Бухорода 120 минг доллар эвазига кўп қаватли уй қуриш учун ер ажратиб беришни ваъда қилганлар ушланди
Бош прокуратура ҳузуридаги департамент томонидан ҳудудларда ер майдонлари савдоси билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатларининг олди олинди.

Хусусан, департаментнинг Бухоро шаҳар бўлими томонидан ИИБ ва ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Тадбирда Р.Х. ва С.К. исмли шахслар (муқаддам судланган) фуқаро Ғ.Г.нинг ишончига кириб, унга Бухоро тумани «Боғдашт» МФЙ ҳудудидан «С.К» МЧЖга кўп қаватли уй-жой комплекси қуриш учун 1,12 гектар ер майдонини ажратиш тўғрисидаги қарор бекор қилинган бўлсада, унга ушбу ер майдонини 120 минг долларга сотишларини айтгани аниқланган. Улар танишлари орқали ҳужжатларни расмийлаштириб бериши эвазига олдиндан 70 минг долларни олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланган.
Шунингдек, Самарқандда «А.С.» МЧЖ раҳбари М.А. икки нафар фуқаронинг ишончига кириб, уларга МЧЖга интенсив токзорлар барпо қилиш учун ажратилган 4 гектар ер майдонини енгил конструкцияли иссиқхона қуриш учун 50 минг доллар сотишини айтгани аниқланган. У ҳам танишлари орқали ҳужжатларни расмийлаштириб бериши эвазига олдиндан 30 минг доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Департаментнинг Олмалиқ шаҳар бўлими томонидан ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда А.Ю. исмли шахс фуқаро Ш.Б.га юқори лавозимида ишловчи танишлари орқали ўзи раислик қилиб келаётган «З.» боғдорчилик узумчилик ширкатига қарашли 20 сотих ер майдонига эгалик қилиш ҳуқуқини берувчи ордер олиб бериш эвазига 23 миллион сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга тушган.
Департаментнинг Марҳамат туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда эса Х.Х. исмли шахс ўзига М.Тожибоев массивида иссиқхона қуриш учун ажратилган 20 сотих ер майдонининг 4 сотихини танишлари орқали фуқаро Г.А.нинг номига турар-жой қуриш учун расмийлаштириб бермоқчи бўлгани аниқлангна. Бунинг эвазига у 7,2 минг долларни фирибгарлик йўли билан қўлга киритган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Аввалроқ Андижонда собиқ ҳоким мактаб ерини сотиб юборгани бўйича жиноят иши қўзғатилгани, Тошкент вилоятида 1,4 млн долларга 16 гектар ер олиб бермоқчи бўлган шахслар ушлангани, Сирдарёда 4,5 гектар бўш ерни 240 минг долларга сотишга уринганлар қўлга олингани тўғрисида хабар берилганди.