Сенат Кампир Обод сув омбори тўғрисидаги шартномани маъқуллади
Мазкур ҳужжатнинг қабул қилиниши трансчегаравий сув ресурсларидан ўзаро манфаатли фойдаланишга хизмат қилиши таъкидланди
Олий Мажлис Сенатининг ўттиз бешинчи ялпи мажлисида 2022 йил 18 ноябрь куни сенаторлар Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги муҳим икки томонлама шартномаларни ратификация қилиш тўғрисидаги қонунларни кўриб чиқди. Бу ҳақда Сенат ахборот хизмати хабар берди.

Муҳокамада тегишли вазирлик ва идоралар, шунингдек, Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятлари ҳокимликлари раҳбарлари, Халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари депутатлари, экспертлар ҳам иштирок этди.

Маълум қилинишича, ялпи мажлисда сенаторлар «Ўзбекистон Республикаси билан Қирғизистон Республикаси ўртасида ўзбек-қирғиз давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисидаги шартномани ратификация қилиш ҳақида»ги ҳамда «Ўзбекистон Республикаси ҳукумати билан Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ўртасида Андижон (Кампир Обод) сув омборининг сув ресурсларини биргаликда бошқариш тўғрисидаги битимни ратификация қилиш ҳақида»ги қонунларни муҳокама қилган.
Сенаторлар давлат чегараси билан боғлиқ низоли масалаларнинг ҳал этилиши мамлакат миллий хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Бундан ташқари, мазкур ҳужжатларнинг қабул қилиниши трансчегаравий сув ресурсларидан оқилона ва ўзаро манфаатли фойдаланишга хизмат қилиши, икки томонлама ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга имкон бериши таъкидланди.
Муҳокама якунлари бўйича Сенат мазкур қонунларни маъқуллаш тўғрисида қарорлар қабул қилди.
Мавзуга доир: Сенатда Измир шартномаси ратификация қилинди