Сенатда Измир шартномаси ратификация қилинди
Ушбу шартнома Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг таъсис ҳужжати экани таъкидланди
Сенатнинг ўттиз бешинчи ялпи мажлисида «Измир шартномасини ратификация қилиш ҳақида»ги қонун кўриб чиқилди. Бу ҳақда Сенат ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, сенаторлар ушбу шартнома 1996 йил 14 сентябрда 10 та мамлакат — Афғонистон, Озарбайжон, Покистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркия, Туркманистон, Эрон ва Ўзбекистон томонидан имзоланганини ҳамда Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг (ИҲТ) таъсис ҳужжати эканлигини таъкидлади.
Шартнома Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг ташкилий тузилмасини, унинг мақсад ва фаолият тамойилларини, шунингдек, молиявий масалаларни ҳамда ташкилотда қарорлар қабул қилиш тартибини белгилайди.
Муҳокама чоғида сенаторлар Ўзбекистон томонидан Измир шартномасининг ратификация қилиниши Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига тўлақонли аъзо бўлиш учун ҳуқуқий асос яратишини, шунингдек, ташкилотга аъзо давлатлар билан кенг ҳамкорлик қилиш имконини беришини таъкидлади.
Шунингдек, Ўзбекистоннинг ташкилотда тўлиқ иштирок этиши хорижий инвестициялар ҳажмини ошириш, транспорт-логистика йўлакларини кенгайтириш, шу жумладан, транзит ташиш тарифларини бир хиллаштириш орқали кенгайтириш, мамлакат минтақаларининг туристлар жалб этувчанлигини ошириш имконини беради.
Муҳокама якунлари бўйича сенаторлар қонунни маъқуллади.