Бугун оқшоми. Президент маслаҳатчиси этиб тайинланган Давлетов, беҳаё видеолари учун қамалга блогер қиз, томи учиб кетган ҳокимлик биноси

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Ўзбекистон БМТнинг Россия Украинага товон пули тўлаши ҳақидаги резолюциясига овоз беришда бетараф қолди

БМТ Бош ассамблеяси 14 ноябрь куни Украина бўйича ўзининг 11-фавқулодда сессияси ишини бошлади. Унда Украинага қарши бошланган урушдан жабр кўрганларга Россия томонидан товон тўлаш механизми тўғрисидаги резолюция қабул қилинди.

Фото: Reuters

Ҳужжат 94 давлатнинг қўллаб-қувватлови билан қабул қилинган, шунингдек, 13 та делегация қарши овоз берган бўлса, 73 та давлат, жумладан, Ўзбекистон ҳам бетараф қолган.

Фото: Twitter / UN_News

Қабул қилинган ҳужжатда Россия Украинадаги ҳарбий ҳаракатлар вақтида халқаро ҳуқуқнинг ҳар қандай бузилиши учун жавобгар бўлиши кераклигини тан олиш ҳамда бунинг учун товон тўлаши шартлигини белгилаш кўзда тутилган.

«Россия том маънода Украинани вайрон қилди. Россия кенг кўламли босқинининг биринчи куниданоқ бомбалар ташлаяпти, ракеталар учиряпти ва Украина шаҳар ҳамда қишлоқларига мавжуд барча қуроллардан ўққа тутмоқда, фабрика ва заводлар, турар жой бинолари, мактаблар, шифохоналар ҳамда болалар боғчаларига зарбаларни амалга оширмоқда», — дейди Украинанинг БМТдаги домий вакили Сергей Кисилца.

Русланбек Давлетов Президент маслаҳатчиси этиб тайинланди

Президент фармони билан адлия вазири лавозимида ишлаган Русланбек Давлетов Президентнинг ижтимоий-сиёсий ривожланиш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимига тайинланди.

Шу муносабат билан у адлия вазири лавозимидан озод этилган.

Фото: «Bugun.uz»
«Бас қилинг халқ ғазабини қўзғатишни». Учтепа ҳокимлиги журналистнинг газ босими пастлиги ҳақидаги шикоятига жавоб қайтарди
Журналист Азиза Қурбонова Facebook’даги саҳифасида ўзи яшайдиган Учтепа туманидаги маҳаллада газ босимининг пастлиги, 20 дақиқадан буён чой қайната олмаётгани ҳақида пост қолдирди. Туман ҳокимлиги матбуот хизмати эса унга жавоб қайтариб, блогерни «халқ ғазабини қўзғатишни бас қилиш»га чақирди.
Скриншот: Facebook / Aziza Qurbonova

«Салом, менинг номим-газ. Лекин бунга шубҳам бор. Кучим фақат милтиллашга етади. 20 минутдан бери чой ҳам қайнатолмайман. Эгаларим ўтмишим-ўчоққа қайтишган. Ҳа, шунақа. Манзилим- Учтепа тумани Чўпонота маҳалласи», — деб ёзган журналист.

Мазкур постга Учтепа тумани ҳокимлиги номи билан рўйхатдан ўтган профилдан муносабат билдирилган.

«Бўлдида, Азизахон, нима қиласиз оловга ёғ сепиб? Ҳамма нарса назоратга олинган. Қани, бир кун келиб Учтепада ишлангчи, кўраман. Бас қилинг халқ ғазабини қўзғатишни. Сиз нима қилиб бердингиз Учтепага? Тепада ўтириб, ақллилик қилиш нечоғлик осон-а? Мен ҳам сиз ўтирган жойда анчагина ўтирганман, лекин бунақанги катталик қилиб, бировнинг ғазабини келтирмаганман, Аллоҳга шукур», — дейилади изоҳда.

Азиза Қурбонова туман ҳокимлигининг Facebook’даги саҳифаси номидан ким ёзаётганига аниқлик киритишни сўраганида, қуйидагича жавоб олган:

«Менинг исмим — Учтепа тумани ҳокимлиги ва мен халқимнинг оғир ва енгил кунларида ҳам бирга бўлиб, улар нафас олаётган ҳаводан нафас оламан, улар юрган йўллардан юраман, уларнинг дарди билан яшайман. Мана мен кимман, Азизабону. Ва сизга ҳам шуни тавсия қиламан. Ўзингиздан катталарга ҳурмат билан ёндашишни тавсия қиламан».

Кейинроқ ушбу ёзишмага туман ҳокимлиги расмий муносабат билдириб, матбуот котибига огоҳлантириш билдирилганини маълум қилган.

