Ҳафталик дайжест. ТИВга чақирилган элчи, ИИВда вафот этган 14 ёшли бола, Херсондан чекинган россияликлар

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг сўнгги етти кунликдаги энг муҳим ва сара хабарлари жой олган ҳафталик дайжести.

Якунига етган ҳафтада ўзбекистонликлар ҳаётида нималар содир бўлди?

Тошкентда олти ёшли қизчага тегажоғлик қилган эркакка нисбатан жиноят иши қўзғатилди

7 ноябрь — Тошкент шаҳридаги кўп қаватли уйлардан бирида номаълум эркак 6 ёшли қизчага нисбатан номақбул ҳаракатлар содир этгани маълум қилинди. Қайд этилишича, эркак дугонаси билан ўйнаб юрган қизни мушукча беришини айтиб, алдаб, чақириб олган ҳамда биринчи ва иккинчи қават ўртасидаги зинада уни ечинтириб лабларидан ўпа бошлаган. Қиз бақирмаслиги учун оғзини қўли билан беркитиб, шаҳвоний ҳирсини қондиришда давом этаётган вақтда хонадонлардан бирининг эшиги очилганини сезиб қолиб, қизни кийинтириб, 10 гача санаб, сўнг кўчага чиқишини тайинлаган.

Қизча бегона эркакнинг унга нисбатан қилган ҳаракатларини онасига айтиб берганидан сўнг ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига мурожаат қилинган ва гумондор эркак икки кунда кузатув камералари орқали топилган. Унга нисбатан 129-моддаси 1-қисми (16 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан номувофиқ ҳаракатлар қилиш) ва 119-моддаси 4-қисми (жинсий эҳтиёжларни ғайритабиий шаклда мажбуран қондириш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Президент спортчиларга бериладиган янги имтиёзлар ҳақидаги қарорни имзолади

Ўзбекистонда халқаро рейтинги юқори спортчилар жисмоний тарбия йўналишидаги ОТМ ва филиалларнинг ижодий имтиҳонидан озод қилинади. Президентнинг тегишли қарорига кўра, 2023/2024 ўқув йилидан қуйидагилар касбий (ижодий) кириш имтиҳонларини топширишдан озод қилинади ва уларга максимал балл берилади:

  • Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спортчи фахрий унвонига эга спортчилар;
    Халқаро тоифадаги Ўзбекистон спорт устаси ёки халқаро гроссмейстер спорт унвонига эга спортчилар;
  • Ўзбекистон спорт устаси ёки Ўзбекистон гроссмейстери спорт унвонига эга спортчилар;
  • Олимпия ва Паралимпия, Осиё ва Параосиё ўйинлари дастурига киритилган спорт турлари бўйича республика чемпионатларида охирги бир йилда ғолиб (1-ўрин) бўлган спортчилар.

Жисмоний тарбия ва спорт йўналишларида 2023 йил 1 январдан Паҳлавон Маҳмуд номли давлат стипендияси жорий қилинади.

Шунингдек, 2023 йил 1 январдан «Жисмоний тарбия ва спорт машғулотлари назарияси ва методикаси» ихтисослиги бўйича педагогика фанлари доктори (DSc) илмий даражасини берувчи Илмий кенгаш ташкил қилинади.

Фарғона ИИБ билан боғлиқ уч ҳолат

1. Фарғонада ўғирлик қилгани учун вилоят ИИБга олиб кетилган 14 ёшли бола вафот этди.

Маълум қилинишича, Фарғона вилояти Учкўприк туманида 2007 йилда туғилган бола 2022 йилнинг 16 ноябрида Бувайда туманида савдо мажмуасида ўғирлик қилгани учун Қўқон шаҳридаги ИИБ ЖХХ ҲПБ ВEИҲЁКМга жойлаштирилган. Эртаси куни эса соғлиғи ёмонлашгани оқибатида ҳушидан кетган ва шифохонага олиб кетилаётганда, йўлда вафот этган.

