Қирғизистон парламентида Ўзбекистон билан чегара келишуви бўйича қонун лойиҳалари маъқулланди
Қирғизистон парламентининг Халқаро алоқалар қўмитаси қирғиз-ўзбек чегара келишуви ва Кампир Обод сув омборини биргаликда бошқариш тўғрисидаги битимни маъқуллади. Бу ҳақда «24.kg» хабар берди.

Маълум қилинишича, бир нечта депутатлар норозилик белгиси сифатида овоз беришда қатнашишдан бош тортган ва йиғилишни тарк этган. Залдан Чингиз Айдарбеков, Нилуфар Алимжанова, Адахан Мадумаров, Нуржигит Қодирбековлар чиқиб кетишган. Ерлан Кокулов учрашув бошида зални тарк этган. Яна иккита депутат йиғилишда қатнашмаган.
Қарорни қўмитанинг қолган етти аъзоси уч ўқишда қабул қилган.
Эслатиб ўтамиз, ушбу масала юзасидан Ўзбекистон Олий Мажлис Қонунчилик палатасида 14 ноябрь куни мажлис бўлиб ўтганди. Аввалроқ Ўзбекистон ва Қирғизистон томонлари ўртасидаги чегара бўйича қўшма протокол имзоланганди. Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раиси Акилбек Жапаров Ўзбекистон билан чегара масаласи тинч йўл билан ҳал қилинганини айтганди. Кейинроқ икки мамлакат ўртасидаги баҳсли ҳудудлар қандай тақсимланиши ҳақида Қирғизистон Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси маълумот берганди. Қирғизистон аҳолиси Кампир Обод сув омборининг Ўзбекистонга берилишига қарши қатор норозиликлар билдирганди. Шунингдек, Қирғизистон парламенти Кампир Обод сув омборини Ўзбекистон билан биргаликда бошқариш ҳақидаги келишувни имзолагани ҳақида хабар берилган.