Ўзбекистон—Қирғизистон чегара келишуви бўйича қонун лойиҳалари Қонунчилик палатаси томонидан маъқулланди

Аввалроқ ташқи ишлар вазири Владимир Норов Қирғизистонга боргани ва у ерда Ўзбекистон ва Қирғизистон Кампир Обод сув омборини биргаликда бошқариши ҳақидаги ҳужжат имзолангани ҳақида хабар берилганди. 14 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида «Ўзбекистон Республикаси билан Қирғизистон Республикаси ўртасида ўзбек-қирғиз Давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисидаги Шартномани (Бишкек, 2022 йил 3 ноябрь) ратификация қилиш ҳақида»ги ҳамда «Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ўртасида Андижон (Кампиробод) сув омборининг сув ресурсларини биргаликда бошқариш тўғрисидаги Битимни (Бишкек, 2022 йил 3 ноябрь) ратификация қилиш ҳақида»ги қонун лойиҳалари муҳокама қилинди. Бу ҳақда Қонунчилик палатаси ахборот хизмати хабар берди.

Фото:Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Маълум қилинишича, икки қонун лойиҳаси уч ўқишда қабул қилинган.

Муҳокамалар жараёнида бош вазир Абдулла Арипов чегара келишуви бўйича муҳим маълумотларни очиқлаган.

Унга кўра, ижтимоий тармоқларда тарқалган «Ўзбекистон Андижон (Кампиробод) сув омбори ўрнига 19,5 минг гектар ер беряпти» деган гаплар нотўғри. Келишувда 13 минг 719 гектар яйлов бериш кўзда тутилган.

Ўзбекистон совет даврида 5 минг гектарлик сув омбори учун бериши керак бўлган компенцация сифатида аввалроқ берган 4 минг гектардан ташқари яна 1 минг 19 гектар ер беради. Собиқ иттифоқ давридаги келишувнинг яна бир бандига кўра, Ўзбекистон ҳудудидан Боткен вилоятига сув ўтказиб бериш мажбурияти олинган, аммо ушбу банд очиқ қолган. Бош вазирнинг таъкидланишича, эндиликда бундай канални қуриш биринчидан, мамлакат учун қимматга тушади, иккинчидан бундай канал қуриладиган бўлса, Андижон ва Фарғона вилоятларидаги 20 дан ортиқ қишлоқлар аҳолисини эвакуация қилишга тўғри келарди. Шунингдек, Ўзбекистондаги 2 минг гектар экин ерлари канал қазиш учун ажратилиши мумкин эди.

Шуни инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон томони канал қазиб бериш ўрнига тоғли ҳудудлардаги 12 709 гектар яйлов ерларини Қирғизистон томонига берган. Шу билан Ўзбекистон ҳукумати сув омбори эвазига Қирғизистон учун канал қазиб бериш мажбуриятидан қутилиши кўзда тутилган.

Ундан ташқари, Андижон сув омборини бошқариш учун Қирғизистоннинг 19,5 гектар ери Ўзбекистонга берилиши, 10 та аҳоли пунктини алмашиш юзасидан Қирғизистоннинг яна 429 гектар ери Ўзбекистонга ўтказилиши белгиланган.

Қирғизистонга эса, Наманган вилоятининг Косонсой ва Чуст туманларидаги ерларни суғоришдаги асосий манба бўлган Қирғизистон ҳудудидаги 850 гектар ҳудудда жойлашган Косонсой сув омбори учун Ўзбекистоннинг Чуст, Косонсой ва Янгиқўрғон туманларидан 477 гектар ер компенцация тарзида берилгани, шунингдек, 10 та аҳоли пунктини алмашиш юзасидан Ўзбекистоннинг водий вилоятлари ҳудудидан 294 гектар ер ўтказилгани қайд этилган.

Шу билан бирга қуйидаги бандлар ҳам келтирилган:

  • Ўзбекистон чегара чизиғида тахминан 130 атрофида хонадонни кўчиришга тўғри келади, бунинг учун 50 млрд сўм атрофида компенсация кўзда тутилган;
  • Қирғизистонга тоғли ҳудуддан берилаётган яйлов ери эвазига «Ғовасой» дарёсининг табиий оқимига тўсқинлик қиладиган ҳеч бир гидротехник ва бошқа иншоотлар қурилмайди, сувнинг техник ифлосланишига йўл қўймайди;
  • Сўх эксклавига кириб-чиқиш учун алоҳида коридор кўзда тутилмайди, балки ўзаро келишув асосида чегарадан ўтиш тартиби соддалаштирилади.

Соддалаштирилган тартибга кўра, авваллари чегарадан ўтишда «загранпаспорт» мажбурий қилиб белгилангани учун чегарадан ҳар бир ўтиш ва қайтишда сўхликлар паспортига 8 тадан штамп босилиши ва бунинг натижасида паспорт тўлиб қолган бўлса, эндиликда бунинг олдини олиш учун иккита келишувга эришилган:

  • вақтинча паспортлар ичига қўшимча илова (вкладыш) қўшиш. Шунда янги паспорт олиш шарт бўлмайди;
  • келгусида сўхликларга Қирғизистон чегарасидан ўтишда ID-паспорти орқали ўтишга рухсат бериш. Шунда уларнинг чегарадан кирди-чиқдиси электрон қурилмада қайд этилади, паспортга штамп босишга ҳожат қолмайди.

Мазкур тизим тез орада ишга туширилиши маълум қилинган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон ва Қирғизистон томонлари ўртасидаги чегара бўйича қўшма протокол имзоланганди. Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раиси Акилбек Жапаров Ўзбекистон билан чегара масаласи тинч йўл билан ҳал қилинганини айтганди. Кейинроқ икки мамлакат ўртасидаги баҳсли ҳудудлар қандай тақсимланиши ҳақида Қирғизистон Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси маълумот берганди. Қирғизистон аҳолиси Кампир Обод сув омборининг Ўзбекистонга берилишига қарши қатор норозиликлар билдирганди. Шунингдек, Қирғизистон парламенти Кампир Обод сув омборини Ўзбекистон билан биргаликда бошқариш ҳақидаги келишувни имзолагани ҳақида хабар берилган.

Андижонда ўнга яқин автомобиль иштирокида ЙТҲ содир бўлди — видео
Янгиликлар14:14 | 26.11.22
Андижонда ўнга яқин автомобиль иштирокида ЙТҲ содир бўлди — видео
Ўзбекистонда 10 ойда қанча никоҳ қайд этилгани маълум қилинди
Янгиликлар13:57 | 26.11.22
Ўзбекистонда 10 ойда қанча никоҳ қайд этилгани маълум қилинди
Ўзбекистонда сабзи нархи кескин арзонлашди
Янгиликлар13:21 | 26.11.22
Ўзбекистонда сабзи нархи кескин арзонлашди
Ўзбекистон тоғларидаги 1 тн тупроқда қанча олтин борлиги маълум қилинди
Янгиликлар12:49 | 26.11.22
Ўзбекистон тоғларидаги 1 тн тупроқда қанча олтин борлиги маълум қилинди
ДХХ кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний савдосига чек қўйди — видео
Янгиликлар12:26 | 26.11.22
ДХХ кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний савдосига чек қўйди — видео
Путин «махсус операция»да ҳалок бўлган аскарларни Россияда алкоголизм ва ЙТҲдан ўлаётганлар билан солиштирди
Янгиликлар12:13 | 26.11.22
Путин «махсус операция»да ҳалок бўлган аскарларни Россияда алкоголизм ва ЙТҲдан ўлаётганлар билан солиштирди