Ҳафталик дайжест. Беҳаё видеоси учун қамалган қиз, гўшт талашиб пичоқлашган талабалар, саккиз миллиардга етган ер аҳолиси

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг сўнгги етти кунликдаги энг муҳим ва сара хабарлари жой олган ҳафталик дайжести.

Якунига етган ҳафтада ўзбекистонликлар ҳаётида нималар содир бўлди?

«Уммон» гуруҳининг собиқ аъзоси Жасур Рафиқов вафот этди

14 ноябрь. «Уммон» гуруҳининг собиқ аъзоси Жасур Рафиқов узоқ давом этган саратон хасталигидан сўнг ҳафта аввалида оламдан ўтди.

Фото: Instagram / @shoxrux_ummon

Маълумот учун, «Уммон» гуруҳи 2007 йилда Зоҳид Рихсиев, Жасур Рафиқов ва Шоҳруҳ Исамуҳаммедов томонидан ташкил этилган. 2018 йилда Зоҳид Рихсиев гуруҳни тарк этиб ўз яккахон ижодини бошлаган. 2019 йилда эса гуруҳ буткул парчаланган.

Гуруҳнинг «Қандай унутдинг», «Айтгин менга», «Тола», «Сокин тун» каби қўшиқлари ўзбекистонлик санъат ихлосмандлари плейлистидан муқим ўрин эгаллаб келган.

Самарқандда «Афросиёб» поезди 18 бош қўйни уриб кетди

Ижтимоий тармоқларда «Афросиёб» поездининг қонга беланган суратлари тарқалганди. Аниқланишича, 11 ноябрь куни соат 05:31 да Бухоро—Самарқанд—Тошкент йўналишидаги 765-сонли юқори тезликда ҳаракатланувчи тезюрар йўловчи поезди Зирабулоқ—Каттақўрғон темир йўл бекатлари оралиғининг 3816-километри 3-пикетида темир йўл изида қаровсиз юрган 18 бош қўйни уриб юборган.

Фото: Telegram

Ўзбекистон БМТнинг Россия Украинага товон пули тўлаши ҳақидаги резолюциясига овоз беришда бетараф қолди

БМТ Бош ассамблеяси 14 ноябрь куни Украина бўйича ўзининг 11-фавқулодда сессияси ишини бошлади. Унда Украинага қарши бошланган урушдан жабр кўрганларга Россия томонидан товон тўлаш механизми тўғрисидаги резолюция қабул қилинди.

Фото: Reuters
Ҳужжат 94 давлатнинг қўллаб-қувватлови билан қабул қилинган, шунингдек, 13 та делегация қарши овоз берган бўлса, 73 та давлат, жумладан, Ўзбекистон ҳам бетараф қолган.

Фото: Twitter / UN_News
Қабул қилинган ҳужжатда Россия Украинадаги ҳарбий ҳаракатлар вақтида халқаро ҳуқуқнинг ҳар қандай бузилиши учун жавобгар бўлиши кераклигини тан олиш ҳамда бунинг учун товон тўлаши шартлигини белгилаш кўзда тутилган.

«Россия том маънода Украинани вайрон қилди. Россия кенг кўламли босқинининг биринчи куниданоқ бомбалар ташлаяпти, ракеталар учиряпти ва Украина шаҳар ҳамда қишлоқларига мавжуд барча қуроллардан ўққа тутмоқда, фабрика ва заводлар, турар жой бинолари, мактаблар, шифохоналар ҳамда болалар боғчаларига зарбаларни амалга оширмоқда», — дейди Украинанинг БМТдаги домий вакили Сергей Кисилца.

Русланбек Давлетов Президент маслаҳатчиси этиб тайинланди

Президент фармони билан адлия вазири лавозимида ишлаган Русланбек Давлетов Президентнинг ижтимоий-сиёсий ривожланиш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимига тайинланди.

Шу муносабат билан у адлия вазири лавозимидан озод этилган.

Фото: «Bugun.uz»
«Бас қилинг халқ ғазабини қўзғатишни». Учтепа ҳокимлиги журналистнинг газ босими пастлиги ҳақидаги шикоятига жавоб қайтарди
Журналист Азиза Қурбонова Facebook’даги саҳифасида ўзи яшайдиган Учтепа туманидаги маҳаллада газ босимининг пастлиги, 20 дақиқадан буён чой қайната олмаётгани ҳақида пост қолдирди. Туман ҳокимлиги матбуот хизмати эса унга жавоб қайтариб, блогерни «халқ ғазабини қўзғатишни бас қилиш»га чақирди.

