Бугун оқшоми. Кўчалари қоронғиликда қолиши мумкин бўлган Тошкент, Сурхондарёда сўйилган бўри, Истанбулда содир бўлган яна бир портлаш

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Қашқадарёда кредит маблағларини ўзлаштирган ҳоким ёрдамчиси қўлга олинди

Қашқадарё вилояти Деҳқонобод тумани ҳокимининг ёрдамчиларидан бири кредит маблағларини ўзлаштиргани маълум қилинди.

Қайд этилишича, тумандаги «Бешқўтон» МФЙда ҳоким ёрдамчиси лавозимида фаолият олиб борган А.Т. бир гуруҳ тадбиркорлик субъектлари раҳбарлари билан ўзаро жиноий тил бириктиргани аниқланган. У давлат дастурлари асосида фуқароларга ажратилган кредит маблағларини ўзлаштирганлик ҳолати юзасидан Жиноят кодексининг 167- (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 228-моддалари (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

«Дастлабки тергов давомида А.Т.га нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Тергов якуни бўйича батафсил ахборот берилади» — дейилади Қашқадарё вилояти прокуратураси хабарида.

Тошкентда уятсиз фото ва видеоларини тарқатгани учун қамалган блогер қиз озод этилди

Тошкентда ижтимоий тармоқлар орқали ўзининг «беҳаё» видео ва фотоларини тарқатган қиз беш суткага қамалган эди. 15 ноябрь куни Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясида унга нисбатан берилган жазо чораси бўйича тақдим этилган апелляция шикояти кўриб чиқилди.

Фото: Telegram

Суд томонидан айбланувчининг шахси, ёши, аёллиги ва бир нафар вояга етмаган фарзанди борлиги инобатга олиниб, инсонпарварлик тамойили қўлланилган ҳолда унга берилган беш суткалик маъмурий қамоқ жазоси тўрт суткалик маъмурий қамоқ билан алмаштирилган. Натижада маъмурий жавобгарликка тортилган блогер қиз жазони тўлиқ ўтаган деб ҳисобланиб, Тошкент шаҳар ИИББ Махсус қабулхонасидан озод қилинган.

Акбар Тошқулов адлия вазири лавозимига тайинланди

Тошкент давлат юридик университети ректори Акбар Тошқулов номзоди адлия вазири лавозимига маъқулланди.

Фото: Telegram

Маълумот учун, Тошқулов 1971 йилда Жиззах вилоятида туғилган, маълумоти олий. 1994 йили Тошкент давлат юридик институтини тамомлаган, ҳуқуқшунос, 1-даражали адлия маслаҳатчиси, «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган юрист» унвони соҳиби.

У ўз меҳнат фаолиятини 1994-1995 йилларда Адлия вазирлиги Халқаро-ҳуқуқий бошқармасининг катта маслаҳатчиси лавозимидан бошлаган.

Акбар Тошқулов Тошкент давлат юридик университети ректорлигидан аввал адлия органлари тизимида турли масъул лавозимларда фаолият юритган бўлиб, 2017 йил апрель ойидан бошлаб адлия вазири ўринбосари сифатида ишлаган.

Шавкат Мирзиёев «Кўксарой»да ЕТТБ президентини қабул қилди

Шавкат Мирзиёев «Кўксарой» қароргоҳида Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одиль Рено-Бассо билан учрашув ўтказди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Одиль Рено-Бассо хорижий инвесторлар кенгашининг биринчи ялпи мажлиси ҳамда Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқлик бўйича Самарканда конференциясида иштирок этиш учун Ўзбекистонга ташриф буюрган.

Қайд этилишича, Ўзбекистон ва ЕТТБ ўртасидаги ҳамкорликнинг жорий ҳолати ва самарали шерикликни кенгайтириш истиқболлари кўриб чиқилган.

