Тошкент вилоятида 17 ёшли йигит ўзганинг машинасида пиёдани уриб юборди
Бўка туманида вояга етмаган йигит ўзганинг автомобилини бошқариб кетаётиб, пиёдани уриб юборди. Бу ҳақда Тошкент вилоят судлари «Bugun.uz»га маълум қилди.
Қайд этилишича, 26 июнь куни соат 20:30 ларда туманнинг «Кўкорол» МФЙ ҳудудидан ўтган автомобиль йўлининг 56-километрида фуқаро Ш.Р. номидаги Nexia’да Н.Н. исмли пиёдани уриб юборган. Жабрланувчи ҳодиса жойида вафот этган.
Аниқланишича, Nexia автомобилини бошқариш вақтида ҳайдовчининг соғлиғи ёмонлашган. Унинг ёнида йўловчи сифатида кетаётган вояга етмаган 17 ёшли Б.Ю. автомобиль бошқаришни билишини ва ҳаракатни давом эттиришга ёрдам бериши мумкинлиги айтган. Йўл-транспорт ҳодисаси ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмаган йигит автомобилни бошқариб кетаётганида содир бўлган.
1 ноябрь куни Тошкент вилояти жиноят ишлари бўйича Бўка туман суди кўриб чиқилган ишда Б.Ю.га нисбатан жазо тайинлашда судланувчини айбига тўлиқ иқрорлигини, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, оилавий ва моддий шароити, вояга етмагани, муқаддам судланмагани жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар деб баҳоланган. У Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми билан айбдор деб топилган ва БҲМнинг 10 баробари (3 миллион сўм) миқдорида жаримага тортилган.