Бугун оқшоми. Тошкентда йўлни тўсиб олган фуқаролар, гўшт талашиб, пичоқланган талаба, Алишер Усмонов сабаб ТИВга чақирилган Германия элчиси

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Фарғонада аёллар кийимида юрган эркак самосуд қилинди

Ижтимоий тармоқларда Фарғонада аёллар кийимини кийиб олган эркак самосуд қилингани акс этган видео тарқалди.

Маълум бўлишича, 14 ноябрь куни соат 03:00 ларда фуқаро У.Ю. аёллар кийимини кийиб олган ҳолда йўловчи автомашинада Бувайда туманидан қайтаётиб, Бағдод туманининг «Бордон» МФЙ чорраҳасида тушиб қолган. Катта йўл бўйида турган вақтида шу қишлоқда яшовчи фуқаролар унинг эркак киши эканини сезиб қолиб, видеотасвирга олган.

У.Ю. бу ердан қочиб, шу атрофдаги фуқаро Т.Э.га тегишли уйнинг том қисмига чиқиб яширинган. Уй эгаси номаълум шахсни ўғирликка тушганликда гумон қилиб ушлаб, бу ҳақида вилоят ИИБнинг «102» рақамига мурожаат қилган.

Ўзбекистон Алишер Усмонов иши тергови сабаб Германия элчисини ТИВга чақиртирди

Speigel нашри Германия ҳукуматининг миллиардер Алишер Усмоновга нисбатан «пул ювиш» ва солиқдан қочиш айбловлари бўйича тергов ҳаракатларини бошлагани Ўзбекистон билан дипломатик муносабатларни кескинлаштиргани ҳақида ёзди.

Фото: Reuters

Қайд этилишича, икки мамлакат дипломатлари ушбу масалада қатор кризис учрашувларни ўтказган. Сентябрь охирида Германиянинг Тошкентдаги элчиси Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига чақирилган. Германия ТИВ Reuters агентлигининг бу борадаги сўровига жавоб бермаган.

Эслатиб ўтамиз, 21 сентябрь куни Федерал жиноий полиция идораси, Бавария штати полицияси ҳамда махсус солиқ тергови бўлинмаси ходимлари Усмоновнинг Бавария жанубида жойлашган 500 метр квадрат майдонга эга қароргоҳида рейд ўтказганди. Кейинги ҳафтада немис полицияси тергов доирасида Усмоновнинг Германия шимолидаги моторли яхтасини тинтув қилган.

Қашқадарёдаги поликлиника ходимлари полда ўтириб ишлаётгани айтилди

Ижтимоий тармоқларда Қарши тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли 54-сонли оилавий поликлиника биносида шифокорларга шароит йўқлиги, яқинда таъмирланганига қарамасдан ҳеч қандай жиҳозлар ажратилмагани, айрим хоналарда ходимлар полда ўтириб ишлаётгани, иситиш тизими носозлиги қайд этилгани тасвирланган видео тарқалди.

Мазкур ҳолат вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси вакиллари иштирокида ўрганилган. Аниқланишича, 54-оилавий поликлиниканинг 2 қаватли биноси 1993 йилда қишлоқ врачлик амбулаторияси учун қурилган. 2017 йилда қишлоқ оилавий поликлиникаси мақоми берилган. Оилавий поликлиника биноси 2021-2022 йиллар давомида 943 миллион сўмга реконструкция қилинган. Реконструкция лойиҳа сметаларига қаттиқ жиҳозлар билан таъминлаш киритилмаган.

Фото: NasafNews

Бинода 34 та хона мавжуд бўлиб, улардан 5 тасидан фойдаланилмайди, айни пайтда бўш турибди. Бошқа хоналар олдиндан мавжуд бўлган қаттиқ жиҳозлар билан жиҳозланган. Ўрганиш жараёнида полда ўтириб ишлаш ҳолати умуман кузатилмаган, бунга сабаб йўқлиги қайд этилган.

2022 йил 25 апрелда туман тиббиёт бирлашмаси томонидан поликлиникани янги қаттиқ жиҳозлар билан таъминлашда амалий ёрдам сўраб туман ҳокимлигига хат киритилган. Бинода газ қозонлари орқали иситиш тизими мавжуд, унда муаммо аниқланмаган.

Тошкентда гўшт талашган талабалардан бири шеригини пичоқлаб қўйди

Тошкентда гўшт талашиб уришган талабалардан бири шеригини пичоқлаб, ўлдирди.

Маълум қилинишича, 2022 йил 8 июнь куни соат 00:10 да талаба шериги билан ижарада яшайдиган хонадонига келган. Жабрланувчи қозондаги шўрвани иситиб, ундаги бир бўлак гўштни ўзига олган, судланувчи эса ундан гўштни беришни талаб қилган. Ўртада юзага келган тортишувда жабрланувчи судланувчининг чап қулоғига мушт билан урган ва томоғидан бўғган.

Шундан сўнг 27 ёшли талаба қўлига илинган пичоқ билан хонадошининг сон ва кўкрак қисмига урган.

«Менда жабрланувчини ўлдириш нияти йўқ эди. Унга пичоқ санчганимнинг сабаби ўзимни ҳимоя қилиш бўлган. Шу куни у футболкамни йиртиб ташлаганди, уни отам берган эди. Жанжал вақтида мен ҳам қулоғимдан жароҳат олдим… Қилган ишимдан пушаймонман», — деган айбланувчи.

Тошкентдаги ОТМлардан бирининг иккинчи босқич талабаси бўлган йигит отаси хасталигини, оилада ёлғиз боқувчи эканини, бир нафар вояга етмаган фарзанди борлигини айтиб, суддан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмагна жазо сўраган.

Тошкент шаҳар судининг ажрими кўра, жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман суди томонидан қасддан баданга оғир шикаст етказиш жиноятини содир этган талабага тайинланган 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси шартли ҳисобланиб, 2 йил синов муддати белгиланган ва судланувчи суд залидан озод қилинган.

Тошкентда хонадонлари бузилган фуқаролар норозилик билдириб, йўлни тўсиб қўйди

Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани Akay City қурилиш иншооти ҳудудида фуқаролар огоҳлантиришсиз кўчириб юборилаётгани хабар қилинганди.

Қурилиш майдони ёнидаги сўнгги турар жой биноси бузилаётгани сабабли 19 ноябрь, шанба куни фуқаролар плакат кўтарган ҳолда йўлни тўсишга ҳаракат қилди.

Ҳодиса Тошкент шаҳрининг Қори Ниёзов кўчасида содир бўлган. Видеода акция иштирокчиларидан бири плакат кўтарган ҳолда машиналар йўлини тўсишга ҳаракат қилиб, ўтиб кетаётган ҳайдовчилардан бурилишни талаб қилгани акс этган.

Самарқандда келин қайнонасининг бошига ғишт билан уриб, ўлдириб қўйди

Самарқанд вилоятида оилавий жанжал вақтида келин қайнонасининг бошига ғишт билан уриб, уни ўлдириб қўйди.

Маълумотларга кўра, 19 октябрь куни соат 19:30 ларда Ургут тумани ИИБ навбатчилик қисмига тумандаги Чағизмон маҳалласида яшовчи Ф.Ш. исмли аёл мурожаат қилиб, онасининг уйига борганида унинг тан жароҳатлари етказилган мурдасига дуч келганини билдирган.

Воқеа жойига вилоят прокуратураси, Самарқанд вилояти ИИБ раҳбарияти, Ургут тумани прокурори ва ИИБ масъуллари ҳамда тезкор гуруҳ етиб келган. Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Олиб борилган суриштирув ишлари давомида 45 ёшли маҳрума М.Р. ва унинг 26 ёшли келини М.Қ. ўртасида келишмовчилик юз бергани, оқибатда келин ғишт бўлаги билан қайнонасининг бош қисмига уриб, тан жароҳати етказгани аниқланган. Шундан сўнг гумонланувчи отасининг уйига кетиб қолган.

Бугуннинг асосий воқеликлари шулардан иборат эди.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.

Буюк Британия Ўзбекистонга савдода янги имтиёзлар беради
Янгиликлар19:41 | 5.12.22
Буюк Британия Ўзбекистонга савдода янги имтиёзлар беради
Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон ва Фарғона водийсида сув таъминотини яхшилашга оид лойиҳалар билан танишди
Янгиликлар19:14 | 5.12.22
Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон ва Фарғона водийсида сув таъминотини яхшилашга оид лойиҳалар билан танишди
Тошкентдаги «Ашхобод» боғи ҳам вақтинчалик ёпилди
Янгиликлар18:44 | 5.12.22
Тошкентдаги «Ашхобод» боғи ҳам вақтинчалик ёпилди
Қашқадарёда юк автомобили ағдарилиб кетди — фото
Янгиликлар18:13 | 5.12.22
Қашқадарёда юк автомобили ағдарилиб кетди — фото
Ўзбекистонда онлайн қимор ва таваккалчиликка асосланган ўйинлар учун жавобгарлик белгиланмоқда
Янгиликлар17:56 | 5.12.22
Ўзбекистонда онлайн қимор ва таваккалчиликка асосланган ўйинлар учун жавобгарлик белгиланмоқда
Маҳаллабай ишлаш агентлиги тендерларида «уч кунлик фирмалар» ғолиб бўлаётгани аниқланди
Янгиликлар17:34 | 5.12.22
Маҳаллабай ишлаш агентлиги тендерларида «уч кунлик фирмалар» ғолиб бўлаётгани аниқланди