Самарқандда 26 ёшли аёл уч нафар фарзанди билан ўзини каналга ташлади
Самарқанд тумани «Жарқишлоқ» маҳалласида яшовчи 26 ёшли аёл уч нафар вояга етмаган фарзанди билан ўзини Дарғом каналига ташлади. Бу ҳақда Самаранд вилояти прокуратураси хабар берди.
Аниқланишича, 1 ноябрь куни Самарқанд тумани «Жарқишлоқ» маҳалласида яшовчи 26 ёшли аёл А.Қ. қайнонаси С.Қ. билан ўрталарида келиб чиққан ўзаро жанжал оқибатида вояга етмаган уч нафар фарзанди билан бирга яшаш уйидан чиқиб кетиб, ота-онасининг уйига борган.
Шундан сўнг, 3 ноябрь куни А.Қ. вояга етмаган қизини онасининг уйидан, ўғилларини мактабгача таълим муассасасидан олиб чиқиб, Самарқанд тумани «Янгиариқ» маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи «Дарғом» каналининг олдига келган. Аёл ўзи ва фарзандларини ўлдириш мақсадида сувга ташлаб юборган вақтида «Оқ-амур» номли ошхонада ёлланма ишчи бўлиб ишловчи фуқаролар томонидан А.Қ. ҳамда унинг икки нафар фарзанди сувдан чиқариб олинган, бироқ бир нафар фарзанди воқеа жойида вафот этган.
13 ноябрь куни А.Қ.нинг вояга етмаган фарзандининг мурдаси «Дарғом» каналининг қирғоғидан топилган.
Мазкур ҳолат юзасидан А.Қ.га нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 2-қисми «в» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, унга нисбатан «қамоққа олиш» эҳтиёт чораси қўлланилган.
Ҳолат юзасидан вилоят ИИБ, вилоят Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бошқармаси ҳамда вилоят Оила ва хотин-қизлар бошқармасига хизмат текширувлари тайинланган. Ҳозирда жиноят иши юзасидан Самарқанд вилояти прокуратураси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Самарқандда 18 ёшли қизнинг жасади каналдан топилгани тўғрисида хабар берилганди. Шунингдек, Катта Фарғона каналида чўкиб кетган йигитнинг ўлими сабаби маълум қилинганди.