Самарқандда «Афросиёб» поезди 18 бош қўйни уриб кетди
Транспорт прокуратураси «Афросиёб» поезди Самарқандда қўйларни уйиб юборгани тўғрисида маълумот берди.

Ижтимоий тармоқларда «Афросиёб» поездининг қонга беланган суратлари тарқалганди. Аниқланишича, 11 ноябрь куни соат 05:31 да Бухоро—Самарқанд—Тошкент йўналишидаги 765-сонли юқори тезликда ҳаракатланувчи тезюрар йўловчи поезди Зирабулоқ—Каттақўрғон темир йўл бекатлари оралиғининг 3816-километри 3-пикетида темир йўл изида қаровсиз юрган 18 бош қўйни уриб юборган.

Мазкур ҳолат бўйича ҳужжатлар расмийлаштирилиб, қўйларни эгаси ҳамда етказилган зарар миқдори аниқланмоқда.
«Ҳозирги кунда Самарқанд вилояти Транспортда ХТБ томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб бориляпти», дейилади хабарда.
Аввалроқ Қашқадарёда 38 ёшли аёлни поезд уриб юборгани, Қашқадарёда назоратсиз қолдирилган 3 ёшли боғча боласини поезд уриб кетгани, Тошкент вилоятида бир кунда 2 киши поезд уриб кетиши оқибатида ҳалок бўлгани тўғрисида хабар берилганди.