Бухоро вилояти ИИБ ўқувчиларни калтаклаган ўқитувчи видеосига муносабат билдирди
Бухоро шаҳридаги 4-мактабда ўқитувчи аёл уй вазифасини яхши бажармаган ўқувчиларнинг деярли барчасини калтаклагани тўғрисида хабар берилганди. Бухоро вилояти ИИБ мазкур ҳолатда расмий муносабат билдирди.

Қайд этилишича, видеотасвирдаги ҳолат Бухоро шаҳар ИИО ФМБ томонидан тегишли тартибда қайддан ўтказилган бўлиб, ҳозирда кечиктириб бўлмас тезкор суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
«Ҳолат бўйича қўшимча ахборот берилади», — дейилади хабарда.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода ўқитувчи парталар қатори билан юриб бориб, ўқувчиларнинг уй вазифасини текширганини кўриш мумкин. У болалар вазифани бажарганидан кўнгли тўлмаган аёл уларнинг қулоқларидан тортган, гарданига, юзига урган, жумладан, қизларнинг ҳам.
Аввалроқ Бандихон туманида ўқитувчи дарсга тайёрланмаган ўқувчини калтаклагани тўғрисида хабар берганди. Шунингдек, Андижон вилояти Асака туманида ўқитувчи кетма-кет икки кун дарсдан қочиб кетиши ва дарс жараёнларига қатнашмаётгани сабаб ўқувчи қизни калтаклаганди.