Скриншот: Facebook / Aziza Qurbonova

«Салом, менинг номим-газ. Лекин бунга шубҳам бор. Кучим фақат милтиллашга етади. 20 минутдан бери чой ҳам қайнатолмайман. Эгаларим ўтмишим-ўчоққа қайтишган. Ҳа, шунақа. Манзилим- Учтепа тумани Чўпонота маҳалласи», — деб ёзган журналист.

Мазкур постга Учтепа тумани ҳокимлиги номи билан рўйхатдан ўтган профилдан муносабат билдирилган.

«Бўлдида, Азизахон, нима қиласиз оловга ёғ сепиб? Ҳамма нарса назоратга олинган. Қани, бир кун келиб Учтепада ишлангчи, кўраман. Бас қилинг халқ ғазабини қўзғатишни. Сиз нима қилиб бердингиз Учтепага? Тепада ўтириб, ақллилик қилиш нечоғлик осон-а? Мен ҳам сиз ўтирган жойда анчагина ўтирганман, лекин бунақанги катталик қилиб, бировнинг ғазабини келтирмаганман, Аллоҳга шукур», — дейилади изоҳда.

Азиза Қурбонова туман ҳокимлигининг Facebook’даги саҳифаси номидан ким ёзаётганига аниқлик киритишни сўраганида, қуйидагича жавоб олган:

«Менинг исмим — Учтепа тумани ҳокимлиги ва мен халқимнинг оғир ва енгил кунларида ҳам бирга бўлиб, улар нафас олаётган ҳаводан нафас оламан, улар юрган йўллардан юраман, уларнинг дарди билан яшайман. Мана мен кимман, Азизабону. Ва сизга ҳам шуни тавсия қиламан. Ўзингиздан катталарга ҳурмат билан ёндашишни тавсия қиламан».

Кейинроқ ушбу ёзишмага туман ҳокимлиги расмий муносабат билдириб, матбуот котибига огоҳлантириш билдирилганини маълум қилган.

Фото: Facebook / Тўра Тўраев

«Матбуот котибининг бундан кейинги фаолиятида туман ҳокимлиги номидан билдираётган фикрларида журналастик этикасига риоя этиши тушунтирилди. Туман ҳокимлиги журналистлар учун ҳар доим очиқ ва шаффоф эканлигини ва муаммоли вазиятларда тезкор муносабат билдиришини яна бир бор маълум қилади», дейилади туман ҳокимлиги хабарида.

Бухорода ўқитувчи аёл деярли бутун синф ўқувчиларини калтаклади

Бухоро шаҳридаги 4-мактабда ўқитувчи аёл уй вазифасини яхши бажармаган ўқувчиларнинг деярли барчасини калтаклади.

Ушбу воқеа акс этган видеода 3-синф ўқувчиларига дарс ўтаётган ўқитувчи парталар оралаб юриб, ўқувчиларнинг уйга вазифаларини текшираётгани ҳамда бажарган топшириғидан кўнгли тўлмаган ўқувчиларни, жумладан қизларни ҳам тана аъзоларининг турли нуқталарига ураётганинини кўриш мумкин.

Воқеага нисбатан депутат Расул Кушербаев «Ўқитувчи М.Воҳидова экан. Ўқувчиларнинг тана аъзолари кўкарган, қулоқлари йиртилган ҳолда ўқишмоқда. Болаларни уриб дарс ўтиш мумкинми? Халқ таълими вазирлиги ва бошқа идоралар буни назоратга олишларини сўраймиз», — дея фикр билдирган.

Бухоро ИИБ ҳолатга муносабат билдириб, тезкор суриштирув ҳаракатлари олиб борилаётгани ва тез орада қўшимча маълумот берилишини маълум қилган.

Шундан сўнг ўқитувчи ўз хохишига кўра ишдан бўшатилган.

Тошкентда уятсиз фото ва видеоларини тарқатган блогер қиз қамалди

16 ноябрь. Одоб-ахлоқ қоидаларига зид равишда видео суратга олган ва уни ижтимоий тармоқлар тарқатган қиз 5 суткага қамалди. Тошкентлик 2001 йилда туғилган қизнинг ушбу хатти-ҳаракатлари аввалроқ ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг эътирозларига сабаб бўлганди.

Фото: Telegram

15 ноябрь куни Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясида унга нисбатан берилган жазо чораси бўйича тақдим этилган апелляция шикояти кўриб чиқилди.