Суд-тиббий экспертизаси хулосасида унинг ўлимига бош мия калла ёпиқ шикасти, мия қаттиқ парда остига қон қуйилиши, бош мия моддасининг лат ейиши сабаб бўлганлиги кўрсатилган.

Тергов ҳаракатлари давомида, жиноятга бевосита алоқадор икки нафар шахсга нисбатан айблов эълон қилиниб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.

Шунингдек, ҳолат юзасидан ИИБ ЖХХ ҲПБ ВEИҲЁКМ ходимларига нисбатан хизмат текшируви тайинланган.

Ҳолат юзасидан Бош прокуратура муносабат билдириб, 14 ёшли боланинг ўлими билан боғлиқ тергов иши назоратда эканини билдирди. Фарғонадаги воқеа бўйича болалар омбудсмани ҳам ўрганиш олиб борди.

Кейинроқ маълум бўлишича, боланинг ўлимига сабаб бўлган жароҳатлар Қўқон шаҳридаги Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази ётоқхонасида икки нафар вояга етмаган тарбияланувчи томонидан калтакланиши оқибатида келиб чиққан. Қўқон шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 104-моддаси (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 3-қисми «д» банди билан жиноят иши қўзғатилган ҳамда юқоридаги 2 нафар вояга етмаган тарбияланувчилар қамоққа олинган.

Воқеа содир бўлган кунда навбатчилик қилган икки нафар ИИО ходими тарбияланувчиларни назоратсиз қолдириб, жанжалнинг олдини олмагани учун ИИО сафидан бўшатилиб, ходимларга нисбатан тўпланган ҳужжатлар қонуний чора кўришлик учун вилоят прокуратурасига тақдим қилинган.

Шундан сўнг, марказ директори ҳам вазифасидан озод қилинган, хизмат фаолиятида йўл қўйган камчиликлари учун уч нафар ходимга ҳайфсан интизомий жазоси тайинланган. Тўрт нафар ходимнинг эса лавозимига лойиқ ёки нолойиқлигини аниқлаш мақсадида навбатдан ташқари аттестациядан ўтказилиши белгиланган.

2. ИИБ ходимлари маст фуқарони «дубинка» билан калтаклади

Маълум қилинишича, 2022 йилнинг 4 ноябрь куни Қува тумани ИИБ профилактика инспектори М.Т ва С.Ж. лар «Пастки Хўжа Ҳасан» МФЙ ҳудудида фуқаро О.Й маст ҳолатда жамоат тартибини бузаётганлигини кўриб, шахсига ойдинлик киритиш ва мастлик ҳолатини аниқлаш учун тиббий текширувга боришни таклиф қилганда фуқаро О.Й уларга бўйсунмай, фаол қаршилик кўрсатган.

Ходимлар «Ички ишлар тўғрисида»ги Қонуннинг 23-моддаси ҳамда Ички ишлар вазирининг «Ички ишлар органлари ходимлари томонидан жисмоний куч ишлатиш, махсус воситаларни ва ўқ отар қуролни қўллаш тартиби тўғрисидаги йўриқномани тасдиқлаш ҳақида» ги 55-сонли буйруғи талабларидан келиб чиқиб, ҳуқуқбузарлик ҳолатини бартараф этиш учун О.Й. га нисбатан махсус восита–резина таёқдан фойдаланишган.

Мазкур ҳолат шу куни тегишли тартибда рўйхатга олиниб, О.Й. нинг хатти-ҳаракатлари юзасидан маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183, 194-моддаларига асосан ҳужжатлар расмийлаштирилган.

Фуқаро О.Й билан суҳбатлашилганда ҳақиқатдан ҳам ўша куни ўта маст ҳолатда бўлгани, ходимларга нисбатан қилган хатти- ҳаракатларидан афсусда эканлигини билдирган.

«Шунингдек, видеотасвирдаги ИИО ходимларининг хатти-ҳаракатлари юзасидан хизмат текшируви тайинланган бўлиб, якунига кўра ҳуқуқий баҳо берилади», дейилади бошқарма хабарида.

