Шавкат Мирзиёев Туркий дунё ёшларининг илмий конгрессини ўтказишни таклиф қилди
Бунда инновация ва таълим вазирлари, ОТМ раҳбарлари ва иқтидорли талабаларнинг кенг қамровли учрашувлари ўтказилади
Шавкат Мирзиёев Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар раҳбарлари саммитида Ўзбекистонда Туркий дунё ёшларининг илм ва инновациялар халқаро конгрессини ўтказишни таклиф қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, конгресс доирасида инновация ва таълим вазирлари, олийгоҳлар ректорлари ва ёш етакчилар, иқтидорли ўғил-қизлар ҳамда Ташкилот оқсоқолларининг кенг қамровли учрашувларини ташкил этиш кўзланган.
«Келгуси йили юртимизда туркий дунё ёшларининг илм ва инновациялар халқаро конгрессини ўтказишни таклиф этаман», – деган Шавкат Мирзиёев.
Ўзбекистон таклифи билан 2022 йил Туркий давлатлар ташкилоти доирасида «Ёшлар ташаббус-ларини қўллаб-қувватлаш йили», деб эълон қилинганди.
Унинг доирасида Бухоро шаҳри – Туркий дунё ёшлар пойтахти мақомига эга бўлган. Ёш авлодни ҳар томонлама рағбатлантириш, уларнинг истеъдод ва қобилиятларини рўёбга чиқариш мақсадида бошлаган хайрли ишларни изчил давом эттириш мақсадида юқорида келтирилган таклиф киритилган.
«Бу ишларимизга тизимли тус бериш ва натижадорликни таъминлаш мақсадида Ташкилот Бош котибининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари лавозимини жорий этиш айни муддао бўлар эди», — деган Президент.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев ҳар йили Халқаро туркий иқтисодий форум ўтказишни таклиф қилгани ҳақида хабар берилганди.