Суд томонидан айбланувчининг шахси, ёши, аёллиги ва бир нафар вояга етмаган фарзанди борлиги инобатга олиниб, инсонпарварлик тамойили қўлланилган ҳолда унга берилган беш суткалик маъмурий қамоқ жазоси тўрт суткалик маъмурий қамоқ билан алмаштирилган. Натижада маъмурий жавобгарликка тортилган блогер қиз жазони тўлиқ ўтаган деб ҳисобланиб, Тошкент шаҳар ИИББ Махсус қабулхонасидан озод қилинган.

Акбар Тошқулов адлия вазири лавозимига тайинланди

Тошкент давлат юридик университети ректори Акбар Тошқулов номзоди адлия вазири лавозимига маъқулланди.

Фото: Telegram
Маълумот учун, Тошқулов 1971 йилда Жиззах вилоятида туғилган, маълумоти олий. 1994 йили Тошкент давлат юридик институтини тамомлаган, ҳуқуқшунос, 1-даражали адлия маслаҳатчиси, «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган юрист» унвони соҳиби.

У ўз меҳнат фаолиятини 1994-1995 йилларда Адлия вазирлиги Халқаро-ҳуқуқий бошқармасининг катта маслаҳатчиси лавозимидан бошлаган.

Акбар Тошқулов Тошкент давлат юридик университети ректорлигидан аввал адлия органлари тизимида турли масъул лавозимларда фаолият юритган бўлиб, 2017 йил апрель ойидан бошлаб адлия вазири ўринбосари сифатида ишлаган.

Сурхондарёда бўрининг терисини шилиб олган эркак жаримага тортилди

Ижтимоий тармоқларда Сурхондарёдаги бир нечта эркак бўрининг терсини шилиб олаётгани акс этган видео тарқалди.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат Сурхондарё вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ҳамда Миллий гвардия бошқармаси ходимлари томонидан жойига чиқиб ўрганилган. Ўрганиш давомида ушбу ҳолат фуқаро Т.Ф. томонидан содир этилгани маълум бўлган.

Фуқаро Т.Ф. бу ҳаракати билан «Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги қонуннинг 42-моддаси ва «Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида»ги қонуннинг 17 ва 27-моддалари талабини бузгани сабабли унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 90-моддаси (ов қилиш ва балиқ овлаш қоидаларини, шунингдек ҳайвонот дунёсидан фойдаланишнинг бошқа турларини амалга ошириш қоидаларини бузиш) 1-қисми билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари (3 миллион сўм) миқдорида жарима белгиланган.

Шундан сўнг бу каби ҳолатлар яна содир этилмаслиги учун «Сангардак» маҳалласи аҳоли вакиллари билан профилактик суҳбатлар ўтказилиб, уларга табиий муҳитда яшаётган ёввойи ҳайвонларни овлаш, уларга зиён етказиш тегишли қонунларга асосан жавобгарликка тортилиши батафсил тушунтирилган.

Тошкентда терроризмни молиялаштириш билан шуғулланган 29 ёшли йигит ушланди

17 ноябрь. Тошкентда терроризмни молиялаштириш билан шуғулланган 29 ёшли йигит 10 йил бир ой муддатга қамалди. Маълум қилинишича, у 2014 йилда ўқиш учун Жанубий Кореяга кетган ва ўша ерда турли заводларда ишлаган. 2018 йилдан бошлаб ижтимоий тармоқлар орқали террористик ва экстремистик мазмундаги маърузаларни тинглаб, тарқата бошлаган.

Ўзбекистонга 2020 йилда қайтиб келганидан кейин ҳам бу ҳаракатларни давом эттира бошлаган ва «Тавҳид ва жиҳод катибаси» террористик ташкилоти аъзоларининг виртуал даъватлари асосида Сурияга кетишни режалаштирган. Мақсади амалга ошмагач, 2021-2022 йиллар давомида 24 миллион 222 минг сўм миқдоридаги маблағни «молиявий жиҳод» сифатида халқаро пул ўтказмалари ва электрон иловалар орқали Суриядаги жангариларга юборган.

Сенат сайтини бузганликда айбланган 16 ёшли бола жавобгарликка тортилди

Олий Мажлис сенатининг расмий сайтининг 2022 йил 2 ноябрь куни бузиб кирилишида айбдор деб топилган 16 ёшли бола ва унинг шериклари жиноий жавобгарликка тортилди. Маълум қилинишишича, бола Наманган вилояти Норин тумани Улуғбек кўчасида яшаб, турли сайтларни бузиб киришга оид видеоларни интернетда кузатиш орқали кибержиноятни амалга ошириш «кўникма»сини ўзлаштирган.