«ЕТТБнинг давлат-хусусий шериклик механизмларини жорий қилиш борасидаги тажриба ва билимларидан фойдаланиш, соғлиқни сақлаш, таълим ва уй-жой коммунал хўжалик соҳаларида янги ДХШ лойиҳаларини тайёрлаш масалалари муҳокама қилинмоқда», дейилади хабарда.

Энергетика вазири ўринбосари Ўзбекистонда электр таъминотида узилишлар сабабини маълум қилди

Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев Ўзбекистонда электр таъминотида узилишлар сабабини маълум қилди.

Фото: АОКА

Хўжаевнинг сўзларига кўра, ASKUE тизими жорий этилгани битта масалада адолат ўрнатган — энди тўловни амалга оширмаган истеъмолчи энергия ёки газ билан таъминлаймайди. Ушбу тизим ишга тушгач, электр энергиясини истеъмолчига етказиб беришдаги узилишлар уч баробарга қисқартирилган. Охирги беш йилда қурилган электр станциялари ундан олдинги 25 йилда ҳам қурилмаган.

«Электр энергиясидаги узилишларнинг сабаби — ускуналарнинг эскирганлиги ёки етарли эмаслигида эмас. Балки станцияларимизда электр ишлаб чиқариш учун ёқилғи етишмаслигида. Масалан, Ўзбекистондаги мавжуд электрнинг 90 фоизи иссиқлик электр станцияларида ишлаб чиқарилади. Бунинг қарийб 85 фоизи табиий газ воситасида», — дейди у.

Вазир ўринбосарининг таъкидлашича, 2016 йилгача Ўзбекистонда битта замонавий буғ-газ иссиқлик станцияси қурилган — 2012 йилда Навоий иссиқлик электр станцияси. Аммо 2016 йилдан кейин Навоийда — битта, Таллимаржонда — иккита, Тўрақўрғон электр станциясида — иккита, Тахиатош электр станциясида — иккита ва Тошкент электр станциясида битта буғ-газ қурилмаси барпо этилган. Буларнинг барчаси давлат инвестицияси ҳисобидан қурилган.

Тошкент кўчаларидаги ёритиш чироқларини ўчириш режалаштирилмоқда

Ўзбекистон шаҳарларидаги ёритиш чироқлари ва электрон реклама эълонларини ўчириб қўйиш режалаштирилмоқда.

Фото: «Bugun.uz»

Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаевнинг таъкидлашича, пойтахт ва вилоят марказларида электр энергияси кўп исроф қилинмоқда.

«Тошкент шаҳри ва вилоятлар марказида электр энергияси кўп исроф қилинмоқда. Шу боис шаҳардаги ёритиш чироқлари ва электрон реклама эълонларини вақти-вақти билан ўчириш режалаштирилмоқда», — дейди Хўжаев.

Бухорода синфдаги барча ўқувчини калтаклаган аёл ўз хоҳишига кўра ишдан бўшатилди

Бухоро шаҳридаги 4-мактабда ўқитувчи аёл уй вазифасини яхши бажармаган ўқувчиларнинг деярли барчасини калтаклагани тўғрисида хабар берилганди.

Кадр: Telegram

Маълум қилинишича, Бухоро вилояти халқ таълими бошқармаси томонидан махсус ишчи гуруҳи тузилиб, ўрганиш жараёнлари бошлаб юборилган. Ҳозирда «ўз педагогик фаолиятини бажаришда қўпол хатоликка йўл қўйгани учун» мактаб ўқитувчиси ўз аризасига кўра вазифасидан озод этилган.

«Ушбу ҳолат Бухоро вилоятида фавқулотда вазият сифатида баҳоланиб, шу куннинг ўзида вилоят ҳокими ўринбосари Мирали Ҳамроев раҳбарлигида халқ таълими бўлимлари мудирлари, мактаб директорлари иштирокида Zoom орқали йиғилиш ўтказилиб, бу ҳолат кенг муҳокама қилинди. Ўқитувчиларнинг педагогик маданиятини ошириш ва бундай хунук ҳолатларнинг олдини олиш борасида қатъий топшириқлар берилди. Ҳозирда ҳолат бўйича ўрганиш ишлари ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳамкорлигида давом этмоқда», — дейилади вилояти ХТБ хабарида.