Фото: Facebook / Тўра Тўраев

«Матбуот котибининг бундан кейинги фаолиятида туман ҳокимлиги номидан билдираётган фикрларида журналастик этикасига риоя этиши тушунтирилди. Туман ҳокимлиги журналистлар учун ҳар доим очиқ ва шаффоф эканлигини ва муаммоли вазиятларда тезкор муносабат билдиришини яна бир бор маълум қилади», дейилади туман ҳокимлиги хабарида.

Бухорода ўқитувчи аёл деярли бутун синф ўқувчиларини калтаклади

Бухоро шаҳридаги 4-мактабда ўқитувчи аёл уй вазифасини яхши бажармаган ўқувчиларнинг деярли барчасини калтаклади.

Ушбу воқеа акс этган видеода 3-синф ўқувчиларига дарс ўтаётган ўқитувчи парталар оралаб юриб, ўқувчиларнинг уйга вазифаларини текшираётгани ҳамда бажарган топшириғидан кўнгли тўлмаган ўқувчиларни, жумладан қизларни ҳам тана аъзоларининг турли нуқталарига ураётганинини кўриш мумкин.

Воқеага нисбатан депутат Расул Кушербаев «Ўқитувчи М.Воҳидова экан. Ўқувчиларнинг тана аъзолари кўкарган, қулоқлари йиртилган ҳолда ўқишмоқда. Болаларни уриб дарс ўтиш мумкинми? Халқ таълими вазирлиги ва бошқа идоралар буни назоратга олишларини сўраймиз», — дея фикр билдирган.

Бухоро ИИБ ҳолатга муносабат билдириб, тезкор суриштирув ҳаракатлари олиб борилаётгани ва тез орада қўшимча маълумот берилишини маълум қилган.

Зойир Мирзаев Сенат аъзоси этиб сайланди

Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев Олий Мажлис Сенати аъзоси этиб сайланди.

Саноқ комиссияси хулосасига кўра, қўшма мажлисда 643 нафар депутат иштирок этиб, овоз бериш жараёнларида уларнинг барчаси қатнашган. Қўшма мажлисда депутатларнинг 641 нафари номзодни ёқлаб овоз бергани маълум қилинган ва Зойир Мирзаев мутлақ кўпчилик овоз билан Олий Мажлис Сенати аъзоси этиб сайланган.

Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Қўшма йиғилишда Зойир Мирзаев сўз олиб, билдирилган ишонч учун халқ вакилларига миннатдорлик билдирган. Халқ депутатлари Тошкент вилояти, туман ва шаҳарлари Кенгашининг қўшма мажлиси шунинг билан ўз ишини якунлаган.

Тошкентда уятсиз фото ва видеоларини тарқатган блогер қиз қамалди

Одоб-ахлоқ қоидаларига зид равишда видео суратга олган ва уни ижтимоий тармоқлар тарқатган қиз 5 суткага қамалди. Тошкентлик 2001 йилда туғилган қизнинг ушбу хатти-ҳаракатлари аввалроқ ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг эътирозларига сабаб бўлганди.

Фото: Telegram

Мўйноқда кучли шамол ҳокимликнинг эски биноси томини учириб юборди

Қорақалпоғистон Республикаси Мўноқ туманида кучли шамол ҳокимликнинг эски биноси томини учириб юборди.

Фото: Мўйноқ тумани ҳокимияти матбуот хизмати

Маълум қилинишича, 2022 йил 14 ноябрь куни соат 16:00 лар атрофида Мўйноқда кучли шамол ҳокимликнинг эски биноси томини учириб юборди. Воқеа жойида жароҳатланган ва вафот этганлар йўқ.

Шунингдек, бино кириш қисми ва теракларга зиён етган. Ҳодиса оқибатида интернет алоқаси узилиб, вилоят телекоммуникация компанияси томонидан янги кабеллар ўрнатилган.

Шу билан бирга, вайрон бўлган қурилиш материаллари йиғилиб, бинони қайта тиклаш ишлари бошланган.

Тошкент вилоятида 61 ёшли эркак танишига пистолетдан ўқ узди

Тошкент вилояти Пискент туманида 1961 йилда туғилган эркак танишига пистолетдан ўқ узиб, жароҳатлади.

Маълум қилинишича, 2022 йилнинг 13 ноябрь куни тахминан соат 21:00 ларда Тошкент вилояти Пискент тумани Лолаариқ маҳалласи ҳудудида 1961 йилда туғилган А.Т. таниши 1990 йилда туғилган А.У.ни ўрталарида келиб чиққан жанжал оқибатида номаълум русумли ўқ отар қуролидан отиб жароҳатлаб, воқеа жойидан яширинган.

Фото: ИИВ матбуот хизмати

Оқибатда А.У. қориннинг ўнг томон пастки қисмини ўқ-отар қуролнинг ўқи тешиб кириши, қорин бўшлиғи ички аъзоларининг жароҳатланиши ташхиси билан Пискент тумани тиббиёт муассасасига жойлаштирилган.

