Бугун оқшоми. Вазир истеъфосини талаб қилган блогер, сотувга қўйилган онко-шифохона бинолари, агентликнинг 8,4 млрд сўмлик сайти

Бугун оқшоми. Боласининг кўз ўнгида хотинини болта билан урган эркак, Тошкентда кундуз куни ўғирланган қиз, 8,4 млрд сўмга яратилган сайт

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Фарғонада эркак боласининг кўз ўнгида хотинининг бошига болта билан бир неча марта урди

Фарғона вилоятининг Бувайда тумани Турк маҳалласида эркак 21 ноябрь куни 16:30 ларда ўзаро жанжаллашиб қолган хотинини фарзанди кўз ўнгида бир неча марта болта билан урди.

Ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 25, 97-моддаси (ўта шафқатсизлик билан қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш) 2-қисми «ж» банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Маҳаллабай ишлаш агентлиги 8,4 миллиард сўмга сайт буюртма қилгани маълум бўлди

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги 8,4 миллиард сўмга сайт яратиш бўйича шартнома имзолади.

Скриншот: E-xarid.uz

Қайд этилишича, 2022 йил 15 май куни имзоланган шартнома бўйича агентлик ҳеч қандай тендер ўтказмаган, пулни тўғридан-тўғри хизмат кўрсатувчига ўтказиб берган.

«Хизмат кўрсатувчи» томон Realsoft МЧЖ «Онлайн маҳалла» электрон платформасини «Техник топшириқнома» талабларига мувофиқ ишлаб чиқиш, томонидан давлат стандартлари ва нормаларида белгиланган талаблар асосида кафолатли техник хизмат кўрсатиши керак.

Бухорода Nexia йўл четида кетаётган болаларни уриб юборди

Бухоро вилоятида Қоракўл туманида Nexia ҳайдовчиси уч кишини уриб юборди.

Қайд этилишича, 23 ноябрь куни соат 16:30 ларда туман ҳудудидан ўтувчи 4Р-76 автомобиль йўлининг 1-километрида жойлашган 15-мактаб яқинида 23 ёшли З.М. Nexia-2 русумли автомобилда тезликни меъёридан ошириб ҳаракатланаётган вақтда пиёдалар ўтиш жойидан ўтаётган фуқаронинг велосипедини уриб юборган. Шунингдек, ҳайдовчи бошқарувни йўқотиб, пиёдалар йўлакчасида кетаётган икки нафар болани уриб юборган ҳамда автомобиль ағдарилган.

ЙТҲ оқибатида пиёдалардан бири бўлган 9 ёшли У.У. тан жароҳати билан шифохонага ётқизилган.

Мазкур ЙТҲ юзасидан Қоракўл тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан терговолди суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Андижонда чироқ ўчган пайтда реанимациядаги бемор вафот этгани айтилган хабарларга муносабат билдирилди

Энергетика вазирлиги Андижон вилоятининг Қўрғонтепа туман тиббиёт бирлашмасида содир бўлган ўлим ҳолатига электр таъминотидаги узилиш сабаб бўлмаганини маълум қилди.

Ижтимоий тармоқларда Андижонда чироқ ўчган пайтда реанимациядаги бемор вафот этгани айтилган хабарлар тарқалди.

Вазирликнинг маълум қилишича, 10 ноябрь куни соат 21:58 дан 22:05 га қадар (7 дақиқа) Қўрғонтепа туман тиббиёт бирлашмасини электр энергияси билан таъминловчи 2 та тармоқдан бирида узилиш содир бўлган.

Андижон вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ишчи гуруҳи томонидан ўтказилган дастлабки хизмат суриштируви натижаларига кўра, комбайнга икки оёғи билан кириб кетиб, жуда оғир тан жароҳати олган беморга белгиланган стандартлар бўйича муолажалар ўтказилган.

Тезкорлик билан ўтказилган жарроҳлик амалиёти якунланган вақтда электр таъминотида узилиш бўлмаган. Маълум бўлишича, операция тугаганидан кейин бир неча дақиқа вақт ўтиб, электр энергиясида узилиш содир бўлган.

Таъкидланишича, беморга муолажалар ўтказилаётган операция хоналаридаги барча аппаратлар янги ва замонавий бўлиб, улар электр таъминотида узилиш бўлган ҳолатда ҳам 30 дақиқагача мустақил ишлайди, баъзиларининг қуввати эса 4 соатгача етадиган қўшимча электр таъминоти манбаларига уланган.

«Ҳозирги вақтда истеъмолчиларни, жумладан тиббиёт муассасаларини электр энергияси билан барқарор таъминлаш юзасидан қўшимча чоралар кўрилмоқда», — дейилади муносабатда.

Москвада ёлланма ишчи аёлларни зўрлаш билан шуғулланиб келган ўзбекистонлик эркак ушланди

Москвада уй ишларини қилувчи аёлларни интернет орқали ёллаб, уларни зўрлаш билан шуғулланган ўзбекистонлик эркак ушланди.

Фото: Telegram / Mash

Маълум қилинишича, қурбонлардан бирининг исми Камилла бўлиб, у Россия пойтахтида фаррош бўлиб ишлайди. Асли қозоғистонлик бўлган 24 ёшли қиз интернет орқали иш топиб келган. Охирги марта эса таъмирланган уйни тозалаш кераклиги бўйича манзилга борган. Буюртмачи билан боғланган ва Александр исмли эркак уни «Молодёжная» метросида кутиб олиб, белгиланган манзилга олиб бориши тўғрисида хабар олган.

Хонадонга етиб борилиши билан жиноятчи уни ерга ётқизиб, таҳдид қила бошлаган. Агарда бақирадиган бўлса, шиша кулдон билан ўласи қилиб калтаклашини айтган. Жабрланувчининг сўзларига кўра, эркак уни уч соат давомида таҳқирлаган ва қўйиб юборган. Полициячилар гумонланувчини қидириб топган ва ҳозирда у ҳибсга олинган.

Тошкентда блогер ИИВ раҳбари истеъфосини талаб қилиб, пикет уюштирди

Блогер Шокир Шарипов Ўзбекистон ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов истеъфосини талаб қилиб, 22 ноябрь куни пойтахтдаги Гагарин ҳайкали олдида бир кишилик пикет уюштирди.

Фото: YouTube / BBCUzbek

Шарипов Қўқон шаҳар ИИБ Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказида 14 ёшли боланинг уриб ўлдирилиши сабаб пикет ўтказишга қарор қилганини айтган.

«Ўзимнинг танамда ҳис қилишга ҳаракат қилиб кўрдим. Шундан кейин еган овқатим баъзида томоғимдан ўтмай қолди. Агарда ҳеч ким жиддий муносабат билдирмаса, ҳар биримиз билан юз бериши мумкин деб ўйладим… Ички ишлар вазирлигининг ислоҳ бўлмаётгани тўғрисида далиллари кўп. Биз кўряпмизки, ички ишлар баъзи шахсларга, гуруҳларга хизмат қилаётган бўлиб қоляпти. Жамият бунга муносабатини билдириши керак», — дейди блогер.

Унинг сўзларига кўра, айни пайтда ички ишлар тизимида ҳақиқий ислоҳотлар амалга оширилгани йўқ, аксинча, аҳолининг соҳага нисбатан норозилиги тобора кучайиб бормоқда.

«Шавкат Мирзиёев иқтидорга келган пайтда унинг самимиятини кўргандан кейин бир қанча орзуларга берилдим. Мамлакатда бир қатор ислоҳотлар амалга оширилишига ишонч туғилди. Шу жумладан, ички ишлар тизими ҳам ислоҳ бўлади, бошқача [ижобий] манзара юзага келади, деган умид пайдо бўлди. Чунки Грузия ва бошқа бир қанча собиқ совет мамлакатларида қилинган ислоҳотлар қандай натижа берганини, полицияга нисбатан одамларнинг муносабати қай даражада ўзгарганини, фуқаролар ички ишлар ходимини дўст деб билиши, уни кўрганида хурсанд бўлишидан яхши хабардорман. Ўзбекистонда ҳам шундай манзара пайдо бўлишини орзу қилдим ва буни роса кутдим. Тўғри, соҳада бир қатор ишлар қилиняпти. Лекин том маънодаги ислоҳотларни кўрмаяпмиз, ислоҳотлар депсиниб турибди», — дейди Шарипов Gazeta.uz мухбири билан суҳбатда.

Шариповнинг таъкидлашича, у фуқаро сифатида тизимдан норози бўлиб, пикет ўтказишга қарор қилган.

«Нормал амалдор тизимда бўлаётган даҳшатли ўлим воқеаларидан кейин ўзи омма олдида узр сўраб, лавозимидан кетиши керак. У тизимдан кетмаяптими, демак, бутун жамият касал бўлган. Фуқароларнинг ИИБ биноларида ўлаётгани вазирни безовта қилмаётгани бу — жуда ёмон сигнал. Бу сигнал тагида узун занжир ётибди. Вазир ўзини шундай тутяптими, демак, халққа нисбатан муносабати шунга яраша. Модомики, у халққа шундай муносабат қиляптими, демак, унинг атрофидаги муҳит шунақа. Шундай муҳит шаклланган бўлса, бу кулфатлардан даракдир. Фуқаролар мурдаси чиқяпти, аммо тизим раҳбариятининг юзида мотамни кўрмаяпмиз. Бу эса жуда хавфли тенденция. Одамларда давлатга нисбатан ишонч йўқолганидан кейин бунинг оқибати яхши бўлмайди. Агар жамият ҳам бундай ҳолатларга бефарқ бўлса, эртага ҳар биримиз ўзимиз ёки бирор яқинимизда шундай воқеалар юз бериши мумкин», — дейди блогер.

Шокир Шарипов тизимдан норозилар кўп бўлсада, аммо нима учун вазирга қаттиқ жазо кўрилмаётгани ёки ишдан олинмаётгани борасида ҳам ўз фикрларини билдирган.

«Ички ишлар тизимида бўлаётган воқеалардан кейин ҳам Пўлат Бобожоновга нисбатан ишонч билдирилаётган бўлса, давлат тепасида турган барча раҳбарларга нисбатан фуқароларда жуда ёмон гумонлар уйғониб, шаклланиб боряпти. Давлатнинг устида турганлар халқни бир тийинга олмайди, деган хулосалар мантиқан келиб чиқяпти. Модомики, бу вазир ишдан олинмаяптими, тепада қарор қабул қилувчи раҳбарларда ‘халқ бу — бир пода, улар норози бўлса бўлаверсин, ислоҳотлар аста-секин бўлаверадиʼ, мазмунида кайфият пайдо бўлган эканда, деган хулоса келиб чиқади. Омма аниқ бир нарсани билмагани ёки вазирга нисбатан нормал жазо қўлланилмаётгани учун ҳам мантиқий хулосалар шаклланиб боради», — дея таъкидлайди у.

Шокир Шариповнинг BBC берган интервьюсидан кўп ўтмай, 23 ноябрь куни ИИВ матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов вазирлик очиқ мулоқотга тайёрлигини таъкидлаган: «BBC мухбири томонидан жамоатчилик фаоли Шокир Шарипов билан ташкил этилган интервьюдаги барча савол ва таклифлари юзасидан Ички ишлар вазирлиги очиқ мулоқотга тайёр эканлигини маълум қиламиз».

Тошкентда учта йирик онко-шифохона сотувга қўйилди

Тошкент шаҳар Олмазор тумани Шифокорлар кўчасидаги Республика онкология ва радиология тиббиёт марказининг янги комплекси барпо этилмоқда. Шунингдек, марказ ҳамда унинг пойтахт ва Тошкент вилоятидаги филиаллари ягона уникал комплексга бирлашади.

Фото: Қурилиш вазирлиги матбуот хизмати

Янги комплекс таркибига Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази, марказнинг пойтахт филиали ҳамда Тошкент вилояти филиали киради. Шунга кўра тегишли ҳукумат қарорига мувофиқ, шифохоналарнинг мавжуд бино-иншоотлари ҳудуди янги комплексни қуриш харажатларини қоплаш учун «Э-аукцион» электрон савдо платформаси орқали электрон-онлайн аукционга қўйилган.

Янги комплекс 2023 йилнинг май ойида ишга туширилиши кутилмоқда. Янги комплекс ишга тушганидан сўнг икки ой давомида муассасалардаги беморлар ва зарур ускуналарни кўчириш ишлари олиб борилади. Сотув аукционида ғолиб бўлган тадбиркорга янги комплексга кўчиш ишлари тўлиқ амалга ошмагунча икки ойгача бу ерда ҳеч қандай ишларни бошламаслик мажбурияти юкланади.

Янги комплексда 17 та янги клиник бўлим фаолияти йўлга қўйилади. Жумладан, Ўзбекистонда илк бор суяк кўмиги трансплантацияси бўлими очилади. Марказда 16 та реанимацион ва операцион хоналар энг сўнгги технологиялар билан таъминланади. Интенсив терапия бўлими юрак мониторлари, ўпкани сунъий шамоллатиш мосламалари ва бошқалар билан жиҳозланган консолли функционал ётоқларга эга бўлади.

