Польшага келиб тушган ракеталар ҳақида нималар маълум?

Украина билан чегарадан беш километр узоқликда жойлашган Польшанинг қишлоғига ракета келиб тушганди. Ҳодиса оқибатида икки киши ҳалок бўлган. Польша ҳукумати, НАТО раҳбарияти, шунингдек, Балидаги G20 саммитида иштирок этаётган давлатлар етакчилари мазкур ҳолат бўйича фавқулодда йиғилиш ўтказган. Украинанинг ҳисоблашича, Пшеводув қишлоғи ракеталарнинг келиб тушишига Россия жавобгар, чунки мамлакат куни билан украин шаҳарларини ўққа тутган. Москва эса Польшадаги ҳолатга алоқадорлигини рад этган.

Фото: Polski Serwis Pożarniczy

Пшеводув қишлоғига ракеталарнинг урилиши билан боғлиқ ҳодиса туфайли Россия элчиси Польша ташқи ишлар вазирлигига чақирилган. Польша дипломатик идорасининг маълум қилишича, мамлакатга келиб тушган ракеталар Россияда ишлаб чиқарилган.

«15 ноябрь куни Россия қуролли кучлари томонидан Украинанинг бутун ҳудуди ва унинг муҳим инфратузилма объектларини яна бир неча соат давомида ўққа тутилди. Соат 15:40 да Пшеводув қишлоғига Россияда ишлаб чиқарилган ракеталар тушиши оқибатида икки нафар Польша фуқароси ҳалок бўлди. Шу муносабат билан ташқи ишлар вазири Збигнев Рау Россия элчисини ТИВга чақириб, зудлик билан батафсил тушунтиришлар талаб қилди», — дейилади Польша ТИВ баёнотида.

Польша президенти Анжей Дуда кейинроқ мамлакат ҳукумати ракеталарни айнан ким учиргани бўйича аниқ маълумотга эга эмаслигини маълум қилди. «Кун давомида Россия Украинага қарши ракеталар ҳужумини давом эттираётганини биламиз. Бироқ бизда ракетани ким учиргани бўйича аниқ исбот йўқ. тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ишонаманки, барчаси аниқланади. Катта эҳтимол билан бу Россияда ишлаб чиқарилган ракета. Аммо ҳозирда барчаси аниқланмоқда», — деган Дуда.

Шу билан бирга, у бундай ҳолат биринчи марта содир бўлаётгани ва қайта такрорланиши аломатлари йўқлигини таъкидлаган. Польша ҳукумати 16 ноябрь куни Миллий хавфсизлик кенгашининг фавқулодда йиғилишини ўтказади.

АҚШ президенти Жо Байден Польшага келиб тушган ракеталар Россия ҳудудидан учирилгани эҳтимоли жуда камлигини айтди. «Дастлабки маълумотларга кўра, бу рад этилмоқда. Тергов тўлиқ якунланмагунча бу ҳақда гапиришни истамайман, аммо траектория жиҳатидан улар Россиядан учирилгани эҳтимоллиги кам», — дея қайд этган Байден.

АҚШ адимистрациясидаги манбаларнинг ҳисоблашича, Польша ҳудудига келиб тушган ракеталар Украина ҳарбийлари томонидан учирилган. Associated Press агентлигининг ёзишича, уларни яқинлашиб келаётган Россия ракеталарини уриб тушириш учун Ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари отган.

Украина президенти офиси Польшага ракеталарнинг қулаши бўйича масъулиятни Россия юклади. Владимир Зеленский Польшадаги портлашга изоҳ берар экан, «террор бизнинг чегараларимиз билан чекланиб қолмайди», деган. «Россия ракеталари Польшага урилди. Украина террорчи давлат бизнинг мамлакатимиз билан чекланиб қолмаслигини неча маротаба айтди? Россия террори яна кенгаши — бу вақт масаласи», — дейди у.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон ракеталар билан боғлиқ мазкур ҳолатга Россияни алоқадор эмас деб ҳисоблайди. «Ракеталар бизники эмас деган Россия позициясини ҳурмат қилишга мажбурман. Биз учун бу муҳим», — дейди Эрдўғон Балидаги G20 саммити якунида.

Россия Мудофаа вазирлиги Польшага келиб тушган ракеталар Россияга тегишли экани айтилаётган хабарларни «вазиятни кескинлаштириш учун қасддан провокация», деб атаган. «Украина—Польша давлат чегараси яқинидаги нишонларга Россиянинг йўқ қилиш воситалари томонидан ҳеч қандай зарба берилмаган. Польша оммавий ахборот воситалари томонидан Пшеводув қишлоғидаги воқеа жойидан эълон қилинган қолдиқларнинг Россия қуролларига алоқаси йўқ», — дейилади идора хабарида.

Жанубий Корея инсон ёшини ҳисоблашнинг глобал тартибига ўтди
Янгиликлар19:13 | 8.12.22
Жанубий Корея инсон ёшини ҳисоблашнинг глобал тартибига ўтди
«Британия Россияга қарши янги санкциялар жорий этади» — Bloomberg
Янгиликлар18:41 | 8.12.22
«Британия Россияга қарши янги санкциялар жорий этади» — Bloomberg
Ўзбекистонда ноябрь ойида қанча никоҳдан ажралиш ҳолати қайд этилгани маълум қилинди
Янгиликлар18:12 | 8.12.22
Ўзбекистонда ноябрь ойида қанча никоҳдан ажралиш ҳолати қайд этилгани маълум қилинди
Ўзбекистоннинг қайси вилоятларида газдан узилишлар кузатилаётгани маълум қилинди
Янгиликлар17:43 | 8.12.22
Ўзбекистоннинг қайси вилоятларида газдан узилишлар кузатилаётгани маълум қилинди
Ўзбекистон олтин-валюта захиралари ҳажми 33,4 млрд долларга етди
Янгиликлар17:14 | 8.12.22
Ўзбекистон олтин-валюта захиралари ҳажми 33,4 млрд долларга етди
Ўзбекистонда айрим давлат хизматлари қўшимча тўлов эвазига тезлаштирилган тартибда кўрсатилади
Янгиликлар16:44 | 8.12.22
Ўзбекистонда айрим давлат хизматлари қўшимча тўлов эвазига тезлаштирилган тартибда кўрсатилади