Фарғонадаги қамоқхонада маҳбус вафот этди

Фарғона вилояти Қўқон шаҳридаги қамохонада сақланаётган маҳбус юрак ҳуружидан вафот этди. Маълум қилинишича, Жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар судининг 2022 йил 1 июндаги ҳукми билан озодликни чеклаш жазоси тайинланган ва пробация ҳисобига олинган маҳкум Р.Н. ўрнатилган чекловларни бузиб, белгиланган ҳудудни тарк этганлиги аниқланиб, кўрилган чоралар натижасида 2022 йил 6 ноябрь куни Тошкент шаҳрида ушланган. Шу куни Қўқон шаҳар ИИБ Вақтинча сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилган.

Шунингдек, 2022 йилнинг 8 ноябрь куни соат 02:56 ларда маҳкум Н.Р. ўзини ёмон ҳис қилганлиги учун у билан бирга сақланаётган С.Ю. назоратчи ходимларни ёрдамга чақирган. Ҳибсхона ходимлари муассасага ўрнатилган кузатув камераси орқали ҳолатни кўриб, зудлик билан тез-тиббий ёрдамга мурожаат қилишган. Муассасага етиб келган тиббиёт ходимлари соат 03:16 да маҳкумнинг ўлимини қайд этган.

Қўқон туманлараро суд-тиббий экспертиза бўлимининг 2022 йил 8 ноябрь кунидаги дастлабки ташхисига кўра, марҳум Р.Н.нинг ўлимига юракни сурункали ишемик касаллиги, юрак тож қон-томирларининг ўткир етишмовчилиги сабаб бўлган. Марҳумнинг баданида тан жароҳатлари аниқланмаган.

Наманганда эркак хотинини ўйнаши билан ушлаб олди

Наманган вилояти Янгиқўрғон туманида эркак хотини ва ўйнашини ушлаб олиб, қариндош ва маҳалладошлари билан тасвирга олиб, ижтимоий тармоқда тарқатди.

Қайд этилишича, Янгиқўрғон туманида яшовчи фуқаро 19 сентябрь куни соат 23:00 ларда хонадонида турмуш ўртоғи бегона эркак билан ишқий муносабатда бўлаётган вақтда уларни ушлаб олган.

Шунингдек, 10 нафар қариндош ва маҳалладоши билан аёлининг ёнига келган эркакни арқон билан боғлаб, ҳолатни тасвирга олиб, ҳеч бир розиликсиз қонунга хилоф равишда ижтимоий тармоқлар орқали тарқатган.

Воқеада иштирок этган барча, хусусан жараённи тасвирга олган ва интернетга жойлаганлар ҳам Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг турли моддаларига кўра айбланиб, уларга нисбатан турли миқдордаги жарима жазолари тайинланган.

Шавкат Мирзиёевга мурожаат йўллаган талабалар

Ортда қолган ҳафта Россияда таҳсил олувчи ўзбекистонлик талабаларнинг ҳудуддаги нотинч вазият сабаб ўқишни кўчиришни сўраб, Шавкат Мирзиёевга мурожаат йўллагани билан ҳам эсда қолди. Хусусан,

8 ноябрь — Қримдаги талабалар

Маълум қилинишича, мурожаат йўллаган талабалар В.И.Вернадский номидаги Қрим федерал университетининг учинчи босқичида ўқийди. Тиббиёт факультети талабалари ва уларнинг яқинлари ҳудуддаги хавфсизлик масаласидан хавотир олиб, уларни Ўзбекистондаги университетларга ўтказишда ёрдам сўраган.

11 ноябрь — Псковдаги талабалар

Қозон шаҳрида тиббиёт соҳасида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар ўқишни Ўзбекистонга кўчиришни сўраб Президентга мурожаат йўллади.

Маълум қилинишича, мурожаат йўллаган талабалар Қозон давлат тиббиёт университетида тўртинчи босқичда ўқийди. Талабалар ва уларнинг яқинлари ҳудуддаги хавфсизлик масаласидан хавотир олиб, уларни Ўзбекистондаги университетларга ўтказишда ёрдам сўраган.

