«Ипак йўли» халқаро туризм ва маданий мерос университети Хитой университети билан ҳамкорлик қилади
«Ипак йўли» халқаро туризм ва маданий мерос университети ҳамда Хитойнинг «North-West» университети ўртасида меморандум имзоланди. Бу ҳақда Туризм ва маданий мерос вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Самарқанд шаҳридаги «Ипак йўли» халқаро туризм ва маданий мерос университети ҳамда Хитойнинг «North-West» университети ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Ҳужжатда ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш, Хитой ва Ўзбекистон университетлари талабалари ва ўқитувчиларининг тўсиқсиз ҳаракатланиши учун академик кўприк ўрнатиш мақсад қилинган.
Ўзбекистон томондан меморандумни имзолаган Бош вазир ўринбосари – Туризм ва маданий мерос вазири, «Ипак йўли» халқаро туризм ва маданий мерос университети ректори Азиз Абдуҳакимов «North-West» университети президенти жаноб Гуо Лихонга ўз миннатдорчилигини билдириб, икки университет ўртасидаги ҳамкорликни юксак қадрлашини таъкидлади.

«North-West» университетининг 120 йиллик юбилейи доирасида имзоланган мазкур ҳужжат «Хитой – Ўзбекистон археология ва маданий меросни муҳофаза қилиш илмий-техникавий халқаро қўшма лабораторияси»ни ташкил этишга йўналтирилган.

Таъкидланишича, Хитой – Ўзбекистон археология ва маданий меросни муҳофаза қилиш илмий-техникавий халқаро қўшма лабораторияси «Хитой ва Марказий Осиёнинг инсон ресурслари ва атроф-муҳитни ўрганиш бўйича қўшма илмий лабораторияси»нинг муҳим таркибий қисми ҳисобланади. Хитой илмий-технология вазирлиги бу илмий тадқиқотлар, иқтидорли талабаларни тайёрлаш ва маданий алмашинув бўйича етакчи халқаро марказ ҳисобланади.
.jpg)
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «Ипак йўли» университетида Ўзбекистон—Исроил академик форуми ўтказилганди. Шунингдек, ушбу муассаса Япония университети билан ҳамкорлик қилиши ҳақида хабар берилганди.
