Ўзбекистонда маҳкумларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимояси кучайтирилади
Ички ишлар вазирлиги бу борада тегишли қонун лойиҳасини ишлаб чиққан
Ўзбекистонда маҳкумларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимояси кучайтирилади. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 15 ноябрь куни Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтган. Унда «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига маҳкумларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун муҳокама қилинган.
Таъкидланишича, жиноят-ижроия амалиёти таҳлили ва жамоатчилик билан тўғридан-тўғри мулоқот натижалари маҳкумларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш, уларни сақлаш шарт-шароитларини янада яхшилаш ҳамда халқаро стандартларга мувофиқлаштириш, шунингдек, жазони ижро этиш муассасаларида меҳнатга жалб этилган маҳкумларга ҳақ тўланадиган ишлаш даврини уларнинг умумий меҳнат стажига қўшиб ҳисоблаш зарурлигини кўрсатмоқда.

Қонун билан озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларнинг жазони ижро этиш муассасаларида жазони ўташ даврида бажарадиган ҳар қандай иши, агар ушбу иш бажарилган давр учун жазони ижро этиш муассасаси томонидан ижтимоий солиқ тўланган бўлса иш стажига қўшиб ҳисобланиши, шунингдек, маҳкумларга нисбатан қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматини камситувчи муомала ёхуд жазо турларининг қўлланилишига йўл қўйилмаслиги, маҳкумларнинг таржимон билан бир қаторда сурдотаржимоннинг хизматидан фойдаланиши ҳуқуқи ва маҳбусларга нисбатан тинчлантириш кўйлагини қўллаш мумкин эмаслиги қатъий белгиланмоқда.
Сенаторларининг таъкидлашича, қонуннинг қабул қилиниши маҳкумларни муассасада ишлаган иш стажини умумий иш стажига қўшиш орқали уларга келгусида пенсия олиш имкониятини яратади. Муҳокамалардан сўнг кўрилган масалалар юзасидан қўмитанинг тегишли қарорлари қабул қилинган.
Аввалроқ Ўзбекистонда маҳкумларга нисбатан 9 ойда 150 га яқин жисмоний ёки бошқача тарзда босим ўтказилгани маълум қилинганди.