Бугун оқшоми. Хотини ва ўғлини ёқиб юборган эркак, 14 ёшли боланинг ўлими сабаб ишдан олинган ИИО ходимлари, кўкрак нишони олган ҳоким

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести

Жиззахда 22 ёшли эркак хотини ва вояга етмаган ўғлини ўлдириб, ёқиб юборди

Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманидаги Кўкгумбаз маҳалласи, Заргар қишлоғи ҳудудида ёқиб юборилган аёл ва боланинг жасадлари топилди.

Кадр: Telegram

Қайд этилишича, фуқаролардан бири 102 рақами орқали М-39 Олмаота—Тошкент—Термиз халқаро автомобиль йўлининг Ғаллаорол туманидан ўтган қисмида, йўл ёқасидаги қирликда аёл ва вояга етмаган боланинг куйган жасадларини кўргани ҳақида хабар берган.

Дастлабки суриштирув давомида жасад Бухоро вилояти Шофиркон туманида «Искагоре» ҚФЙда яшовчи, 29 ёшли аёлга тегишли экани аниқланган. Суд-тиббий экспертизада аёл ва бола юқори нафас йўлларининг беркилиб қолишидан вафот этгани, қотил уларни бўғиб ўлдиргани маълум бўлган.

Таъкидланишича, суриштирув давомида аёл билан бирга яшаб келган, Бухоро вилояти Ғиждувон тумани «Сармижол» ҚФЙда истиқомат қилувчи 22 ёшли йигит гумонланувчи сифатида қўлга олинган. Дастлабки тергов давомида йигит ўз жиноятини тан олган.

Маълум бўлишича, йигит аёл билан бундан 5 йил аввал танишган. Бошида ёшларнинг муносабатига ҳар иккисининг ҳам оила аъзолари қаршилик билдирган. Шунга қарамай, улар муносабатларини давом эттириб, шаръий никоҳ билан яшай бошлаган. Улар 2017 йилда фарзандли бўлган. Эр-хотин ўртасида тез-тез жанжал ҳолатлари кузатилган.

2022 йил кузда аёл ҳомиладор бўлиб қолганини маълум қилади. Йигит у пайтда пойтахтга қурилиш учун кетган. Йигит уни ва ўғлини Тошкентга чақириб олиб, Зангиота тумани Олимполвон маҳалласидаги ижара уйга жойлаштирган. Аёлнинг қўлида ортиқча пул борлигини кўрган йигит уни хиёнатда айблаган. Уч кундан сўнг улар Бухорога қайтиш учун йўлга чиққан ва соат 17:00 лар атрофида қотиллик рўй берган жойда, яъни Ғаллаорол туманида таксидан тушиб қолган.

Ўша ерда эр-хотин ўртасида яна жанжал юзага келган. Йигит хотинига бир нечта шапалоқ туширгач, аёл уни тош билан урган. Шундан сўнг йигит хотинини панага олиб ўтиб, уни аввал қўли билан, кейин эса феннинг кабели билан бўғиб ўлдирган. Жиноятга гувоҳ бўлган болани йигит олиб кетмоқчи бўлган. Аммо у онаси билан қолишини айтган. Йигит жиноятига гувоҳ қолишини истамай, ўғлини сумка тасмаси билан бўғиб ўлдирган.

«Икки инсоннинг бошини еган қотил жиноятини яшириш учун марҳумларнинг кийимларини уларнинг устига ташлаб ёқиб юборади ва воқеа жойидан йўловчи автоулов орқали Бухоро томонга йўл олади», — дейилади хабарда.

Таъкидланишича, ҳодиса юзасидан жиноят иши қўзғатилган, айни пайтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистондан Россияга вино экспортини 4,5 баробарга оширди

Қайд этилишича, 2022 йилнинг ўтган 9 ойи давомида россиялик дистрибюторлар Ўзбекистондан арзон винолар импортини кўпайтирган. Шу даврда деярли 847 минг литр газсиз ва мустаҳкамланган винолар импорт қилинган.

Бу 2021 йилга нисбатан 4,5 баравар кўп, дейилган хабарда. Шунингдек, шаробнинг катта қисми ( 515 минг литрдан ортиқ) июлдан центябргача импорт қилинган.

Бир неча алкоголь брендларига эгалик қилувчи вино ва коньяк трести (ВКТ) компанияси, уларнинг бир қисми Арманистондан етказиб берувчи Ереван бренди уйига тегишли бўлиб, Ўзбекистондан вино импорти бўйича етакчига айланган.

Шу билан бирга, ВКТ «Тошкентвино» заводининг вино ва коньяклари учун мувофиқлик декларациясини олди. Россия дўконларида 0,75 литр ҳажмдаги «Тошкентвино» маҳсулотларининг ўртача нархи 250 дан 300 рублгача баҳоланган.

«Пятерочка» ва «Перекресток» тармоқларига эгалик қилувчи Х5 Group январдан центябргача Россияга алкоголь маҳсулотларини бошқа импорт қилувчилар орасида етакчига айланган. Шароб импорти йилига 31 фоизга ўсиб, 21,6 миллион литрни, барча алкоголли ичимликлар — 24 миллион литргача ўсган.

Х5 Group импорт ассортименти ва географияси, жумладан, Арманистон, Озарбайжон, Грузия ва Туркиядан кенгайганини эълон қилган. Қолаверса, ўз бренди остида четдан олиб келинаётган товарлар тури кўпайган.

Иккинчи ўринда вино импортини 13 фоизга ошириб, 20,3 миллион литр импорт қилган алкоголь компанияси Luding Group жой олди. Баcарди структураси 15,5 миллион литр импорт қилган (38 фоиз). Россияда кучли алкоголь импорти 35 фоизга камайган.