13 ноябрь — Қозондаги талабалар

Россиянинг Псков давлат университети ўзбекистонлик талабалари ўқишни Ўзбекистонга кўчиришни сўраб Президентга мурожаат йўллади.

«Биз Псков давлат университетининг талабаларимиз. Айни дамда биз таълим олаётган Россия ҳудудида уруш оқибатида нотинч вазият ҳукм сурмоқда. Ҳозирги кунда Псков шаҳрига ҳам бу ҳолат ўз таъсирини ўтказмоқда. Шаҳарда огоҳлантирувчи ҳаво сиреналари чалинмоқда. Кундан кунга жиддийлашиб бораётган беқарор ҳолат бизни ва ота-оналаримизни хавотирга солмоқда. Сизга мурожаат қилар эканмиз, хавфсизлигимизни таъминлаб, юқори савияда билим олишимизга ёрдам берсангиз», дейилади мурожаатда.

Тошкентда тўрт марта судланган эркак 400 минг сўм қарз учун таниши ва унинг онасини ўлдириб, уйини ёқиб юборди

9 ноябрь — Тошкент шаҳар Яшнобод туманида 1 апрель куни 400 минг сўм қарзи учун таниши ва унинг онасини ўлдириб, уйини ёқиб юборган эркакнинг иши апелляция судида қайта кўриб чиқилди.

Қайд этилишича, 2022 йилнинг 1 апрель куни 55 ёшли фуқаро ўзининг 46 ёшли танишидан 400 минг сўм қарзини сўраш мақсадида унинг уйига борган. Улар биргаликда спиртли ичимлик ичган (судланувчи ўзи наркотик модда ҳам қабул қилганини таъкидлаган).

Кейинчалик уларнинг ўртасида келишмовчилик юзага келган ва жанжал келиб чиққан. Жанжал овозидан қўшни хонада ухлаётган аёл (жабрланувчининг онаси) уйғониб кетган ҳамда ажратиш учун аралашган.

Шунингдек, суланувчи воқеа жойида бўлган болтани қўлига олган ва унинг орқа қисми билан аёлнинг бўйин қисмига бир маротаба уриб, уни жароҳатлаган. Спиртли ичимлик таъсирида бўлган танишини эса электр сими орқали, унинг ҳушсиз ётган онасини қўллари билан бўғиб ўлдирган ва хонадонни ёқиб юборган.

Суд ҳукмига кўра, унга берилган 22 йиллик қамоқ жазоси ўзгаришсиз қолдирилган.

Ўзбекистон Европа Иттифоқидан Алишер Усмоновга қарши санкцияларни бекор қилишни сўраётгани айтилди

Financial Times’га кўра, Ўзбекистон Европа Иттифоқи вакиллари билан музокараларда миллиардер Алишер Усмоновга нисбатан жорий қилинган санкцияларнинг бекор қилинишини сўраган.

Манбага кўра, санкциялар тадбиркорнинг Ўзбекистонга инвестиция киритишига халақит қилмоқда. Шунингдек, ҳукумат тадбиркорга юридик ёрдам кўрсатишга тайёрлиги маълум қилинган.

Шавкат Мирзиёев Олимпия шаҳарчаси қурилишига тамал тоши қўйди

Шавкат Мирзиёев 9 ноябрь куни Тошкентда қурилиши режалаштирилган олимпия шаҳарчасига тамал тоши қўйди. Маълум қилинишича, лойиҳанинг қиймати 289 миллион доллардан зиёд. Шаҳарча майдони 100 гектар. Бу ерда 10 минг ўринли енгил атлетика ва футбол стадиони, 6 та ёпиқ ва 7 та очиқ спорт иншоотлари, сув спорти саройи, велотрек, яккакураш, жамоавий спорт мажмуалари барпо этилади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Украина элчиси Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига чақирилди

