Бугун оқшоми. Журналистни уйига «таклиф қилган» Озодбек Назарбеков, Шимолий Кипрни тан олмаган Ўзбекистон, портлатиб юборилган кўприк

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести

Сурхондарёда ўқитувчи 19 ёшли қизни зўрлагани айтилди

Сурхондарё вилояти Бойсун туманида ўқитувчи 19 ёшли қизни зўрлаб, унинг беҳаё видеосини тарқатиб юборгани айтилди.

Аниқланишича, Бойсун тумани «Деҳиболо» маҳалласида яшовчи фуқаро Н.Қ. туман ИИБга 10 октябрь куни ариза билан мурожаат қилиб, 19 ёшли қизи Ф.ни қўшниси Н.С. номусига тегиб, унинг яланғоч ҳолатини қўл телефонида видеога олиб, танишларига тарқатганини билдирган.

Суд тиббий экспертиза хулосасига кўра, Ф.нинг қизлик иффатини анатомик бутунлиги бузилмагани, унинг баданида оғирлик даражаси бўйича соғлиғининг бузилишига сабабчи бўлмаган «енгил» тан жароҳати экани кўрсатилган.

Ўзбекистонда овлаш тақиқланган тасқара отиб ўлдирилгани айтилди

Ўзбекистон тоғ қўриқхоналари ва миллий табиат боғларида муҳофаза остига олинган тасқара қуши отиб ўлдирилди.

Фото: Telegram / «Ekologuz»

Қайд этилишича, ушбу қуш CITECнинг II Иловасига, шунингдек, Ўзбекистон «Қизил китоб»ига ҳам киритилган.

«Бу ҳолат қачон ва қаерда бўлгани ҳақида тўлиқ маълумот йўқ. Аммо қилинган жиноят учун жавоб беришнинг эрта-кечи бўлмайди. Ўзбекистон Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси ҳамда Ички ишлар вазирлигидан шахсларнинг кимлигига ойдинлик киритиб ҳолат юзасидан расмий муносабат билдиришларини сўраймиз», — дейилади хабарда.

Кейинроқ Бош прокуратура бу бўйича текширув олиб борилаётганини маълум қилган.

Шавкат Мирзиёев ҳар йили Халқаро туркий иқтисодий форум ўтказишни таклиф қилди

Шавкат Мирзиёев 11 ноябрь куни Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар саммитида ҳар йили Халқаро туркий иқтисодий форум ўтказишни таклиф қилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Биз саммитга тайёргарлик кўриш жараёнида Ташкилотимиз фаолиятини чуқур таҳлил қилдик. Мамлакатларимиз ўртасидаги кўп томонлама муносабатларни ривожлан-тириш учун биргаликда салмоқли ишлар қилинганини эътироф этиш лозим. Шу билан бирга, ҳали катта салоҳият ва улкан имкониятларимиз тўлиқ ишга солинмаётгани ҳам, айни ҳақиқатдир. Аввало, ҳамкорлигимизнинг савдо-иқтисодий пойдеворини мустаҳкамлашимиз мақсадга мувофиқ», — дейди Шавкат Мирзиёев.

Шавкат Мирзиёев мамлакатлар ўзаро товар айланмаси умумий ташқи савдонинг атиги 4 фоизини ташкил этишини, унинг қолгани эса учинчи давлатлар улушига тўғри келаётганини, бу ҳолат ҳеч кимни қониқтирмаслигини қайд этиб ўтди. Давлатлар орасида айрим импорт божхона тарифлари юқори бўлиб қолаётганини билдирган.

«Бу стратегик йўналишда вазиятни тубдан ўзгартириш, савдо, инвестиция ва хизматларнинг эркин ҳаракатини таъминлаш учун, Ташкилотимиз доирасида янги иқтисодий имкониятлар ҳудудинини барпо этиш ташаббусини илгари сурамиз. Ана шу режамизга эришиш учун, ташкилотга аъзо ва кузатувчи мамлакатлар ҳамда дунё етакчи бизнес вакилларини кенг жалб қилган ҳолда, ҳар йили Халқаро туркий иқтисодий форумни ўтказишни таклиф этаман», — деган давлат раҳбари.