Беҳзод Мусаев Самарқанд ҳокимига Соғлиқни сақлаш аълочиси кўкрак нишонини топширди

Ноябрь ойининг иккинчи якшанбаси — тиббиёт ходимлари куни муносабати билан соҳа ривожига қўшган ҳиссаси учун Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов «Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш аълочиси» билан тақдирланди. Кўкрак нишонини соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаев топширди.

Фото: ССВ матбуот хизмати

Тошкент вилоятида 30 ёшли эркак рашк сабаб хотинини пичоқлаб ўлдирди

Тошкент вилоятида хорижда ишлаб қайтган эркак ухлаб ётган хотинининг телефонини очиб, Telegram’даги «Рохилаопа» номли аккаунт эгаси билан ишқий ёзишмалар олиб борганини сезиб қолган. Шундан сўнг ошхона пичоғини олиб чиқиб, болалари билан ухлаб ётган хотинини пичоқлаб ўлдирган. Унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, суд қарорига кўра 17 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Фото: «Bugun.uz»

Фарғонада 14 ёшли боланинг ўлими ортидан икки нафар ИИО ходими ишдан бўшатилди

Қўқон шаҳридаги ИИБ Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказида 14 ёшли йигит вафот этгани иши доирасида икки нафар ички ишлар ходими ишдан бўшатилди.

Фото: «Bugun.uz»

Воқеа содир бўлган кунда навбатчилик қилган икки нафар ИИО ходими тарбияланувчиларни назоратсиз қолдириб, жанжални олдини олмагани учун ИИО сафидан бўшатилиб, ходимларга нисбатан тўпланган ҳужжатлар қонуний чора кўришлик учун вилоят прокуратурасига тақдим қилинган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан Ички ишлар вазирлиги томонидан хизмат текшируви олиб борилмоқда.

Хива шаҳри ҳокими жаримага тортилди

Хоразм вилояти ҳокими Фарҳод Эрмановнинг тегишли қарори билан, иш фаолияти давомида ўз вазифасига масъулиятсизлиги ва ўзига юклатилган вазифаларни бажаришдаги камчиликлари учун Хива шаҳар ҳокими Давлетов Темур Исмоиловичга нисбатан Меҳнат кодексининг 181-моддаси 2-бандига асосан, ўртача ойлик иш ҳақининг 20 фоизи миқдорида жарима интизомий жазо чораси қўлланилиши белгиланди.

Фото: Telegram

Дунёда нима гап?

Қозоғистонда қизлари хорижга турмушга чиқадиган ота-оналарни катта миқдорда солиққа тортиш таклиф қилинди

Қозоғистон президентлигига номзод Каракат Абден теледебатлар чоғида хорижликларга турмушга чиқадиган қозоғистонлик қизларнинг ота-онасини солиққа тортиш кераклигини айтди.

Фото: «Kazpravda.kz»

Маълум қилинишича, чимкентлик фуқаро президентликка номзод Каракат Абденнинг хорижликларга турмушга чиққан қозоқ қизлари ҳақидаги фикрини сўраган.

Бунга жавобан у бу масаланинг муҳимлигини таъкидлаган.

«Бу жуда муҳим савол. Менга бу саволни яқинда Қизилўрдада беришди. Шунинг учун, мен жавоб бераман — бундай вазиятда ёшлар ҳис-туйғуларнинг чақириғига эргашадилар, мен «бахтли бўлинг» демоқчиман, лекин охирги вақтда бундай қадамни ташлаётган ёшлар сони ўсиб бормоқда», — дейди Каракат Абден.

«Турли ҳисоб-китобларга кўра — улар чет элдаги ҳаётга ҳавас қилишади, лекин биз анъанани сақлаш нуқтаи назаридан қарашимиз керак. Қизларимиз бизнинг бойлигимиз, уларни чет элга қандай берамиз?! Хорижга турмушга чиқмоқчи бўлганларга оғир солиқ солишни таклиф қиламан», — дейди президентликка номзод.

Бугуннинг асосий воқеликлари шулардан иборат эди.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.

Цирк томоша қилаётган папа, қумга кўмилиб олган киши, бўш қоғоз кўтариб, намойишга чиққан хитойликлар — 30 ноябрь суратлари
Мақолалар2:07 | 1.12.22
Цирк томоша қилаётган папа, қумга кўмилиб олган киши, бўш қоғоз кўтариб, намойишга чиққан хитойликлар — 30 ноябрь суратлари
Ўзбекистон ТИВ Афғонистондаги террорчилик акти юзасидан баёнот берди
Янгиликлар23:51 | 30.11.22
Ўзбекистон ТИВ Афғонистондаги террорчилик акти юзасидан баёнот берди
Сирдарёда «Жигули» ҳайдовчиси итни ўлдириб, калласини машинага ёпиштириб ҳаракатлангани айтилди
Янгиликлар23:08 | 30.11.22
Сирдарёда «Жигули» ҳайдовчиси итни ўлдириб, калласини машинага ёпиштириб ҳаракатлангани айтилди
Футбол бўйича 2030 йилги жаҳон чемпионати учта қитъада ўтказилиши мумкин
Спорт22:42 | 30.11.22
Футбол бўйича 2030 йилги жаҳон чемпионати учта қитъада ўтказилиши мумкин
Туркманистон пойтахтида «чиройли» рақамларни автомобиллардан олиб ташлаш буюрилди
Янгиликлар22:02 | 30.11.22
Туркманистон пойтахтида «чиройли» рақамларни автомобиллардан олиб ташлаш буюрилди
Ўзбекистонда ерларни аукционга чиқариш соддалаштирилади
Янгиликлар21:23 | 30.11.22
Ўзбекистонда ерларни аукционга чиқариш соддалаштирилади