Бугун оқшоми. Франция президенти билан учрашган Мирзиёев, императордан орден олган Абдуҳакимов, Саудияга ютқазган Аргентина

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

ХДП Ўзбекистонда коммунал хизматлардан узиб қўйилганлик учун жарима тўланиши кераклигини маълум қилди

Халқ демократик партияси электр энергияси ва газдан огоҳлантиришсиз узиб қўйишлар учун жарима тўланиши ёки зарар қопланиши кераклигини таъкидлади.

Партиянинг қайд этишича,

  • аҳолини электр энергияси, газ, кўмир билан таъминлаш тизимларини қайта кўриб чиқиш вақти аллақачон келган. Аввало, ҳар бир ҳудуд кесимида эҳтиёжнинг реал миқдори аниқланиши зарур ва шу асосда энергия манбалари, куз-қиш ойлари келмасдан, қайта тақсимланиши ёки ташкил этилиши керак;
  • иккинчидан, «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунда кафолатланган ҳуқуқлар таъминотчи корхона-ташкилотлар томонидан мунтазам бузилмоқда. Хусусан, электр энергия ва газ учун аввалдан тўлов бўлгани ҳолда, истеъмолчилар ҳеч қандай огоҳлантиришларсиз электр таъминотидан узиб қўйилмоқда.

«Бу ноқонуний, ноинсоний муносабатдир. Ҳеч бир юртдошимиз, ҳеч бир истеъмолчи қишли-қировли кунларда хонадонида ёши улуғ ота-оналари, гўдаклари, ҳомиладор аёллари совуқдан қийналишига тоқат қила олмайди», — дея таъкидланади хабарда.

Тадбиркорлар ёки ижтимоий соҳа ташкилотлари ҳам электр энергиясидан асоссиз узилган вақтларида оғир муаммоларга дуч келмоқда. Совутгичлар ишламагани сабабли озиқ-овқат маҳсулотлари истеъмолга яроқсиз ҳолга келмоқда, кичик бизнес вакилларида ишлаб чиқариш тартиби бузилмоқда, иссиқхоналарга экилган, каттагина маблағ сарфланган ўсимликларни совуқ уриши оқибатида деҳқонлар катта зарар кўрмоқда. Кутилмаган ва кўнгилсиз ҳолатларнинг аксарияти таъминотчиларнинг ўз вазифаларига масъулиятсиз қараши сабаб рўй беряпти.

Япония императори Ўзбекистон туризм ва маданий мерос вазирини орден билан мукофотлади

Япония пойтахти Токиодаги император саройида 2022 йилнинг 9 ноябрь куни мамлакат императори Нарухито томонидан Ўзбекистон туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимовга «Чиқаётган Қуёш Катта Кордон Ордени» топширилди. Маълумот учун, орден 1875 йилда ташкил этилган бўлиб, Абдуҳакимов ушбу мукофот билан тақдирланган тарихдаги энг ёш ва Марказий Осиёдаги биринчи киши бўлди.

Фото: Туризм ва маданий мерос вазирлиги

Самарқандда «қиморхона очган» маҳалла раиси ўз аризасига кўра ишдан бўшади

Ижтимоий тармоқларда самарқанд вилояти Пастдарғом туманидаги «Қозоқ Найман» МФЙ раиси қиморхона очгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолат ўрганилганида, 21 ноябрь куни маҳалла раиси ўз аризасига биноан ишдан бўшагани маълум бўлди.

Вакиллар йиғилишининг қарорига кўра, маҳалла фуқаролар йиғини раисининг ваколати муддатидан олдин тугатилган.

Фото: Telegram

Тошкентдаги кафелардан бири мижозларга сарқит овқатларни бераётгани маълум бўлди

Тошкентдаги умумий овқатланиш шохобчаларидан бирида мижозларга бошқалардан қолган овқат сарқитлари берилаётгани маълум бўлди.

Фото: Nova24

Маълумотларга кўра, кўнгилсиз ҳолат мижозлар ўз-ўзига хизмат кўрсатадиган умумий овқатланиш муассасаларидан бирида содир бўлган. Тақсимлаш пештахтаси ёнида турган сотувчи ликопчада салат еган. Охирига қадар ейишга улгурмай, у сарқитни бошқа мижозларга салат солиб бериладиган умумий контейнерга ташлаган.

Столда худди шу салатни еётган мижозлардан бири воқеага гувоҳ бўлган. У сотувчидан нима учун ўз салатини мижозларга берилаётган идишга солинганини сўраган.

«Ҳа, нима бўлибди?», — дея жавоб қайтарган сотувчи.

Мижоз менежерни чақирган ва ходимларнинг сарқит овқатини мижозларга бериш керак эмаслигини айтган. Бунга жавобан менежер унга бепул овқатланишни таклиф қилган.

Шавкат Мирзиёев Эммануэль Макрон билан учрашди

Шавкат Мирзиёев Париждаги Елисей саройида Франция президенти Эммануэль Макрон билан учрашди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Қайд этилишича, икки давлат президентлари биргаликда Лувр музейи ва нуфузли Араб дунёси институтида Ўзбекистоннинг маданий ва тарихий меросига бағишланган «Ўзбекистон воҳалари хазиналари. Карвон йўллари чорраҳаларида» ҳамда «Самарқандга йўл, Ўзбекистон жилолари ва улуғворлиги» номли кўргазмаларининг очилиш маросимида иштирок этишмоқда.

