади.