9:10 | 19.11.22 123

Қамчиқ довонида юк автомобили ағдарилиб кетди — видео

У йўлни беркитиб, шу йўналишдаги ҳаракатни тўхтатиб қўйган

Қамчиқ довонидан ўтувчи Тошкент—Ўш автомобиль йўлида юк машинаси ағдарилиб кетди, деб хабар беради ИИВ ЙҲХХ ахборот хизмати.

Кадр: Telegram

Қайд этилишича, 18 ноябрь куни соат 19:25 да Наманган вилояти Поп тумани ҳудудидан ўтувчи автомобиль йўлининг Тошкент—Водий йўналишида ҳаракатланган DAF русумли юк автомобили ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиши оқибатида транспорт воситаси йўлнинг ўнг томонига ағдарилган ва йўлни беркитиб, шу йўналишдаги ҳаракатни тўхтатиб қўйган.

Воқеа жойига зудлик билан ФВВнинг «Қамчиқ» қутқарув гуруҳи ҳамда ЙПХ ходимлари етиб келган. Ҳодиса оқибатлари махсус техникалар ёрдамида бартараф қилинган. Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олганлар йўқ.

«Довон йўли транспортлар ҳаракати учун очиқ, икки томонлама ҳаракат давом этмоқда. Мазкур ҳолат юзасидан туман ФВБ ва ЙҲХБ ходимлари томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда», дейилади хабарда.

Аввалроқ Қамчиқ довонида Isuzu юк машинаси жарликка тушиб кетгани, Қамчиқ довонида юк автомобилида ёнғин чиққани, Қамчиқ довонида Mercedes-Benz юк машинаси ағдарилиб кетгани тўғрисида хабар берилганди.