«Турли тиббиёт муассасаларида фаолият кўрсатаётган 5 та онкология кафедраси бирлашиб, ягона методик марказга айланади. Илк бор ядро тиббиёти кафедраси ташкил этилади. Комплексда 9 та бункердан иборат радиотерапия арсенали ишга туширилади. Бирида тўхталишлар юз берган тақдирда ҳам бошқалари унинг ўрнини тўлдириши натижасида даво муолажаси узлуксизлиги таъминланади», — дейилади хабарда.

Бошқарув жараёнига турк ва корейс мутахассислари тавсиялари ва тажрибаси асосида замонавий менежмент тизими жорий этилади. Муассаса ишга тушгунга қадар 100 нафардан мутахассис Жанубий Корея ва Туркияда малака оширади ҳамда ушбу комплексни замонавий технологиялар билан жиҳозлаш мақсадида 80 миллион доллар ажратилган.

Тошкентда номаълум шахслар кундуз куни қиз ўғирлади

Тошкентда ота-бола кундуз куни қиз ўғирлади. Маълум қилинишича, пойтахт ИИББга келиб тушган хабарга кўра ҳодиса 2022 йилнинг 24 ноябрь куни, Учтепа тумани 22-мавзесидаги кўп қаватли уйлар олдида содир бўлган. 1992 йилда туғилган Д.Ш. отаси 1963 йилда туғилган Х.М. билан бирга давлат рақами 70 R 300 SА бўлган Tracker русумли автомашинасига турмуш ўртоғи 2000 йилда туғилган М.А.ни ўтказиб, номаълум томонга олиб кетган.

Олиб борилган тезкор суриштирув ишлари натижасида М.А. қонуний турмуш ўртоғи билан оилавий келишмовчилик сабабли 1 нафар фарзандини турмуш ўртоғида қолдириб, Тошкент шаҳрига кетиб қолгани, уни турмуш ўртоғи Д.Ш. қидириб, юқоридаги манзилдан топгани ҳамда Қашқадарё вилояти Косон туманидаги ўзининг уйига олиб боргани аниқланди.

Ҳозирда M.A. оила даврасида соғ-саломат экани маълум қилинди.

Ҳолат юзасидан Қашқадарё вилояти ИИБ билан ҳамкорликда терговга қадар текширув ўтказилмоқда. М.А. ва унинг оиласи хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторлари томонидан тўлиқ ўрганилмоқда. Текширув якуни бўйича айбдор шахсларга қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади.

Бугуннинг асосий воқеликлари шулардан иборат эди.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.

Тошкентда ИИВ раҳбари истеъфосини талаб қилиб, пикет уюштирган блогер янги видеомурожаат йўллади — видео
Янгиликлар18:03 | 3.12.22
Тошкентда ИИВ раҳбари истеъфосини талаб қилиб, пикет уюштирган блогер янги видеомурожаат йўллади — видео
Ўзбекистонда ҳар йили 200 млн кўчат экилиб, шаҳарлардаги яшил майдонлар оширилади
Янгиликлар17:02 | 3.12.22
Ўзбекистонда ҳар йили 200 млн кўчат экилиб, шаҳарлардаги яшил майдонлар оширилади
Президент маслаҳатчиси бошчилигидаги ишчи гуруҳ Оққўрғон аҳолиси муаммоларини ўрганди
Янгиликлар16:29 | 3.12.22
Президент маслаҳатчиси бошчилигидаги ишчи гуруҳ Оққўрғон аҳолиси муаммоларини ўрганди
Россияда Ўзбекистон фуқароси 2 кг героин билан қўлга олинди — видео
Янгиликлар16:18 | 3.12.22
Россияда Ўзбекистон фуқароси 2 кг героин билан қўлга олинди — видео
Пелега ўткир респиратор инфекция ташхиси қўйилди
Спорт15:08 | 3.12.22
Пелега ўткир респиратор инфекция ташхиси қўйилди
Қирғизистон ва Тожикистон чегара туманларидаги қишлоқлар ўртасида тўқнашув юз берди
Янгиликлар14:21 | 3.12.22
Қирғизистон ва Тожикистон чегара туманларидаги қишлоқлар ўртасида тўқнашув юз берди