Сурхондарёда бўрининг терисини шилиб олган эркак жаримага тортилди

Ижтимоий тармоқларда Сурхондарёдаги бир нечта эркак бўрининг терсини шилиб олаётгани акс этган видео тарқалди.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат Сурхондарё вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ҳамда Миллий гвардия бошқармаси ходимлари томонидан жойига чиқиб ўрганилган. Ўрганиш давомида ушбу ҳолат фуқаро Т.Ф. томонидан содир этилгани маълум бўлган.

Фуқаро Т.Ф. бу ҳаракати билан «Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги қонуннинг 42-моддаси ва «Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида»ги қонуннинг 17 ва 27-моддалари талабини бузгани сабабли унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 90-моддаси (ов қилиш ва балиқ овлаш қоидаларини, шунингдек ҳайвонот дунёсидан фойдаланишнинг бошқа турларини амалга ошириш қоидаларини бузиш) 1-қисми билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари (3 миллион сўм) миқдорида жарима белгиланган.

Шундан сўнг бу каби ҳолатлар яна содир этилмаслиги учун «Сангардак» маҳалласи аҳоли вакиллари билан профилактик суҳбатлар ўтказилиб, уларга табиий муҳитда яшаётган ёввойи ҳайвонларни овлаш, уларга зиён етказиш тегишли қонунларга асосан жавобгарликка тортилиши батафсил тушунтирилган.

Ўзбекистонда аҳоли эҳтиёжидан келиб чиқиб, қўшимча газ баллонлари берилади

Ўзбекистонда куз-қиш даврида истеъмолчиларга жами 30,6 миллиард куб метр табиий газ етказиб берилади.

Қайд этилишича, шундан 10,4 миллиард куб метр ҳажмда аҳоли истеъмолчиларига ва 20,2 миллиард куб метри – иқтисодиёт тармоқларига етказилади. Суюлтирилган газ таъминоти тизимидаги 85 та газ тўлдириш пункти ҳамда 1058 та газ ташувчи ва тарқатувчи автотранспорт воситасининг доимий техник соз ҳолатда ишлаши таъминланган.

«Шу билан бирга аҳоли истеъмолчиларининг эҳтиёжидан келиб чиқиб, жорий йил якунига қадар 12,7 минг дона қўшимча маиший газ баллони етказиб берилади», дейилади хабарда.

Шу билан бирга, 15 сентябрдан бошлаб бугунги кунгача аҳоли истеъмолчиларига 401 минг тонна кўмир маҳсулоти етказиб берилган. Йил якунига қадар 882 минг тонна кўмир маҳсулотларини етказилади.

Шунингдек, олис ва бориш қийин бўлган қишлоқ (овул)ларда кўмир, суюлтирилган газ захирасини яратишда 447 та маҳалла (овул) фуқаролар йиғинидаги 168 мингдан зиёд хонадонга 10 693 тонна суюлтирилган газ етказиб берилиши таъминланади.

«Энергетика вазирлиги ва вазирлик тизимидаги барча ташкилотлар томонидан истеъмолчиларни энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш мақсадида тизимли ишлар амалга оширилмоқда», дейилади хабарда.

Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев «Лукойл» компанияси газ қазиб чиқариш ва уни ички бозорга йўналтириш бўйича шартномаларда кўрсатилган мажбуриятларини тўлиқ бажараётгани, яқин вақтларда газ чеклови масаласи 80 фоизга ҳал этилишини таъкидлаган.

Дунёда нима гап?

Истанбул марказида яна кучли портлаш содир бўлди

Истанбулнинг Фатиҳ туманида содир бўлган портлаш оқибатида учта машинада ёнғин чиқди.