Унинг сўзларига кўра, форум доирасида давлат ва бизнес форматида қўшма тадбирлар, тадбиркорлар учрашувлари ва давра суҳбатлари, инновацион лойиҳалар тақдимотлари ва кўргазмаларни ўтказиш катта амалий натижа беради. Ушбу тадбирлар якунлари бўйича қўшма дастур ва лойиҳаларни биргаликда амалга оширишга қаратилган йиллик “Йўл хариталари”нинг қабул қилиниши муҳимлиги таъкидланган.

Ўзбекистонда дам олиш кунлари сони яна биттага кўпайди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тегишли фармони билан 11 ноябрь — Ўзбекистон касаба уюшмалари куни «Умумхалқ байрами» сифатида дам олиш куни деб эълон қилинди.

Фото: «Bugun.uz»

«Уйга келсангиз, қулоғингизга айтаман»

Озодбек Назарбеков ундан Украинадаги уруш ҳақида фикрини сўраган «Озодлик радиоси» журналистини уйига «таклиф қилди».

Журналист ундан шахсий фикри ҳақида сўраганда,

«Давлатим, сиёсатим қайси позицияда бўлса, мен ҳам вазир сифатида айнан ўша позицияни қўллаб-қувватлайман. Менинг шахсий фикримни сўрайдиган бўлсангиз, уйга келсангиз, қулоғингизга айтиб бераман», — дея жавоб берган маданият вазири Озодбек Назарбеков.

Ўзбекистонда қимор ва таваккалчиликка асосланган ўйинларни тарғиб қилганлик учун жавобгарлик кучайтирилади

Ўзбекистонда қимор ва таваккалчиликка асосланган ўйинларни ташкил этиш, ўтказиш ва тарғиб қилиш фаолияти учун жавобгарлик кучайтирилади.

Қайд этилишича, қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил этиш, ўтказиш ва тарғиб қилиш билан боғлиқ фаолият учун жавобгарликни кучайтиришни назарда тутувчи қонун лойиҳаси Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган.

Қонун билан қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил этиш, ўтказиш ҳамда уларда иштирок этиш билан боғлиқ ноқонуний фаолият учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик кучайтирилиши маълум қилинган.

Шунингдек, қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни тарғиб қилувчи маҳсулотни қонунга ҳилоф равишда тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш мақсадида тайёрлаш ёки Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш, уни реклама қилиш, намойиш этиш, тарқатиш, шу жумладан оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида реклама қилиш, намойиш этиш ҳамда тарқатиш учун жавобгарлик белгиланмоқда.

Ўзбекистон Шимолий Кипрни тан олмаслиги маълум қилинди

Ташқи ишлар вазири Владимир Норов Туркий давлатлар ташкилоти саммити якунларига бағишланган матбуот анжуманида Шимолий Кипрнинг Ташкилотга кузатувчи давлат сифатида қабул қилиниши ҳақида берилган саволларга жавоб берди.

Қайд этилишича, саммит натижаларига кўра Шимолий Кипр бўйича алоҳида қарор имзоланмаган. Шунингдек, Ўзбекистон халқаро ҳуқуқнинг умумеътироф этилган тамойил ва нормаларига, давлатларнинг суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилиш масалаларида қатъий амал қилаётгани таъкидланган.

«Шу муносабат билан Шимолий Кипрни мустақил давлат сифатида тан олиш ҳақида гап бўлиши мумкин эмас», — деган Ташқи ишлар вазири.

Кипр туркларининг Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлардаги қардош халқлар билан яқинроқ ҳамкорлик қилишдан манфаатдор эканлиги табиий жараён эканлиги айтилган.

Шу билан бирга, бу масалаларнинг барчаси фақат ташкилотнинг ҳуқуқий ҳужжатлари ва аъзо мамлакатлар қонунчилиги билан тартибга солиниши маълум қилинган.

Ўзбекистонда кучли ёғингарчилик кузатилиши ҳақида шошилинч ахборот берилди

Ўзбекистонда 13-16 ноябрь кунлари шамол тезлиги кучайиб, айрим жойларда кучли ёғингарчиликлар кузатилади.

Фото: «Bugun.uz»

Республика бўйича 2022 йилнинг 13-15 ноябрь кунлари шунингдек шимол ҳудудида, баъзи жойларда шамол 17-22 метр/секундгача, Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий, Жиззах вилоятларининг айрим жойларида 25-28 метр/секундгача кучайиши кутилмоқда.

14-16 ноябрь кунлари Тошкент, Қашқадарё, Наманган вилоятларининг тоғ олди ва тоғли ҳудудларида ёмғир ёғиб, қорга айланади, айрим жойларда кучли ёғингарчиликлар кузатилади. Шу билан бирга, тоғ олди ва тоғли ҳудудларда сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши мумкин.