10 ноябрь —
Аввалроқ Украина Мудофаа вазирлиги расмий вакили Ўзбекистонни Россиянинг санкцияларни четлаб ўтишига ёрдам бераётганини айтганди. Бунинг ортидан мамлакатнинг Ўзбекистондаги элчиси Николай Дорошенко Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига чақирилди. Элчига ушбу асоссиз баёнот муносабати билан хавотир билдирилди.Шу билан бирга, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Украина томонининг расмий сўровлари келиб тушган тақдирда, уларни қизиқтирган масалаларни ўрганиш ва холис маълумот беришга тайёрлиги қайд этилди.Ўз навбатида, Дорошенко Ўзбекистон томонининг хавотирлари ва учрашув натижаларини Украина Ташқи ишлар вазирлиги раҳбариятига зудлик билан етказишини билдирди.Шавкат Мирзиёев Ражаб Тоййиб Эрдўғонни «Олий даражадаги Имом Бухорий» ордени билан мукофотлади

Ўзбекистон Президентининг фармони билан Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон «Олий даражали Имом Бухорий» ордени билан мукофотланди. Олий даражадаги меҳмонга мукофотни давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев топширди.

«Ҳурматли президент, азиз меҳмонлар, сизларни азиз туйғуларим ила саломлайман. Фиқҳ илмини эгаллаган киши номидаги орденни менга берилишини юксак қадрлайман. Ушбу орден мамлакатларимиз ўртасидаги азалий ва абадий ҳамкорликнинг натижаси деб биламан», — дейди Ражаб Тоййиб Эрдўғон.

Сурхондарёда ўқитувчи 19 ёшли қизни зўрлагани айтилди

11 ноябрь — Сурхондарё вилояти Бойсун туманида ўқитувчи 19 ёшли қизни зўрлаб, унинг беҳаё видеосини тарқатиб юборгани айтилди.

Аниқланишича, Бойсун тумани «Деҳиболо» маҳалласида яшовчи фуқаро Н.Қ. туман ИИБга 10 октябрь куни ариза билан мурожаат қилиб, 19 ёшли қизи Ф.ни қўшниси Н.С. номусига тегиб, унинг яланғоч ҳолатини қўл телефонида видеога олиб, танишларига тарқатганини билдирган.

Суд тиббий экспертиза хулосасига кўра, Ф.нинг қизлик иффатини анатомик бутунлиги бузилмагани, унинг баданида оғирлик даражаси бўйича соғлиғининг бузилишига сабабчи бўлмаган «енгил» тан жароҳати экани кўрсатилган.

Ўзбекистонда дам олиш кунлари сони яна биттага кўпайди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тегишли фармони билан 11 ноябрь — Ўзбекистон касаба уюшмалари куни «Умумхалқ байрами» сифатида дам олиш куни деб эълон қилинди.

«Уйга келсангиз, қулоғингизга айтаман»

Озодбек Назарбеков ундан Украинадаги уруш ҳақида фикрини сўраган «Озодлик радиоси» журналистини уйига «таклиф қилди».

Журналист ундан шахсий фикри ҳақида сўраганда,

«Давлатим, сиёсатим қайси позицияда бўлса, мен ҳам вазир сифатида айнан ўша позицияни қўллаб-қувватлайман. Менинг шахсий фикримни сўрайдиган бўлсангиз, уйга келсангиз, қулоғингизга айтиб бераман», — дея жавоб берган маданият вазири Озодбек Назарбеков.

Жиззахда 22 ёшли эркак хотини ва вояга етмаган ўғлини ўлдириб, ёқиб юборди

12 ноябрь — Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманидаги Кўкгумбаз маҳалласи, Заргар қишлоғи ҳудудида ёқиб юборилган аёл ва боланинг жасадлари топилди.

Қайд этилишича, фуқаролардан бири 102 рақами орқали М-39 Олмаота—Тошкент—Термиз халқаро автомобиль йўлининг Ғаллаорол туманидан ўтган қисмида, йўл ёқасидаги қирликда аёл ва вояга етмаган боланинг куйган жасадларини кўргани ҳақида хабар берган.

Дастлабки суриштирув давомида жасад Бухоро вилояти Шофиркон туманида «Искагоре» ҚФЙда яшовчи, 29 ёшли аёлга тегишли экани аниқланган. Суд-тиббий экспертизада аёл ва бола юқори нафас йўлларининг беркилиб қолишидан вафот этгани, қотил уларни бўғиб ўлдиргани маълум бўлган.

