Бугун оқшоми. Хайрия пулларини ўзлаштирган имом, қўйларни уриб кетган поезд, «аҳволи ёмонлашган» Лавров

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести

Ангрен ИЭС энергоблогида носозлик юзага келди

Тошкент вилоятидаги Ангрен иссиқлик электр станциясининг энергоблокида носозлик юзага келди. Маълумотларга кўра, 13 ноябрь куни соат 15:14 да Ангрен ИЭСнинг 10-сонли энергоблок қозонидаги қувурлар ёрилиши натижасида мазкур энергоблок режадан ташқари тўхтатилган.

Фото: Энергетика вазирлиги матбуот хизмати

Носозликни бартараф этиш учун Энергетика вазирлиги раҳбарияти воқеа жойига етиб боргани, бу бўйича махсус бригада тузилиб, таъмирлаш ишлари «жадаллик билан» амалга оширилаётгани таъкидланган. Шунингдек, хабарда тез орада носозлик бартараф қилиниб, шаҳарга иссиқлик энергияси етказиб бериш қайта тикланиши қўшимча қилинган.

Хоразмда имом-хатиб масжид қурилиши учун ажратилган хайрия пулларини «туя» қилгани аниқланди

Хоразм вилояти Қўшкўпир туманида масжид қурилиши учун йиғилган пулларни ўз эҳтиёжи учун ишлатиб юборган имом-хатиб аниқланди.

Маълум қилинишича, ҳудуддаги «Имом бобо» жомеъ масжиди имом-хатиби ушбу масжидни ҳашар йўли билан қайта қуриш учун хайрия қилишни сўраб, оғзаки ва ижтимоий тармоқлар орқали эълон берган. Йиғилган 40 миллион сўмдан ортиқ маблағни эса шахсий эҳтиёжи учун ишлатиб юборган. Унга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

Туркиядаги портлашда Ўзбекистон фуқароси ҳам жаблрлангани маълум қилинди

Туркиянинг Истанбул шаҳрида содир бўлган портлашда Ўзбекистон фуқароси бўлган блогер, жамоатчилик фаоли Ислам Капарзо ҳам жабрлангани маълум бўлди.

Кадр: Telegram

«Озгина жароҳатландим, лекин ҳалокатли эмас, ҳаётман», — деб ёзади блогер.

Кейинроқ у воқеа қандай содир бўлгани ҳақида сўзлаб берган. Айтишича, воқеа содир бўлган вақтда портлаш эпимарказига яқин жойда бўлгани учун оёғига портлаш тўлқини ёки бошқа жисм келиб урилган. Шунингдек, у ресторанда ушланиб қолмаганда воқеа бутунлай бошқача бўлиши мумкинлигини таъкидлаган.

Ўзбекистонда яна бутун мамлакат бўйлаб электр токи ўчиб қолиши мумкинлиги эълон қилинди

Ўзбекистонда 9 ноябрдан бошлаб иссиқлик электр станцияларида ёқилғи таъминоти билан боғлиқ оғир ҳолат вужудга келди. Маълум қилинишича, электр станцияларига 12 ноябрь куни келишилган жадвалга нисбатан 350 минг куб метр (12 МВт электр энергияси эквивалентида) камроқ газ етказиб берилган.

Фото: «Bugun.uz»

Тошкент ИЭСга 50 минг куб метр газ етказиб берилган бўлиб, бу келишилган жадвалдан 270 минг куб метрга кам. Станцияда энергоблоклар технологик параметрлари меъёр кўрсаткичларидан тушиши ва ускуналар шикастланишининг олдини олиш мақсадида 1-сон буғ-газ қурилмаси (360 МВт) ва икки энергоблок тўхтатилган.

Оқибатда станцияда умумий электр энергияси ишлаб чиқарилиши мазут ёқилғиси ёқиш ҳисобига 500 мегаваттгача (белгиланган режадан 600 МВт кам) тушиб кетган. Электр энергияси балансини таъминлаш ва энергетика тизимида оғир оқибатли йирик фавқулодда авария ҳолатлари (блекаут) юзага келишининг олдини олиш мақсадида ҳамда туман электр таъминоти корхоналари томонидан 6,10 кВ тармоқлардан киритилаётган чекловлар самарасизлиги сабабли МДМ махсус жадвалга асосан юқори кучланишли тармоқларни ўчирган. Бу чора электр энергияси истеъмоли камайтириш имконини берган.

