Тошкентда халқаро ҳунармандчилик маҳсулотлари ва технологиялари ярмаркаси ўтказилади

Тошкентда Craft Fair Uzbekistan халқаро ҳунармандчилик маҳсулотлари ва технологиялари ярмаркаси ўтказилади. Бу ҳақда Туризм ва маданий мерос вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Туризм ва маданий мерос вазирлиги

Маълум қилинишича, 2022 йилнинг 30 ноябридан 2 декабрига қадар Тошкент шаҳридаги «Ўзекспомарказ»да Craft Fair Uzbekistan — халқаро ҳунармандчилик маҳсулотлари ва технологиялари ярмаркаси бўлиб ўтади.

Ярмарка Ўзбекистон Президентининг 2021 йил 30 декабрдаги «Ҳунармандчилик фаолиятини қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 77-сонли Қарорига мувофиқ Туризм ва маданий мерос вазирлиги, Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги, Республика Ҳунарманд уюшмаси, Савдо-саноат палатаси ва Халқ банки ҳамкорлигида ташкиллаштирилмоқда.

Ярмаркада хорижий давлатлар — Россия, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Афғонистон, Покистондан ҳунармандлар қатнашиши кутилмоқда. Шунингдек, «Novica», «Wildberries» ва «Alibaba» каби халқаро ҳамда «Joyda», «CraftmeetsDesign», «iHunar» каби маҳаллий онлайн маркетплейс ва платформалар ҳам иштирок этиши режалаштирилган. Иштирокчилар томонидан каштачилик, кулолчилик, мисгарлик, ёғоч ўймакорлиги, гиламчилик, миллий матолар, миниатюра каби 20 дан ортиқ миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмалари ташкил этилади.

Таъкидланишича, ярмарка иштирокчилари лойдан кўза ясаш, ипакдан мато тўқиш, дўппига нақш бериш ҳамда бешик ясаш жараёнларида бевосита иштирок этишлари мумкин. Шунингдек, Ўзбекистоннинг турли ҳудудларига хос бўлган каштачилик, кулолчилик, мисгарлик, ёғоч ўймакорлиги мактабларига хос бетакрор маҳсулотлар ҳамда ҳунармандлар томонидан ясалган, сувенирларни харид қилиш имкони ҳам бор.

Бундан ташқари, ярмаркага ташриф буюрганлар заргар Тоҳир Муҳаммедов, кулол Алишер Нарзуллаев, каштачи Аҳмад Арабов, кулол Шокир Аҳмаджонов, адрас, атлас тўқувчи, гиламдўз Иброҳим Султонов каби машҳур ҳунармандлар томонидан маҳорат дарсларини кузатиш ва бевосита иштирок этишлари мумкин бўлади.

Ярмаркадан кўзланган мақсад Ўзбекистоннинг ҳунармандчилик салоҳиятини тарғиб қилиш ва маҳаллий ҳунармандларнинг маҳсулотларини экспорт қилишда кўмаклашишдан иборат.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Марғилонда «Атлас байрами» анъанавий тўқимачилик фестивали бўлиб ўтганди. Фестиваль доирасида Марғилонга «Жаҳон ҳунармандлари шаҳри» мақоми берилганди.

Ўзбекистонда кирилл ёки лотин алифбосига тўлиқ ўтишга нима халақит бермоқда?
Медиа, Янгиликлар12:54 | 27.11.22
Ўзбекистонда кирилл ёки лотин алифбосига тўлиқ ўтишга нима халақит бермоқда?
Ўзбекистонда коронавирусга чалинишлар сони яна ошди
Янгиликлар11:27 | 27.11.22
Ўзбекистонда коронавирусга чалинишлар сони яна ошди
Андижондаги ЙТҲ юзасидан қўшимча маълумот берилди
Медиа, Янгиликлар10:46 | 27.11.22
Андижондаги ЙТҲ юзасидан қўшимча маълумот берилди
Баҳодир Жалолов америкалик рақибини 4-раундда нокаутга учратиб, ғалаба қозонди
Медиа, Спорт9:23 | 27.11.22
Баҳодир Жалолов америкалик рақибини 4-раундда нокаутга учратиб, ғалаба қозонди
Фарғонада аёл ИИБ биноси олдида ўзини ёқмоқчи бўлди
Янгиликлар9:02 | 27.11.22
Фарғонада аёл ИИБ биноси олдида ўзини ёқмоқчи бўлди
Кўп миқдорда газланган ичимликларни истеъмол қилиш мия шикастланишига олиб келиши аниқланди
Янгиликлар8:14 | 27.11.22
Кўп миқдорда газланган ичимликларни истеъмол қилиш мия шикастланишига олиб келиши аниқланди