Таъкидланишича, суриштирув давомида аёл билан бирга яшаб келган, Бухоро вилояти Ғиждувон тумани «Сармижол» ҚФЙда истиқомат қилувчи 22 ёшли йигит гумонланувчи сифатида қўлга олинган. Дастлабки тергов давомида йигит ўз жиноятини тан олган.

Маълум бўлишича, йигит аёл билан бундан 5 йил аввал танишган. Бошида ёшларнинг муносабатига ҳар иккисининг ҳам оила аъзолари қаршилик билдирган. Шунга қарамай, улар муносабатларини давом эттириб, шаръий никоҳ билан яшай бошлаган. Улар 2017 йилда фарзандли бўлган. Эр-хотин ўртасида тез-тез жанжал ҳолатлари кузатилган.

2022 йил кузда аёл ҳомиладор бўлиб қолганини маълум қилади. Йигит у пайтда пойтахтга қурилиш учун кетган. Йигит уни ва ўғлини Тошкентга чақириб олиб, Зангиота тумани Олимполвон маҳалласидаги ижара уйга жойлаштирган. Аёлнинг қўлида ортиқча пул борлигини кўрган йигит уни хиёнатда айблаган. Уч кундан сўнг улар Бухорога қайтиш учун йўлга чиққан ва соат 17:00 лар атрофида қотиллик рўй берган жойда, яъни Ғаллаорол туманида таксидан тушиб қолган.

Ўша ерда эр-хотин ўртасида яна жанжал юзага келган. Йигит хотинига бир нечта шапалоқ туширгач, аёл уни тош билан урган. Шундан сўнг йигит хотинини панага олиб ўтиб, уни аввал қўли билан, кейин эса феннинг кабели билан бўғиб ўлдирган. Жиноятга гувоҳ бўлган болани йигит олиб кетмоқчи бўлган. Аммо у онаси билан қолишини айтган. Йигит жиноятига гувоҳ қолишини истамай, ўғлини сумка тасмаси билан бўғиб ўлдирган.

«Икки инсоннинг бошини еган қотил жиноятини яшириш учун марҳумларнинг кийимларини уларнинг устига ташлаб ёқиб юборади ва воқеа жойидан йўловчи автоулов орқали Бухоро томонга йўл олади», — дейилади хабарда.

Таъкидланишича, ҳодиса юзасидан жиноят иши қўзғатилган, айни пайтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Якунига етган ҳафтада жаҳонда нималар содир бўлди?

Зеленский Путин билан музокарага тайёрлигини билдириди

Украина президенти Владимир Зеленский Россия етакчиси Владимир Путин билан махсус шартлар асосида музокара ўтказишга тайёрлигини маълум қилди.

Фото: Украина президенти матбуот хизмати
Шунингдек, у россиялик ҳарбийларга мурожаат қилиб, оммавий баёнот орқали ўз жонини қутқаришлари мумкинлигини айтган.

Украина президентининг Путин билан музокаралар шартлари қуйида келтирилган:

  • Россияга қўшилган ҳудудларни қайтариш билан Украинанинг ҳудудий яхлитлигини тиклаш;
  • БМТга ҳурмат;
  • барча йўқотишларни қоплаш;
  • ҳар бир ҳарбий жиноятчини жазолаш;
  • бундай ҳолат бошқа такрорланмаслигига ишонч

Херсондаги Антонов кўприги чекинаётган Россия қўшинлари томонидан портлатиб юборилди

Днепр дарёсининг Херсондан ўтган қисмида жойлашган Антонов кўприги Россия қўшинлари томонидан портлатилди.

Антонов кўприги уруш давомида бир неча бор ўққа тутилди. 27 июлга ўтар кечаси уюштирилган ҳужумдан кейин кўприк фойдаланишга яроқсиз деб топилган ва унга кириш ёпилганди.

Украина Telegram каналларининг маълум қилишича, чекинаётган Россия қўшинлари Антонов кўпригини портлатиб кетган бўлиши мумкин.

