Ўзбекистонда «Ўзбек тулпори» номли янги от зоти яратилди
Ўзбекистонда «Ўзбек тулпори» номли янги от зоти яратилди. Бу ҳақда «Янги Ўзбекистон» нашри хабар берди.

Маълум қилинишича, Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ туманидаги «Ўзбегим отлари» мажмуасида ташкил этилган тадбирда Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раҳбари, Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси раиси, «Ўзбегим отлари» МЧЖ раҳбари ҳамда 100 дан ортиқ соҳа мутахассислари иштирок этган.

Тадбирда Ўзбекистонда йилқичилик ва от спортини ривожлантириш ҳамда долзарб муаммолар ечими, соҳада эришилаётган ютуқлар, ўзбекистонлик спортчиларнинг халқаро мусобақалардаги иштирокига оид маъруза муҳокама қилинган.
Бундан ташқари, илмий-тадқиқот институтлари ҳамда Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси мутахассисларига «Ўзбегим отлари» от заводида ўзлари яратган «Ўзбек тулпори» номли янги от турини кўпайтириш бўйича топшириқлар берилган. Кўргазмали семинар давомида ахалтеке, араб ва инглиз зотли отларнинг кўргазмали чиқишлари ҳам намойиш этилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда помидордан коронавирусга қарши вакцина яратилганди. Шунингдек, АҚШ олимлари билан ҳамкорликда пахтанинг янги нави яратилгани ҳақида хабар берилганди.