Россиядаги ўзбекистонлик талабаларнинг ўқишини кўчириш муддати узайтирилди
Ўзбекистонда ўқишни кўчириш бўйича аризалар 30 ноябрга қадар қабул қилинади. Бу ҳақда Давлат тест маркази хабар берди.

Давлат комиссиясининг 7-сон баёни билан Россиянинг Курск, Брянск, Белгород, Воронеж, Ростов ва Краснодар ҳудудларидаги ОТМларда таҳсил олаётган Ўзбекистон фуқароларининг ўқишини Ўзбекистондаги давлат ОТМларига истисно тариқасида кўчиришга рухсат берилган эди.
Кейинчалик Давлат комиссиясининг 8-сон баёни билан Қрим ва Севастопол ҳудудларидаги ОТМларда таҳсил олаётган Ўзбекистон фуқароларининг ҳам ўқишини мамлакатдаги давлат ОТМларига истисно тариқасида кўчиришга рухсат берилган.
Шунингдек, мазкур баён билан юқорида қайд этилган ҳудудлардаги ОТМлардан ўқишни кўчириш бўйича аризаларни қабул қилиш муддатлари 10 кунга узайтирилган.
Мазкур ҳудудлардаги ОТМлардан Ўзбекистондаги давлат ОТМларига ўқишини кўчириш истагини билдирган Ўзбекистон фуқаролари 30 ноябрга қадар «My.dtm.uz» сайти орқали онлайн ариза беришлари мумкин.
Аввалроқ Ўзбекистонда магистратурага кира олмаганлар қўшимча тўлов асосида ўқишга қабул қилиниши тўғрисида хабар берилганди. Шунингдек, 2022/2023 ўқув йили учун давлат олий таълим муассасалари магистратурасига декабрь-январь ойларидаги танловда истисно тариқасида хорижий тилни билиш даражасидан қатъи назар (C1 ёки B2 сертификатидан ташқари бошқа даражадаги) сертификатга эга талабгорлар ҳам иштирок этишига рухсат этилган.