Бироқ ОАВ ҳамда Украина Қуролли кучлари маълумотларига кўра, Россия ҳарбийларининг бир қисми ҳамон Херсонда қолмоқда. Шу билан бирга, Россия ҳукумати томонидан Херсон вилояти раҳбари этиб тайинланган Сергей Елисеевнинг таъкидлашича, кўприкка ҳеч нарса қилмаган, кечаси у портлатилмаган.

Маълумот учун, Антонов кўпригининг узунлиги қарийб 1,4 километрга, эни эса 25 метрга тенг. У Херсонни Днепрнинг чап қирғоғи билан боғлайди.

Россия ҳарбийларига Херсондан чекиниш буюрилди

Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу Россия кучлари қўшма гуруҳи қўмондони Сергей Суровикиннинг Днепрнинг чап қирғоғидаги Херсон вилоятида мудофаани ташкил этиш таклифига рози бўлди.

Фото: AFP/Getty Images

«Мавжуд вазиятни ҳар томонлама баҳолаб, Днепр дарёсининг чап қирғоғи бўйлаб мудофаага киришиш таклиф қилинмоқда. Мен бу жуда қийин қарор эканини тушунаман. Бундан ташқари, куч ва воситаларнинг бир қисмидан операция зонасининг бошқа йўналишларида фаол амалиётлар, шу жумладан ҳужумкор ҳаракатлар учун фойдаланилади», — дейди Суровикин.

Унинг таъкидлашича, қўшинларнинг манёври яқин келажакда амалга оширилади, қўшинлар ва бўлинмалар Днепр дарёсининг чап қирғоғида муҳандислик нуқтаи назаридан тайёрланган мудофаа чизиқлари ва позицияларини эгаллайди.

Суровикинга кўра, «Украина ҳарбийлари Каховка тўғонини доимий ўққа туриб турибди» ва бу ҳудудда «катта талафотларга олиб келади».

Шунингдек, Суровикин Украина ҳарбийларининг ҳужумлари «муваффақиятли» қайтариб турилганини таъкидлаган ва Украина армиясининг Херсонда августдан октябрь ойигача бўлган даврдаги «йўқотишлари» ҳақида ҳисоботни тақдим этган.

Туркиянинг Истанбул шаҳрида теракт содир бўлди

Истанбулнинг Истиқлол кўчасида — шаҳарнинг асосий пиёдалар кўчасида портлаш содир бўлди. AP’нинг Туркия ОАВларига таяниб хабар беришича, 11 киши жароҳатланган, шунингдек, 4 киши ҳалок бўлгани айтилмоқда.

Ҳафтанинг асосий воқеликлари шулардан иборат эди. Янги ҳафтада фақат яхши янгиликлар ҳамроҳингиз бўлсин.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.

Тошкентда хусусий боғча ёнди
Янгиликлар9:13 | 4.12.22
Тошкентда хусусий боғча ёнди
Ўзбекистон 2022 йилда рекорд даражада кўп тарвуз экспорт қилди
Янгиликлар8:14 | 4.12.22
Ўзбекистон 2022 йилда рекорд даражада кўп тарвуз экспорт қилди
Ўзбекистонда 4 декабрь куни айрим ҳудудларда қор ёғади
Янгиликлар7:31 | 4.12.22
Ўзбекистонда 4 декабрь куни айрим ҳудудларда қор ёғади
Беларусь Ўзбекистон учун гўшт нархини оширди
Янгиликлар23:37 | 3.12.22
Беларусь Ўзбекистон учун гўшт нархини оширди
Қамчиқ довонида ҳаво ҳарорати транспорт ҳаракати учун ёмонлашиши маълум қилинди
Янгиликлар22:52 | 3.12.22
Қамчиқ довонида ҳаво ҳарорати транспорт ҳаракати учун ёмонлашиши маълум қилинди
Самарқанддаги қайси кўчаларда ҳаракат тезлиги чекланиши маълум қилинди
Янгиликлар21:53 | 3.12.22
Самарқанддаги қайси кўчаларда ҳаракат тезлиги чекланиши маълум қилинди