Дунёда нима гап?

Херсондаги Антонов кўприги чекинаётган Россия қўшинлари томонидан портлатиб юборилди

Днепр дарёсининг Херсондан ўтган қисмида жойлашган Антонов кўприги Россия қўшинлари томонидан портлатилди.

Антонов кўприги уруш давомида бир неча бор ўққа тутилди. 27 июлга ўтар кечаси уюштирилган ҳужумдан кейин кўприк фойдаланишга яроқсиз деб топилган ва унга кириш ёпилганди.

Украина Telegram каналларининг маълум қилишича, чекинаётган Россия қўшинлари Антонов кўпригини портлатиб кетган бўлиши мумкин.

Бироқ ОАВ ҳамда Украина Қуролли кучлари маълумотларига кўра, Россия ҳарбийларининг бир қисми ҳамон Херсонда қолмоқда. Шу билан бирга, Россия ҳукумати томонидан Херсон вилояти раҳбари этиб тайинланган Сергей Елисеевнинг таъкидлашича, кўприкка ҳеч нарса қилмаган, кечаси у портлатилмаган.

Маълумот учун, Антонов кўпригининг узунлиги қарийб 1,4 километрга, эни эса 25 метрга тенг. У Херсонни Днепрнинг чап қирғоғи билан боғлайди.

БААда Лас-Вегасдагидан каттароқ биринчи казино қурилиши тасдиқланди

Бирлашган Араб Амирликлари мамлакатда биринчи казино очилишини тасдиқлади, у Рас ал-Хаймадаги Wynn Marjan курортининг бир қисмида жойлашади.

Қайд этилишича, амирлик ҳозирда Сингапур ва Америка қоидаларига асосланган қимор секторини тартибга солиш учун маҳаллий қонунчиликни яратмоқда. БААдаги қиморхона Лас-Вегасда фаолият кўрсатувчи казинодан икки баравар катта бўлади. Унинг майдони 18,5 минг квадрат метрни ташкил қилади ва 2026 йилда очилиши режалаштирилган.

Дубай ўз ҳудудида қимор ўйинларини ташкил этишга ҳозирча рухсат беришни режалаштирмаётгани ҳақида аввалроқ маҳаллий Туризм ва савдо маркетинг корпорацияси раҳбари Иссам Казим хабар берганди. Бу эълон Дубайда 2018 йилдан бери фаолият юритиб келаётган беш юлдузли Caesars Palace курортида казинолар очилиши мумкинлиги ҳақидаги миш-мишлар фонида пайдо бўлган.

Бугуннинг асосий воқеликлари шулардан иборат эди.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.

Тошкентда Craft Fair Uzbekistan халқаро ҳунармандчилик маҳсулотлари ярмаркаси бошланди
Медиа, Янгиликлар15:59 | 30.11.22
Тошкентда Craft Fair Uzbekistan халқаро ҳунармандчилик маҳсулотлари ярмаркаси бошланди
Акмал Бурҳонов коррупционерларни суваракларга қиёслади
Янгиликлар15:11 | 30.11.22
Акмал Бурҳонов коррупционерларни суваракларга қиёслади
Тошкентда ИИБ ходимини ўлдиришда гумонланган эркак қўлга олинди
Янгиликлар14:47 | 30.11.22
Тошкентда ИИБ ходимини ўлдиришда гумонланган эркак қўлга олинди
«Биз жуда катта хато қилдик». Нукус воқеалари бўйича айбланаётган Лолагул Каллиханова ўз айбига тўлиқ иқрорлигини айтди
Янгиликлар14:33 | 30.11.22
«Биз жуда катта хато қилдик». Нукус воқеалари бўйича айбланаётган Лолагул Каллиханова ўз айбига тўлиқ иқрорлигини айтди
Шавкат Мирзиёев Россия президенти билан телефон орқали мулоқот қилди
Янгиликлар14:22 | 30.11.22
Шавкат Мирзиёев Россия президенти билан телефон орқали мулоқот қилди
«Спартак» собиқ футболчиси Амстердам аэропортида 115 кг кокаин билан қўлга тушди
Янгиликлар14:02 | 30.11.22
«Спартак» собиқ футболчиси Амстердам аэропортида 115 кг кокаин билан қўлга тушди