Ҳолат юзасидан Норин тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 278-2-моддаси 2-қисми «а» банди (компьютер ахборотидан қонунга хилоф равишда (рухсатсиз) фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Ўзбекистонда буғдой уни импорт божидан озод этилди

18 ноябрь. «Истеъмол бозорларида нархлар барқарорлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент фармони қабул қилинди.

Фармонга кўра, Президентнинг 2022 йил май охиридаги фармонида келтирилган товарларга, жумладан, балиқ, янги ёки қуритилган цитрус мевалари (лимондан ташқари), маргарин ва бошқага импорт божхона божининг ноль ставкаси қўлланиш муддати 2023 йил 1 июлгача узайтирилиб, мазкур рўйхатга буғдой уни ёки буғдой-жавдар уни ҳам киритилган.

Фарғонада аёллар кийимида юрган эркак самосуд қилинди

19 ноябрь. Ижтимоий тармоқларда Фарғонада аёллар кийимини кийиб олган эркак самосуд қилингани акс этган видео тарқалди.

Маълум бўлишича, 14 ноябрь куни соат 03:00 ларда фуқаро У.Ю. аёллар кийимини кийиб олган ҳолда йўловчи автомашинада Бувайда туманидан қайтаётиб, Бағдод туманининг «Бордон» МФЙ чорраҳасида тушиб қолган. Катта йўл бўйида турган вақтида шу қишлоқда яшовчи фуқаролар унинг эркак киши эканини сезиб қолиб, видеотасвирга олган.

У.Ю. бу ердан қочиб, шу атрофдаги фуқаро Т.Э.га тегишли уйнинг том қисмига чиқиб яширинган. Уй эгаси номаълум шахсни ўғирликка тушганликда гумон қилиб ушлаб, бу ҳақида вилоят ИИБнинг «102» рақамига мурожаат қилган.

Ўзбекистон Алишер Усмонов иши тергови сабаб Германия элчисини ТИВга чақиртирди

Speigel нашри Германия ҳукуматининг миллиардер Алишер Усмоновга нисбатан «пул ювиш» ва солиқдан қочиш айбловлари бўйича тергов ҳаракатларини бошлагани Ўзбекистон билан дипломатик муносабатларни кескинлаштиргани ҳақида ёзди.

Фото: Reuters
Қайд этилишича, икки мамлакат дипломатлари ушбу масалада қатор кризис учрашувларни ўтказган. Сентябрь охирида Германиянинг Тошкентдаги элчиси Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига чақирилган. Германия ТИВ Reuters агентлигининг бу борадаги сўровига жавоб бермаган.

Эслатиб ўтамиз, 21 сентябрь куни Федерал жиноий полиция идораси, Бавария штати полицияси ҳамда махсус солиқ тергови бўлинмаси ходимлари Усмоновнинг Бавария жанубида жойлашган 500 метр квадрат майдонга эга қароргоҳида рейд ўтказганди. Кейинги ҳафтада немис полицияси тергов доирасида Усмоновнинг Германия шимолидаги моторли яхтасини тинтув қилган.

Тошкентда гўшт талашган талабалардан бири шеригини пичоқлаб қўйди

Тошкентда гўшт талашиб уришган талабалардан бири шеригини пичоқлаб, ўлдирди.

Маълум қилинишича, 2022 йил 8 июнь куни соат 00:10 да талаба шериги билан ижарада яшайдиган хонадонига келган. Жабрланувчи қозондаги шўрвани иситиб, ундаги бир бўлак гўштни ўзига олган, судланувчи эса ундан гўштни беришни талаб қилган. Ўртада юзага келган тортишувда жабрланувчи судланувчининг чап қулоғига мушт билан урган ва томоғидан бўғган.

Шундан сўнг 27 ёшли талаба қўлига илинган пичоқ билан хонадошининг сон ва кўкрак қисмига урган.

«Менда жабрланувчини ўлдириш нияти йўқ эди. Унга пичоқ санчганимнинг сабаби ўзимни ҳимоя қилиш бўлган. Шу куни у футболкамни йиртиб ташлаганди, уни отам берган эди. Жанжал вақтида мен ҳам қулоғимдан жароҳат олдим… Қилган ишимдан пушаймонман», — деган айбланувчи.

