Шавкат Мирзиёев ва Эммануэль Макрон рафиқалари билан Париждаги Лувр музейига ташриф буюрди — видео
Давлат раҳбарлари «Ўзбекистон воҳаларининг мўъжизалари. Карвон йўллари чорраҳасида» кўргазмаси билан танишди
Елисей саройида ўтган олий даражадаги музокаралардан сўнг Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Франция Президенти Эммануэль Макрон рафиқалари билан Париждаги Лувр музейида бўлдилар. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, кўргазманинг илк меҳмонлари бўлган Ўзбекистон ва Франция етакчилари Далварзинтепа ва Холчаён ёдгорликларидан топилган экспонатлар, Варахшадаги қизил рангли хонадан деворий сурат, Кофирқалъадан ўймакор панно, Катта Лангар Қуръони саҳифалари, Амир Темур мақбарасидан қўш эшик, Афросиёбдаги элчилар тасвири туширилган деворий сурат ва бошқа экспонатлар билан танишдилар. Уларнинг яратилиши ва топилиши, улар билан боғлиқ тарихий даврлар ва шахслар тўғрисида батафсил маълумот берилди.

Шунингдек, давлат раҳбарлари кўргазма юксак даражада ташкил этилгани ва унда ўзига хос муҳит яратилганини таъкидлаб, икки мамлакатнинг маданий ҳаётида муҳим ўрин тутувчи ушбу тадбирни тайёрлашга ҳисса қўшганларга миннатдорлик билдирдилар.
Бундан ташқари, Луврдаги кўргазма нафақат Ўзбекистон ва Франция халқлари, балки бутун Европа ва Марказий Осиё ўртасидаги азалий тарихий алоқаларни, дўстлик ва ўзаро англашувни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши алоҳида қайд этилди.
Кўргазма 2023 йил 6 март кунига қадар давом этади.
Қайд этилишича, Лувр дунёдаги энг катта ва энг кўп ташриф қилинадиган музейлардан бири бўлиб, энг йирик ва қимматли бадиий асарлар тўпламига эга. Ҳар йили бу ерга 10 миллионга яқин сайёҳ келади.
Ўзбек халқининг бой маданий меросига бағишланган «Ўзбекистон воҳаларининг мўъжизалари. Карвон йўллари чорраҳасида» кўргазмаси президентнинг 2018 йил октябрь ойида Францияга амалга оширилган ташрифи давомида эришилган келишувларга мувофиқ ташкил этилди. Давлат раҳбари ўшанда Ўзбекистон ва Франция музейлари ҳамкорлигида кўргазмалар ташкил этиш, мамлакатлар ўртасида илмий ва маданий алоқаларни кенгайтириш зарурлигини қайд этган эди. Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ва Лувр музейи ўртасида тегишли меморандум имзоланди.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев ва Эммануэль Макрон Елисей саройида музокара ўтказгани ҳақида хабар берилганди.