Тошкентга олиб келинаётган 900 килодан ортиқ истеъмолга яроқсиз гўшт тўхтатиб қолинди
Сирдарё Йўл-патруль хизмати масканида истимолга яроқсиз гўшт ортилган Nexia-1 тўхтатиб қолинди. Бу ҳақда ИИВ хабар берди.

Қайд этилишича, вилоят Ички ишлар бошқармаси «Сирдарё» Йўл-патруль хизмати масканида ўтказган тезкор тадбир давомида Қашқадарё—Тошкент йўналишида ҳаракатланиб келаётган Косон туманида яшовчи фуқаро бошқарувидаги Nexia-1 тўхтатилиб, унинг юкхонаси текширилган. Унда жами 900 килограммдан ортиқ гўшт маҳсулоти борлиги аниқланган.
Лаборатория текширувлари давомида ушбу гўшт маҳсулотларининг истеъмолга яроқсиз экани аниқланган. Ҳозирда ҳолат юзасидан Сирдарё вилояти ИИБ ходимлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Тошкент шаҳридаги «Қўйлиқ» деҳқон бозорида 188 килограмм истеъмолга яроқсиз гўшт маҳсулотларининг савдосига чек қўйилганди. Истеъмолга яроқсиз деб топилган маҳсулотлар савдоси бекор қилиниб, ўрнатилган тартибда бартараф этилган. Шунингдек, Тошкентда истеъмолга яроқсиз гўшт ортилган Cobalt тўхтатиб қолинган, Қашқадарёда салкам 1 тонна истеъмолга яроқсиз гўшт олиб кетаётган эркак ушланганди.