Тошкентдаги ОТМлардан бирининг иккинчи босқич талабаси бўлган йигит отаси хасталигини, оилада ёлғиз боқувчи эканини, бир нафар вояга етмаган фарзанди борлигини айтиб, суддан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмагна жазо сўраган.

Тошкент шаҳар судининг ажрими кўра, жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман суди томонидан қасддан баданга оғир шикаст етказиш жиноятини содир этган талабага тайинланган 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси шартли ҳисобланиб, 2 йил синов муддати белгиланган ва судланувчи суд залидан озод қилинган.

Якунига етган ҳафтада жаҳонда нималар содир бўлди?

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг касалхонага тушиб қолгани айтилди

14 ноябрь. G20 саммитида иштирок этиш учун Балига келган Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров соғлиғи ёмонлашгани боис шифокорларга мурожаат қилишга мажбур бўлгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Фото: AP Photo
Ўз навбатида, Россия Ташқи ишлар вазирлиги вакили Мария Захарова Лавровнинг Балидаги касалхонага ётқизилгани ҳақидаги хабарларни рад этди.

«Биз Сергей Викторович билан Индонезияда лентани ўқиб, кўзларимизга ишонмаяпмиз: маълум бўлишича, у шифохонага ётқизилибди. Бу, албатта, юқори даражадаги фейк», — деб ёзади Захарова.

Матбуот котиби исбот сифатида Балидаги меҳмонхонадан олинган, Лавровнинг соғлиғи яхши эканини тасдқиловчи видеони ҳам улашган.

Владимир Путин хорижликларга Россия армиясида хизмат қилишга рухсат берди

Россия Президенти Владимир мамлакат қуролли кучларида чет эл фуқаролигига эга бўлган шахсларга хизмат кўрсатишга рухсат берувчи фармонни имзолади.

Тегишли фармон душанба куни расмий ҳуқуқий ахборот порталида эълон қилинди. Ҳужжат Россия Федерацияси Президентининг 1999 йил 16 сентябрдаги қарори билан тасдиқланган «Ҳарбий хизматни ўташ тартиби тўғрисидаги низом»га ўзгартишлар киритади.

Ўзгаришларга кўра, ҳарбий хизмат «фуқаролиги бўлган аскарлар, денгизчилар, сержантлар, кичик офицерлар, шу жумладан чет давлат фуқаролари ёки яшаш учун рухсатнома, фуқаронинг чет давлат ҳудудида доимий яшаш ҳуқуқини тасдиқловчи бошқа ҳужжатга эгалар томонидан чақирув асосида амалга оширилади».

Ер аҳолиси 8 миллиард кишига етди

15 ноябрь. Қайд этилишича, Ер аҳолиси 1 миллиард кишига кўпайиши учун 12 йил керак бўлган. Прогнозларга кўра, инсоният 8,5 миллиард кишилик маррадан 2030 йили ўтиши, 10,4 миллиардлик чўққига эса 2080 йилларда чиқади.

Фото: Anadolu агентлиги

Сўнгги 200 йил ичида одамлар сони саккиз марта ошган. Масалан, 1900 йиллар бошида сайёрада 1,6 миллиард одам яшаган бўлса, 2000 йиллар бошига келиб уларнинг сони 6 миллиардга, 2011 йилда эса 7 миллиардга етган. Бундай жадал ўсиш тиббиётнинг ривожланиши, санитария соҳасидаги ютуқлар, ичимлик сувидан фойдаланиш имкониятининг кенгайиши, кенг қамровли вакцинация билан изоҳланади.

БМТ маълумотларида таъкидланишича, аҳоли сонининг доимий ўсишига қарамай, унинг жадаллик суръати сўнгги пайтларда секинлашмоқда. Прогнозларда келтирилишича, 2022 йилдан 2050 йилгача 60 дан ортиқ мамлакатларда «туғилишнинг доимий пастлиги ва баъзи ҳолларда эмиграциянинг кўпайиши туфайли» аҳоли сони 1 фоизга ёки ундан кўпроққа қисқариши кутилмоқда.

Садир Жапаров Ўзбекистон билан Кампир Обод сув омбори бўйича келишув ҳақида гапирди

17 ноябрь. Қирғизистон президенти Садир Жапаров мамлакат парламентида ўзбек—қирғиз чегараси борасидаги келишув бўйича чиқиш қилди.