«Юзага келган фавқулодда вазият сабаб тизимда оғир оқибатли авария ҳолатларини олдини олиш ҳамда истеъмолчилар таъминотида тартибсиз узилишларни бартараф этиш мақсадида 12 ноябрдан бошлаб алоҳида топшириқ бўлганга қадар МДМ томонидан берилаётган соатлик электр энергияси истеъмоли топшириғини қатъий бажаришингиз сўралади. МДМинг минтақавий ва ҳудудий бўлинмалари томонидан электр талаб қилинган қийматларга тушириш бўйича берилган топшириқларни бажармаслик Марказий Осиё ягона электр энергетикаси тизимида Ўзбекистон энерготизимининг айби билан йирик оқибатли аварияларга сабаб бўлиши мумкин», дейилади марказ хатида.

Ўзбекистонда магистратурага кира олмаганлар қўшимча тўлов асосида ўқишга қабул қилинади

Ўзбекистонда магистратурага киролмаганлар учун қўшимча имконият яратилди.

Қайд этилишича, давлат комиссиясининг тегишли қарорига мувофиқ 2022/2023 ўқув йилида фақатгина давлат олий таълим муассасаларининг магистратурасига C1, B2 миллий ёки унга мос даражадаги халқаро сертификатига эга бўлиб, ҳужжат топширган, аммо квота доирасида талаба бўлолмаганларга белгиланган базавий тўлов-контрактнинг 1,5 бараваридан ошмаган миқдордаги тўлов асосида магистратурада ўқиш имконияти яратилган.

«Ўқиш истагини билдирганлар олий таълим муассасалари қабул комиссияларига мурожаат қилишлари мумкин», дейилади хабарда.

Шунингдек, магистратура қишки қабулида хорижий тилни билиш даражасидан қатъий назар сертификати борлар ҳужжат топшириши мумкин.

2022/2023 ўқув йили учун давлат олий таълим муассасалари магистратурасига декабрь-январь ойларидаги танловда истисно тариқасида хорижий тилни билиш даражасидан қатъи назар (C1 ёки B2 сертификатидан ташқари бошқа даражадаги) сертификатга эга талабгорлар ҳам иштирок этишига рухсат этилган.

Ўқишга қабул қилинган талабалар ўқиши давомида талаб этилганидек миллий ёки унга мос даражадаги халқаро сертификатни қўлга киритиши лозим. Акс ҳолда якуний давлат аттестациясига рухсат этилмайди.

Танловда иштирок этиш истагини билдирганларга 2022 йил 20 декабрдан 2023 йил 10 январга қадар (шу куни ҳам) magistr.edu.uz электрон тизими орқали онлайн рўйхатдан ўтиш имконияти яратилади. Танлов натижалари бакалавриат дипломининг ўртача баллари асосида аниқланади.

Қашқадарё вилояти ҳокимлиги 450 миллион сўмга Equinox сотиб олади

Қашқадарё вилояти ҳокимлиги 450 миллион сўмга Equinox автомобилини харид қилиш учун UzAuto Motors дилери билан шартнома имзолади. Бунга вилоят ҳокимининг 2022 йил 18 октябрдаги 834-4-0-Қ/22 сонли қарори асос қилиб келтирилган.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Эслатиб ўтамиз, март ойида Президент вазир ва ҳокимларга йил охиригача автомобиль ҳамда бошқа айрим харидларни тақиқлаганди. Давлат раҳбари йил якунига қадар барча ҳокимлик, вазирлик ва идораларга:

  • молиявий манбаси аниқ бўлмаган қурилишларни бошлаш;
  • бино таъмирлаш, автомобиль, мебель, офис анжомлари харид қилиш каби қўшимча харажатларни амалга оширишни қатъиян тақиқлаган.

Маълумот ўрнида, ҳукумат қарори билан туман ҳокимлари хизмат машиналари нархлари базавий ҳисоблашнинг 1000 бараваридан, двигатель энг юқори қуввати 2000 сантиметр кубдан ошмаслиги келтирилган. Агар туман тоғли ҳудуд бўлса, бу қувватни 3000 сантиметр кубгача оширишга рухсат берилиши мумкин. Базавий ҳисоблаш миқдорининг истисно чегараси кўрсатилмаган.

Хоразмда келин бетоб қайнонасини калтаклади

Хоразм вилояти Урганч туманида келин ўзаро келишмовчилик сабаб низолашиб келган қайнонасини калтаклади. Маълум қилинишича, келин жабрланувчининг бетоблигидан фойдаланиб, унинг бош қисмига қўли билан урган. Воқеа келиннинг қайнотаси томонидан тасвирга туширилган ва ИИБга тақдим этилган.

