Бугун оқшоми. Тошкентда ташкил қилинган экспресс автобус йўналиши, IT-park биносида содир бўлган ёнғин, оёғи комбайнга кириб кетиб, ҳалок бўлган киши

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Тошкентда янги экспресс автобус йўналиши ташкил этилди

Тошкентда жамоат транспортидан фойдаланиш даражасини ошириш мақсадида 23 ноябрдан янги автобус йўналиши ташкил этилди.

Қайд этилишича, янги экспрес автобус йўналиши Е-1-сонли ҳисобланиб, у ТТЗ—«Машинасозлар» метро бекати йўналиши бўйича қатновларни амалга оширади.

Автобус йўналиши ТТЗдан Юзработ, Гулсанам, Буюк Ипак Йўли, Мирзо Улуғбек, Тараққиёт 2-тор кўчалари орқали Машинасозлар метросига қадар ҳаракатланади.

Тўхташ бекатлари — ТТЗ бозори, Буюк Ипак йўли метроси, Шифокорлар малакасини ошириш институти, Ашхобод боғи.

Тармоқда экспресс йўналиш учун олиб келинган автобусларнинг том қисми бўялмагани акс этган сурати қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.

«Тошшаҳартранс» эса бунга муносабат билдириб, ташқи томони кўк рангга бўялган 5 та экспресс автобуснинг тепа ва ички қисмига ранг бериш шарт эмаслигини маълум қилган.

Наманганда уч киши ис газидан заҳарланиб вафот этди

Наманган вилоятининг Поп туманида ис газидан заҳарланиш оқибатида уч киши ҳалок бўлди.

Қайд этилишича, 20 ноябрь куни соат 16:00 ларда туманнинг Тинчлик маҳалласида яшовчи 51 ёшли Э.Т., вояга етмаган 6 ёшли набираси Ф.Т. ҳамда меҳмонга келган қайнонаси 74 ёшли Д.Й. уйни иситиш учун ўрнатилган темирдан ясалган печкага ёқилган табиий газдан чиққан ис газидан заҳарланиб, воқеа жойида вафот этган.

Шавкат Мирзиёевнинг Францияга ташрифи давомида 6 миллиард евролик келишувларга эришилди

Шавкат Мирзиёевнинг Францияга расмий ташрифи давомида умумий қиймати 6 миллиард евродан зиёд бўлган савдо-иқтисодий, инвестициявий ва молиявий ҳамкорлик лойиҳаларини амалга ошириш юзасидан икки томонлама келишувларга эришилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Умуман олганда, икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни кенгайтиришга қаратилган 14 та келишув қабул қилинган. Жумладан, Франция тараққиёт агентлиги билан 2023-2025 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастурини амалга ошириш бўйича стратегик шериклик тўғрисидаги битим ҳамда Ташқи сиёсий идоралар ўртасидаги 2023-2024 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик ташриф давомида қабул қилинган келишувлар сирасига киради.

Шунингдек, маданий-тарихий мерос, мактабгача, халқ ва олий таълим, давлат хизматини ривожлантириш соҳаларида ҳамкорлик тўғрисида декларациялар ҳам имзоланган. Ундан ташқари мамлакатлар фуқаролик авиацияси, коррупцияга қарши курашиш, судьяларнинг малакасини ошириш, француз тилини ўқитиш ва бошқа йўналишларда ҳамкорлик қилиши кўзда тутилган.

Тошкентдаги IT-park биносида ёнғин содир бўлди

Бугун, 23 ноябрь куни соат 11:12 ларда Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек тумани «Олимлар» МФЙ Шаҳриобод кўчасидаги қурилиши тугалланмаган 24 қаватли бинонинг 21-қаватида ёнғин содир бўлди.

Шундан сўнг 11:15 да воқеа жойига 3 та қутқарув экипажи етиб борган ва ёнғин 11:25 га бориб тўлиқ ўчирилган. Ҳодиса оқибатида бинонинг 5 метр квадрат майдонидаги пенопласт қолдиқлари ёниб зарарланган.

Зангиота тумани ҳокими ёрдамчиси ва унинг шериклари пора билан ушланди

«Тошкент метрополитени» ДУК ходими, Зангиота тумани «Бўзсув» ҚФЙда ҳоким ёрдамчиси ва унинг шериклар пора билан қўлга олинди.

Фото: «Тошкент метрополитени» ДУК матбуот хизмати

Маълум қилинишича, 2022 йил 16 ноябрь куни «Тошкент метрополитени» ДУКнинг «Режим ва ички хавфсизлик» хизмати ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида уюшган жиноят гуруҳ аъзолари Х.Г. («Тошкент метрополитени» ДУК ходими), А.Р. (Зангиота тумани «Бўзсув» ҚФЙда ҳоким ёрдамчиси) товламачилик йўли билан талаб қилинган 5 минг доллардан 5 миллион сўм пулни Х.Ж.дан олаётганида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.