Шунингдек, Елисей саройидаги учрашувдан кейин Шавкат Мирзиёев ҳамда Эммануэль Макрон Лувр музейидаги «Ўзбекистон воҳалари хазиналари. Карвон йўллари чорраҳасида» номли кўргазмага ташриф буюради.

Самарқандда бешта автомобиль иштирокида ЙТҲ содир бўлди

Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида бешта автомобиль иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди.

Маълум қилинишича, 2022 йил 21 ноябрь куни соат 13:00 ларда Самарқанд вилояти, Каттақўрғон тумани «Муллакўрпа» МФЙ ҳудудидан ўтувчи ички йўлда ҳайдовчи, 1984 йилда туғилган Б.К. юқори тезликда Lada Granta русумли автомобилда ҳаракатланаётиб, олдинда бўлган ҳайдовчи, 1978 йилда туғилган М.Ғ. бошқарувидаги Cobalt автомобилининг орқа томонига қаттиқ зарб билан урилган. Бунинг оқибатида атрофда бўлган:

  • 1) ҳайдовчи, 1992 йилда туғилган Л.Д. бошқарувидаги Damas;
  • 2) ҳайдовчи, 1996 йилда туғилган С.М. бошқарувидаги Lacetti;
  • 3) ҳайдовчи, 1978 йилда туғилган Д.С. бошқарувидаги Tico автомобиллари йўл-транспорт ҳодисаси қатнашчисига айланган.

Ҳодисада Damas ҳайдовчиси тан жароҳати билан шифохонага олиб кетилаётган вақтда вафот этган.

Йўл-транспорт ҳодисаси юзасидан Каттақўрғон тумани Ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят Кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани маълум қилинган.

«Барча ҳайдовчилардан белгиланган қоидаларга риоя қилишларини сўраймиз», дейилади хабарда.

Дунёда нима гап?

Аргентина жаҳон чемпионатида сенсацион тарзда Саудия Арабситонига ютқазди

Футбол бўйича Қатарда ўтказилаётган жаҳон чемпионати «C» гуруҳи 1-туридан ўрин олган баҳсда Лионел Мессиси бор Аргентина Ўзбекистонни жаҳон чемпионатидан мосуво қилган Саудия Арабистонига сенсацион тарзда мағлуб бўлди. Ўйиннинг ўнинчи дақиқасида «ПСЖ» ҳужумчиси Лионел Месси пенальтидан ҳисобни очди. Шундан сўнг, аргентиналиклар яна уч марта араблар дарвозасини ишғол қилди. Бироқ, голларнинг учаласи офсайддан уриган деб топилди. Жамоалар танаффусга шу ҳисоб билан чиқиб кетди.

Иккинчи бўлимда саудияликлар ҳужумлар сонини кўпайтирди ва бу ўйиннинг 48-дақиқасида Ал-Шаҳри томонидан ҳисобнинг тенглаштирилишига олиб келди. Орадан беш дақиқа ўтиб, Ал-Доссари аниқ зарба билан Мартинез дарвозасини ишғол қилди — 1:2.

Иккинчи бўлим учун ҳакам томонидан 8 дақиқа қўшиб берилди. аргентиналикларнинг кетма-кет ҳужумларига қарамай, ўйинда ҳисоб бошқа ўзгармади ва Саудия Арабистони терма жамоаси иродали ғалаба эвазига гуруҳ пешқадамига айланиб олди. Аргентинанинг эса 36 ўйинлик мағлубиятсиз cериясига нуқта қўйилди.

Бугуннинг асосий воқеликлари шулардан иборат эди.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.

Ўзбекистонда ерларни аукционга чиқариш соддалаштирилади
Янгиликлар21:23 | 30.11.22
Ўзбекистонда ерларни аукционга чиқариш соддалаштирилади
Бугун оқшоми. Ўлдириб кетилган профилактика инспектори, қурувчиларни ногиронлар аравачасига миндирган ҳоким, Ўзбекистонга яқинлашаётган совуқ кунлар
Мақолалар21:00 | 30.11.22
Бугун оқшоми. Ўлдириб кетилган профилактика инспектори, қурувчиларни ногиронлар аравачасига миндирган ҳоким, Ўзбекистонга яқинлашаётган совуқ кунлар
Пеле касалхонага ётқизилди
Спорт20:38 | 30.11.22
Пеле касалхонага ётқизилди
Россияда террористларни молиялаштирганликда айбланган Ўзбекистон фуқароси 16 йилга қамалди
Янгиликлар20:11 | 30.11.22
Россияда террористларни молиялаштирганликда айбланган Ўзбекистон фуқароси 16 йилга қамалди
НАТО бош котиби Украинада тинчликни таъминлашнинг «ягона йўли» ҳақида гапирди
Янгиликлар19:20 | 30.11.22
НАТО бош котиби Украинада тинчликни таъминлашнинг «ягона йўли» ҳақида гапирди
Ўзбекистонда коронавируснинг қайси штамми кенг тарқалаётгани маълум қилинди
Янгиликлар18:54 | 30.11.22
Ўзбекистонда коронавируснинг қайси штамми кенг тарқалаётгани маълум қилинди