Маълумотларга кўра, миналаштирилган автомобиль Хўжамустафо пошшо кўчасида портлаган бўлиб, ундаги ёнғин қўшни машиналарга ўтган.

Қайд этилишича, ўт ўчириш хизматлари воқеа жойига зудлик билан етиб бориб, оловни ўчирган. Жабрланганлар ва ҳалок бўлганлар йўқ.

Москва аэропортларида энг юқори теракт хавфи эълон қилинди

Москва аэропортлари ва авиакомпанияларида биринчи марта максимал — теракт хавфининг учинчи дажараси эълон қилинди.

Фото: «РИА Новости»

Қайд этилишича, Москвадаги «Шереметьево», «Домодедово» ҳамда «Внуково» аэропортларида биринчи марта террорчилик ҳужумлари хавфининг максимал даражаси жорий этилган.

«2022 йил 10 ноябрь соат 00:00 дан бошлаб транспорт комплекси фаолиятига террористик хусусиятга эга бўлган ноқонуний аралашиш ҳаракатини содир этиш билан боғлиқ тўғридан-тўғри таҳдиднинг №3 хавфсизлигига мос даража ўрнатилсин», дейилади хатда.

«Ространснадзор» авиакорхоналарни янги хавф даражасига мувофиқ қўшимча хавфсизлик чораларини қабул қилиш кераклиги ҳақида хабардор қилган.

Россияда транспорт воситалари учун хавфсизликнинг уч даражаси мавжуд. Улар ҳукуматнинг 2344-сон қарори билан белгиланган. Ҳужжатга кўра, биринчи даража транспортга ноқонуний аралашув акти (НАА) потенциал таҳдиди билан жорий этилади. Иккинчи даража бевосита хавф мавжудлигини, яъни аллақачон аниқ шартлар ва омилларни назарда тутади. Учинчиси, энг юқориси, НААни содир этиш хавфини туғдирган тўғридан-тўғри таҳдидлар учун жорий этилади.

Россия Фуқаролик палатаси аъзоси Илья Зотов йўловчиларга Москва аэропортлари ва «Пулково»га олдиндан етиб келишни маслаҳат берган — бу уларга парвозни ўтказиб юбормаслик имконини беради. Қўшимча хавфсизлик чоралари саёҳатчилар учун бошқа қийинчиликларга олиб келмаслиги кераклиги таъкидланган.

Бугуннинг асосий воқеликлари шулардан иборат эди.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.

Бугун оқшоми. Ўлдириб кетилган профилактика инспектори, қурувчиларни ногиронлар аравачасига миндирган ҳоким, Ўзбекистонга яқинлашаётган совуқ кунлар
Мақолалар21:00 | 30.11.22
Бугун оқшоми. Ўлдириб кетилган профилактика инспектори, қурувчиларни ногиронлар аравачасига миндирган ҳоким, Ўзбекистонга яқинлашаётган совуқ кунлар
Пеле касалхонага ётқизилди
Спорт20:38 | 30.11.22
Пеле касалхонага ётқизилди
Россияда террористларни молиялаштирганликда айбланган Ўзбекистон фуқароси 16 йилга қамалди
Янгиликлар20:11 | 30.11.22
Россияда террористларни молиялаштирганликда айбланган Ўзбекистон фуқароси 16 йилга қамалди
НАТО бош котиби Украинада тинчликни таъминлашнинг «ягона йўли» ҳақида гапирди
Янгиликлар19:20 | 30.11.22
НАТО бош котиби Украинада тинчликни таъминлашнинг «ягона йўли» ҳақида гапирди
Ўзбекистонда коронавируснинг қайси штамми кенг тарқалаётгани маълум қилинди
Янгиликлар18:54 | 30.11.22
Ўзбекистонда коронавируснинг қайси штамми кенг тарқалаётгани маълум қилинди
Нукус воқеалари иштирокчилари қийноққа солинганми?
Янгиликлар18:37 | 30.11.22
Нукус воқеалари иштирокчилари қийноққа солинганми?