Шавкат Мирзиёев Францияга жўнаб кетди
Франция президенти Эммануэл Макроннинг таклифига биноан Шавкат Мирзиёев 21 ноябрь куни расмий ташриф билан ушбу мамлакатга жўнаб кетди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, ташриф дастурига мувофиқ Париж шаҳридаги Елисей саройида олий даражадаги музокаралар ва Франция Миллий йиғинида учрашув ўтказилиши режалаштирилган.
Устувор соҳаларда кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилади. Халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик масалалар юзасидан фикр алмашилади.
Ўзбекистон Президенти Франциянинг етакчи компаниялари вакиллари билан ҳам учрашув ўтказади.
«Лувр музейи ва Араб дунёси институтига ташриф буюриб, халқимизнинг бой маданий меросига бағишланган ‘Ўзбекистон воҳалари хазиналари. Карвон йўллари чорраҳасида’ ва ‘Самарқандга йўл. Ипак ва олтин мўъжизалари’ кўргазмалари билан танишиш мўлжалланган», — дейилади хабарда.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Европа комиссияси Вице-президентини қабул қилгани, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти бош котиби билан музокара ўтказгани, «Кўксарой»да ЕТТБ президентини қабул қилгани тўғрисида хабар берилганди.