Фото: Klopp

«Бундай тарихий кунда яширинмасдан, ушбу масала ҳақида ўз фикримни айтишга қарор қилдим», — дейди Жапаров.

Унинг сўзларига кўра, Кампир Ободдаги 4127 гектар ер Ўзбекистон билан 1965 йилда алмашилган.

«Айрим фуқаролар Капмир-Ободдаги сув қуриб қолса, унинг остидаги ер Ўзганда қолсин демоқда. Биринчидан, сув қуримайди, у асрлар давомида оқади. Иккинчидан, сув омбори қуриб қолган тақдирда ҳам бу вақтда биз тенг томонлама алмашинувни амалга ошира оламиз, улар бундан фақат хурсанд бўлади.

Учинчидан, баъзи фуқаролар ушбу битимга Ўзбекистонга бошқа ер бериш кераклиги, сув олдидаги ерни тортиб олиш ҳақида бақир-чақир қиляпти. Ўзбекларнинг калласи яхши ишлайди, шу сабабли улар 30-40 йил олдинга илгарилаб кетган. Биз эса фақат бақириш билан шуғулланяпмиз», — дейди у.

Ҳафтанинг асосий воқеликлари шулардан иборат эди. Янги ҳафтада фақат яхши янгиликлар ҳамроҳингиз бўлсин.

Қирғиз мухолифати Кампир Обод бўйича келишувни бекор қилиш учун халқаро судга мурожаат қилади

18 ноябрь. Кампир Обод сув омбори ҳамда Ўзбекистон билан чегара масаласида 17 ноябрь кунги Қирғизистон парламентидаги муҳокамалар қизғин ўтган, ҳатто якунда мажлис иштирокчилари жанжаллашиб ҳам кетишганди. Муҳокамалар якунига кўра, чегара масаласидаги қонун лойиҳалари ратификация қилинганди.

Энди маълум бўлишича, Қирғизистон мухолифати ушбу келишувдан норози ва келгусида бу бўйича халқаро судга мурожаат қилишни режалаштирмоқда. Уларнинг вакилларидан бири кечаги мажлисда ҳукумат босими билан ратификация амалга оширилганини иддао қилмоқда.

Украина президенти Учинчи жаҳон урушини бошлашга уринишда айбланди

Рон Пол номидаги Америка тинчлик ва фаровонлик институти сайтида Украина президенти «Учинчи жаҳон урушини бошлашда айбланган мақола эълон қилинди.

Фото: AP Photo
Унга кўра, Владимир Зеленский 15 ноябрь куни Польша ҳудудига келиб тушган ракеталарнинг Россия томонидан учирилганини иддао қилиш туфайли «Шимолий Атлантика Альянси ва Россия ўртасида уруш бошланиб кетишига бир баҳя қолган»

Аслида эса, бу ракеталар Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими С-300 да носозлик юзага келиши оқибатида Россия ҳарбийлари томонидан учирилган ракетани қайтариш ўрнига Польша ҳудудига снаряд улоқтирганлиги таъкидланмоқда.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.

Буюк Британия Ўзбекистонга савдода янги имтиёзлар беради
Янгиликлар19:41 | 5.12.22
Буюк Британия Ўзбекистонга савдода янги имтиёзлар беради
Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон ва Фарғона водийсида сув таъминотини яхшилашга оид лойиҳалар билан танишди
Янгиликлар19:14 | 5.12.22
Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон ва Фарғона водийсида сув таъминотини яхшилашга оид лойиҳалар билан танишди
Тошкентдаги «Ашхобод» боғи ҳам вақтинчалик ёпилди
Янгиликлар18:44 | 5.12.22
Тошкентдаги «Ашхобод» боғи ҳам вақтинчалик ёпилди
Қашқадарёда юк автомобили ағдарилиб кетди — фото
Янгиликлар18:13 | 5.12.22
Қашқадарёда юк автомобили ағдарилиб кетди — фото
Ўзбекистонда онлайн қимор ва таваккалчиликка асосланган ўйинлар учун жавобгарлик белгиланмоқда
Янгиликлар17:56 | 5.12.22
Ўзбекистонда онлайн қимор ва таваккалчиликка асосланган ўйинлар учун жавобгарлик белгиланмоқда
Маҳаллабай ишлаш агентлиги тендерларида «уч кунлик фирмалар» ғолиб бўлаётгани аниқланди
Янгиликлар17:34 | 5.12.22
Маҳаллабай ишлаш агентлиги тендерларида «уч кунлик фирмалар» ғолиб бўлаётгани аниқланди