Кадр: Telegram

ИИБ эса жабрланувчига нисбатан суд-тиббий экспертизаси тайинлаган, келиннинг хатти-ҳаракатлари юзасидан суриштирув ишлари олиб борилаётгани маълум қилинган. Жабрланувчига нисбатан келгусида келини томонидан зўрлик ва тазйиқ ўтказилишининг олдини олиш мақсадида «Ҳимоя ордери» расмийлаштирилган.

Самарқандда «Афросиёб» поезди 18 бош қўйни уриб кетди

Ижтимоий тармоқларда «Афросиёб» поездининг қонга беланган суратлари тарқалганди. Аниқланишича, 11 ноябрь куни соат 05:31 да Бухоро—Самарқанд—Тошкент йўналишидаги 765-сонли юқори тезликда ҳаракатланувчи тезюрар йўловчи поезди Зирабулоқ—Каттақўрғон темир йўл бекатлари оралиғининг 3816-километри 3-пикетида темир йўл изида қаровсиз юрган 18 бош қўйни уриб юборган.

Фото: Telegram

Мазкур ҳолат бўйича ҳужжатлар расмийлаштирилиб, қўйларни эгаси ҳамда етказилган зарар миқдори аниқланмоқда.

Дунёда нима гап?

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг касалхонага тушиб қолгани айтилди

G20 саммитида иштирок этиш учун Балига келган Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров соғлиғи ёмонлашгани боис шифокорларга мурожаат қилишга мажбур бўлгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Фото: AP Photo

Ўз навбатида, Россия Ташқи ишлар вазирлиги вакили Мария Захарова Лавровнинг Балидаги касалхонага ётқизилгани ҳақидаги хабарларни рад этди.

«Биз Сергей Викторович билан Индонезияда лентани ўқиб, кўзларимизга ишонмаяпмиз: маълум бўлишича, у шифохонага ётқизилибди. Бу, албатта, юқори даражадаги фейк», — деб ёзади Захарова.

Матбуот котиби исбот сифатида Балидаги меҳмонхонадан олинган, Лавровнинг соғлиғи яхши эканини тасдқиловчи видеони ҳам улашган.

Владимир Путин хорижликларга Россия армиясида хизмат қилишга рухсат берди

Россия Президенти Владимир мамлакат қуролли кучларида чет эл фуқаролигига эга бўлган шахсларга хизмат кўрсатишга рухсат берувчи фармонни имзолади.

Тегишли фармон душанба куни расмий ҳуқуқий ахборот порталида эълон қилинди. Ҳужжат Россия Федерацияси Президентининг 1999 йил 16 сентябрдаги қарори билан тасдиқланган «Ҳарбий хизматни ўташ тартиби тўғрисидаги низом»га ўзгартишлар киритади.

Ўзгаришларга кўра, ҳарбий хизмат «фуқаролиги бўлган аскарлар, денгизчилар, сержантлар, кичик офицерлар, шу жумладан чет давлат фуқаролари ёки яшаш учун рухсатнома, фуқаронинг чет давлат ҳудудида доимий яшаш ҳуқуқини тасдиқловчи бошқа ҳужжатга эгалар томонидан чақирув асосида амалга оширилади».

Бугуннинг асосий воқеликлари шулардан иборат эди.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.

Ўзбекистонда кирилл ёки лотин алифбосига тўлиқ ўтишга нима халақит бермоқда?
Медиа, Янгиликлар12:54 | 27.11.22
Ўзбекистонда кирилл ёки лотин алифбосига тўлиқ ўтишга нима халақит бермоқда?
Ўзбекистонда коронавирусга чалинишлар сони яна ошди
Янгиликлар11:27 | 27.11.22
Ўзбекистонда коронавирусга чалинишлар сони яна ошди
Андижондаги ЙТҲ юзасидан қўшимча маълумот берилди
Медиа, Янгиликлар10:46 | 27.11.22
Андижондаги ЙТҲ юзасидан қўшимча маълумот берилди
Баҳодир Жалолов америкалик рақибини 4-раундда нокаутга учратиб, ғалаба қозонди
Медиа, Спорт9:23 | 27.11.22
Баҳодир Жалолов америкалик рақибини 4-раундда нокаутга учратиб, ғалаба қозонди
Фарғонада аёл ИИБ биноси олдида ўзини ёқмоқчи бўлди
Янгиликлар9:02 | 27.11.22
Фарғонада аёл ИИБ биноси олдида ўзини ёқмоқчи бўлди
Кўп миқдорда газланган ичимликларни истеъмол қилиш мия шикастланишига олиб келиши аниқланди
Янгиликлар8:14 | 27.11.22
Кўп миқдорда газланган ичимликларни истеъмол қилиш мия шикастланишига олиб келиши аниқланди