Шунингдек, кўрилган тезкор-қидирув тадбирлари жараёнида жиноятни содир этишда гумонланган А.Т. қўлга олиниб, воқеа жойидан рўйхат рақами ўчирилган, келиб чиқиши номаълум бўлган 9мм ПМ жанговар тўппончаси, икки дона ўқ ҳамда бир дона отилган гильза далилий ашё сифатида олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 25, 97-моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчи шахс процессуал тартибда қамоққа олинган.

Дунёда нима гап?

Зеленский урушни тўхтатишнинг 10 та шартини маълум қилди

Украина президенти Владимир Зеленский G20 давлатлари саммитидаги видеомурожаатида урушни тугатиш учун зарур шартларни эълон қилди.

Фото: Украина президенти офиси

Булар:

  • радиациявий ва ядровий хавфсизлик;
  • озиқ-овқат хавфсизлиги;
  • энергетика хавфсизлиги;
  • барча асирларнинг озод этилиши ва депоратацияси;
  • БМТ Низомига риоя қилиш ва Украина ҳудудий яхлитлиги ҳамда дунёдаги тартибни қайта тиклаш;
  • Россия қўшинларининг олиб чиқиб кетилиши ва жанговар ҳаракатларнинг тўхтатилиши;
  • адолатнинг тикланиши;
  • экоцидга қарши туриш;
  • эскалацияга йўл қўймаслик;
  • урушнинг тугашини белгилаш.

«Украинча тинчлик формуласи мавжуд. Украина, Европа ва дунё учун тинчлик. Шу билан бирга, тинчликни ҳақиқатда кафолатлаш учун амалга ошириш мумкин бўлган қарорлар жамланмаси бор», — дея таъкидлайди Украина етакчиси.

Зеленскийнинг ҳисоблашича, Россия Украинанинг ҳудудий яхлитлигини тасдиқлаши, мамлакат ҳудудидан ўз қўшинларини олиб чиқиши ва етказилган зарар учун товон тўлаши керак.

«Урушга қарши барча чоралар киритилгач, унинг тугагани тўғрисидаги ҳужжат томонлар томонидан имзоланиши керак», — дейилади хабарда.

Ер аҳолиси 8 миллиард кишига етди

Қайд этилишича, Ер аҳолиси 1 миллиард кишига кўпайиши учун 12 йил керак бўлган. Прогнозларга кўра, инсоният 8,5 миллиард кишилик маррадан 2030 йили ўтиши, 10,4 миллиардлик чўққига эса 2080 йилларда чиқади.

Сўнгги 200 йил ичида одамлар сони саккиз марта ошган. Масалан, 1900 йиллар бошида сайёрада 1,6 миллиард одам яшаган бўлса, 2000 йиллар бошига келиб уларнинг сони 6 миллиардга, 2011 йилда эса 7 миллиардга етган. Бундай жадал ўсиш тиббиётнинг ривожланиши, санитария соҳасидаги ютуқлар, ичимлик сувидан фойдаланиш имкониятининг кенгайиши, кенг қамровли вакцинация билан изоҳланади.

БМТ маълумотларида таъкидланишича, аҳоли сонининг доимий ўсишига қарамай, унинг жадаллик суръати сўнгги пайтларда секинлашмоқда. Прогнозларда келтирилишича, 2022 йилдан 2050 йилгача 60 дан ортиқ мамлакатларда «туғилишнинг доимий пастлиги ва баъзи ҳолларда эмиграциянинг кўпайиши туфайли» аҳоли сони 1 фоизга ёки ундан кўпроққа қисқариши кутилмоқда.

Бугуннинг асосий воқеликлари шулардан иборат эди.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.

Ўзбекистонда коронавирус билан кунлик касалланганлар сони 160 кишидан ошди
Янгиликлар10:14 | 4.12.22
Ўзбекистонда коронавирус билан кунлик касалланганлар сони 160 кишидан ошди
Тошкентда хусусий боғча ёнди
Янгиликлар9:13 | 4.12.22
Тошкентда хусусий боғча ёнди
Ўзбекистон 2022 йилда рекорд даражада кўп тарвуз экспорт қилди
Янгиликлар8:14 | 4.12.22
Ўзбекистон 2022 йилда рекорд даражада кўп тарвуз экспорт қилди
Ўзбекистонда 4 декабрь куни айрим ҳудудларда қор ёғади
Янгиликлар7:31 | 4.12.22
Ўзбекистонда 4 декабрь куни айрим ҳудудларда қор ёғади
Беларусь Ўзбекистон учун гўшт нархини оширди
Янгиликлар23:37 | 3.12.22
Беларусь Ўзбекистон учун гўшт нархини оширди
Қамчиқ довонида ҳаво ҳарорати транспорт ҳаракати учун ёмонлашиши маълум қилинди
Янгиликлар22:52 | 3.12.22
Қамчиқ довонида ҳаво ҳарорати транспорт ҳаракати учун ёмонлашиши маълум қилинди