Сирдарёда икки йиллик иш ҳақини ололмаган эркакнинг пуллари ундириб берилди
Сирдарёда икки йиллик иш ҳақини ололмай келган фуқаронинг пуллари ундириб берилди. Бу ҳақда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили ахборот хизмати маълум қилди.
Қайд этилишича, омбудсманнинг Сирдарёдаги минтақавий вакилига Мирзаобод туманида яшовчи фуқаро С.Х. мурожаат қилиб, ойлик маоши иш берувчи томонидан тўланмай келинаётгани бўйича мурожаат қилган. Ўрганишлар давомида мурожаатчи «Мирзаобод чиройи» деҳқон бозори МЧЖда ишлагани ва 2021-2022 йилларда ишлаган даври учун иш ҳақини олмагани маълум бўлган.
Шунингдек, у билан меҳнат шартномаси бекор қилинаётганда 2014-2022 йиллардаги меҳнат фаолияти бўйича якуний ҳисоб-китоб қилинмагани аниқланган.
Фуқаро мурожаати қонун талаблари асосида ўрганилиб, тегишли ҳужжатлар тўпланиб, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) томонидан мурожаатчи манфаатида судга даъво аризаси киритилган. Фуқаролик ишлари бўйича Гулистон туманлараро суди томонидан фуқаро С.Х.га 33 миллион сўмдан ортиқ қарздорлик ундириб берилиши белгиланган.
Мурожаатчининг омбудсманга хабар беришича, унга тўланиши керак бўлган қарздорлик суммаси тўлиқ ундириб берилган.
Аввалроқ Сурхондарёда уйи бузилган фуқароларга ҳокимликдан 1,4 миллиард сўм, шунингдек, Россияда иш вақтида жароҳат олган ўзбекистонликка компенсация пули ундириб берилганди.