Шунингдек, тадбир давом эттирилиб, уларнинг шериклари З.А. (вақтинча ишсиз) ва А.Б. (вақтинча ишсиз) ҳам қўлга олинди.

Айбдорларга нисбатан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан Жиноят кодексининг 165-моддаси (товламачилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Андижонда оёқлари комбайнга кириб кетган эркак шифохонада вафот этди

Андижон вилояти Қўрғонтепа туманидаги тиббиёт бирлашмасининг жонлантириш бўлимида оёғи комбайнга кириб кетган бемор вафот этгани ҳақида хабар берилди.

Аниқланишича, 9 ноябрь куни Ш.А. Жалақудуқ туманида комбайнга оёқлари кириб кетиши оқибатида олган жароҳати туфайли жонлантириш бўлимига олиб келинган.

Бироқ кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан бемор 10 ноябрь куни вафот этган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан Жалақудуқ тумани ИИБ тергов гуруҳи томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, марҳумнинг ўлими келиб чиқиш сабабини тўлиқ ҳажмда ўрганиб чиқишлик учун судга оид комиссиявий экспертизаси тайинланган.

Бундан ташқари, меҳнат ва техника хавфсизлиги қоидаларига риоя этилган ёки этилмаганлиги ҳолати юзасидан меҳнат хавфсизлиги экспертизаси тайинланган.

Текшириш жараёни Андижон вилояти прокуратураси томонидан назоратга олинган.

Ўзбекистон Франциядан 17 та Airbus ва ATR самолётларини сотиб олади

Ўзбекистон Франциядан жами 815,3 миллион еврога 17 та самолёт ва 2 та вертолёт сотиб олади. Келишувлар Ўзбекистон делегациясининг Парижга расмий ташрифи доирасида имзоланган.

Хусусан, келишувга мувофиқ 12 та Airbus A320neo ва A321neo ҳамда 5 та ATR 72−600 самолётларини, шунингдек, иккита Airbus H145 вертолётларини харид қилиш режалаштирилган.

Бундан ташқари, Silk Avia авиакомпанияси учун 100 миллион еврога АТР 72-600 самолётлари етказиб бериш бўйича шартнома имзоланган.

Франция компанияси Тошкентда трамвай тизимини лойиҳалаштиради

Маълум қилинишича, Шавкат Мирзиёевнинг Францияга ташрифи чоғида Ўзбекистон Транспорт вазирлиги ва Франция Ташқи савдо, иқтисодий жозибадорлик ва хориждаги фуқаролар бўйича вазирлиги ўртасида Тошкент трамвай тизими лойиҳаси бўйича келишув имзоланган.

Фото: УзА

Унга кўра, Тошкентда трамвай тизими француз транспорт компанияси томонидан лойиҳалаштирилади. Ҳозирда учта йўналиш режалаштирилаётгани ва энг аввало «Янги Ўзбекистон» боғигача трамвай линияси олиб бориш бўйича лойиҳа ишлари бошлангани маълум қилинган.

Бугуннинг асосий воқеликлари шулардан иборат эди.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.

Буюк Британия Ўзбекистонга савдода янги имтиёзлар беради
Янгиликлар19:41 | 5.12.22
Буюк Британия Ўзбекистонга савдода янги имтиёзлар беради
Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон ва Фарғона водийсида сув таъминотини яхшилашга оид лойиҳалар билан танишди
Янгиликлар19:14 | 5.12.22
Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон ва Фарғона водийсида сув таъминотини яхшилашга оид лойиҳалар билан танишди
Тошкентдаги «Ашхобод» боғи ҳам вақтинчалик ёпилди
Янгиликлар18:44 | 5.12.22
Тошкентдаги «Ашхобод» боғи ҳам вақтинчалик ёпилди
Қашқадарёда юк автомобили ағдарилиб кетди — фото
Янгиликлар18:13 | 5.12.22
Қашқадарёда юк автомобили ағдарилиб кетди — фото
Ўзбекистонда онлайн қимор ва таваккалчиликка асосланган ўйинлар учун жавобгарлик белгиланмоқда
Янгиликлар17:56 | 5.12.22
Ўзбекистонда онлайн қимор ва таваккалчиликка асосланган ўйинлар учун жавобгарлик белгиланмоқда
Маҳаллабай ишлаш агентлиги тендерларида «уч кунлик фирмалар» ғолиб бўлаётгани аниқланди
Янгиликлар17:34 | 5.12.22
Маҳаллабай ишлаш агентлиги тендерларида «уч кунлик фирмалар» ғолиб бўлаётгани аниқланди