Андижондаги кўп қаватли уйлардан бирида ёнғин содир бўлди — видео
Вилоят ҳокими воқеа жойига етиб борган
Ижтимоий тармоқларда Андижон шаҳри 3-кичик даҳада ёнғин бўлаётгани акс этган видео тарқалди. Вилоят ҳокимлиги бу бўйича расмий муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, ҳолат назоратга олиниб, вилоят ҳокими бошчилишидаги ишчи гуруҳ ҳамда ФВВ вилоят бошқармаси ўт ўчириш гуруҳи томонидан тезкор бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.
«Ҳолат назорат остида эканини ва бу ҳақда батафсил ахборот берилишини маълум қиламиз», дейилади ҳокимлик муносабатида.
Шунингдек, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги 21:09 да ҳудудда ёнғин келиб чиққани, уни ўчириш учун 12 та ёнғин-қутқарув экипажи 21:18 да воқеа жойига етиб боргани, ёнғин 21:40 да қуршаб олиниб, ҳозирда уни ўчириш ишлари давом этаётганини маълум қилган. Ҳодисада тан жароҳати олган ва ҳалок бўлганлар йўқлиги қайд этилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Навоийдаги савдо дўконида ёнғин чиққани, Намангандаги хонадонлардан бири ёниб кетгани ва Андижондаги «Жаҳон бозори»да ёнғин чиққани хабар қилинганди. Шунингдек, Тошкентдаги «Абу Сахий» бозорининг кўп қаватли «стоянка»сида ёнғин чиққанди.