Тошкентда блогер ИИВ раҳбари истеъфосини талаб қилиб, пикет уюштирди — видео

Блогер Шокир Шарипов Ўзбекистон ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов истеъфосини талаб қилиб, 22 ноябрь куни пойтахтдаги Гагарин ҳайкали олдида бир кишилик пикет уюштирди.

Фото: YouTube / BBCUzbek

Шарипов Қўқон шаҳар ИИБ Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказида 14 ёшли боланинг уриб ўлдирилиши сабаб пикет ўтказишга қарор қилганини айтган.

«Ўзимнинг танамда ҳис қилишга ҳаракат қилиб кўрдим. Шундан кейин еган овқатим баъзида томоғимдан ўтмай қолди. Агарда ҳеч ким жиддий муносабат билдирмаса, ҳар биримиз билан юз бериши мумкин деб ўйладим… Ички ишлар вазирлигининг ислоҳ бўлмаётгани тўғрисида далиллари кўп. Биз кўряпмизки, ички ишлар баъзи шахсларга, гуруҳларга хизмат қилаётган бўлиб қоляпти. Жамият бунга муносабатини билдириши керак», — дейди блогер.

Унинг сўзларига кўра, айни пайтда ички ишлар тизимида ҳақиқий ислоҳотлар амалга оширилгани йўқ, аксинча, аҳолининг соҳага нисбатан норозилиги тобора кучайиб бормоқда.

«Шавкат Мирзиёев иқтидорга келган пайтда унинг самимиятини кўргандан кейин бир қанча орзуларга берилдим. Мамлакатда бир қатор ислоҳотлар амалга оширилишига ишонч туғилди. Шу жумладан, ички ишлар тизими ҳам ислоҳ бўлади, бошқача [ижобий] манзара юзага келади, деган умид пайдо бўлди. Чунки Грузия ва бошқа бир қанча собиқ совет мамлакатларида қилинган ислоҳотлар қандай натижа берганини, полицияга нисбатан одамларнинг муносабати қай даражада ўзгарганини, фуқаролар ички ишлар ходимини дўст деб билиши, уни кўрганида хурсанд бўлишидан яхши хабардорман. Ўзбекистонда ҳам шундай манзара пайдо бўлишини орзу қилдим ва буни роса кутдим. Тўғри, соҳада бир қатор ишлар қилиняпти. Лекин том маънодаги ислоҳотларни кўрмаяпмиз, ислоҳотлар депсиниб турибди», — дейди Шарипов Gazeta.uz мухбири билан суҳбатда.

Шариповнинг таъкидлашича, у фуқаро сифатида тизимдан норози бўлиб, пикет ўтказишга қарор қилган.

«Нормал амалдор тизимда бўлаётган даҳшатли ўлим воқеаларидан кейин ўзи омма олдида узр сўраб, лавозимидан кетиши керак. У тизимдан кетмаяптими, демак, бутун жамият касал бўлган. Фуқароларнинг ИИБ биноларида ўлаётгани вазирни безовта қилмаётгани бу — жуда ёмон сигнал. Бу сигнал тагида узун занжир ётибди. Вазир ўзини шундай тутяптими, демак, халққа нисбатан муносабати шунга яраша. Модомики, у халққа шундай муносабат қиляптими, демак, унинг атрофидаги муҳит шунақа. Шундай муҳит шаклланган бўлса, бу кулфатлардан даракдир. Фуқаролар мурдаси чиқяпти, аммо тизим раҳбариятининг юзида мотамни кўрмаяпмиз. Бу эса жуда хавфли тенденция. Одамларда давлатга нисбатан ишонч йўқолганидан кейин бунинг оқибати яхши бўлмайди. Агар жамият ҳам бундай ҳолатларга бефарқ бўлса, эртага ҳар биримиз ўзимиз ёки бирор яқинимизда шундай воқеалар юз бериши мумкин», — дейди блогер.

Шокир Шарипов тизимдан норозилар кўп бўлсада, аммо нима учун вазирга қаттиқ жазо кўрилмаётгани ёки ишдан олинмаётгани борасида ҳам ўз фикрларини билдирган.

«Ички ишлар тизимида бўлаётган воқеалардан кейин ҳам Пўлат Бобожоновга нисбатан ишонч билдирилаётган бўлса, давлат тепасида турган барча раҳбарларга нисбатан фуқароларда жуда ёмон гумонлар уйғониб, шаклланиб боряпти. Давлатнинг устида турганлар халқни бир тийинга олмайди, деган хулосалар мантиқан келиб чиқяпти. Модомики, бу вазир ишдан олинмаяптими, тепада қарор қабул қилувчи раҳбарларда ‘халқ бу — бир пода, улар норози бўлса бўлаверсин, ислоҳотлар аста-секин бўлаверадиʼ, мазмунида кайфият пайдо бўлган эканда, деган хулоса келиб чиқади. Омма аниқ бир нарсани билмагани ёки вазирга нисбатан нормал жазо қўлланилмаётгани учун ҳам мантиқий хулосалар шаклланиб боради», — дея таъкидлайди у.

Шокир Шариповнинг BBC берган интервьюсидан кўп ўтмай, 23 ноябрь куни ИИВ матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов вазирлик очиқ мулоқотга тайёрлигини таъкидлаган: «BBC мухбири томонидан жамоатчилик фаоли Шокир Шарипов билан ташкил этилган интервьюдаги барча савол ва таклифлари юзасидан Ички ишлар вазирлиги очиқ мулоқотга тайёр эканлигини маълум қиламиз».

Аввалроқ Фарғонада 14 ёшли боланинг ўлими туфайли икки нафар ИИБ ходимига нисбатан жиноят иши қўзғатилгани, боланинг ўлими туфайли яна бир ИИБ масъули ишдан олингани, ҳолат Бош прокуратура назоратида экани тўғрисида хабар берилганди.

Президент маслаҳатчиси бошчилигидаги ишчи гуруҳ Оққўрғон аҳолиси муаммоларини ўрганди
Янгиликлар16:29 | 3.12.22
Президент маслаҳатчиси бошчилигидаги ишчи гуруҳ Оққўрғон аҳолиси муаммоларини ўрганди
Россияда Ўзбекистон фуқароси 2 кг героин билан қўлга олинди — видео
Янгиликлар16:18 | 3.12.22
Россияда Ўзбекистон фуқароси 2 кг героин билан қўлга олинди — видео
Пелега ўткир респиратор инфекция ташхиси қўйилди
Спорт15:08 | 3.12.22
Пелега ўткир респиратор инфекция ташхиси қўйилди
Қирғизистон ва Тожикистон чегара туманларидаги қишлоқлар ўртасида тўқнашув юз берди
Янгиликлар14:21 | 3.12.22
Қирғизистон ва Тожикистон чегара туманларидаги қишлоқлар ўртасида тўқнашув юз берди
Ўзбекистоннинг кўпчилик ҳудудларида 5 декабрь куни қор ёғади
Янгиликлар13:15 | 3.12.22
Ўзбекистоннинг кўпчилик ҳудудларида 5 декабрь куни қор ёғади
Ўзбекистонда аниқланаётган коронавируснинг ВА.5 варианти болалар ва ҳомиладор аёлларда қандай белгилар билан кузатилаётгани маълум қилинди
Янгиликлар12:33 | 3.12.22
Ўзбекистонда аниқланаётган коронавируснинг ВА.5 варианти болалар ва ҳомиладор аёлларда қандай белгилар билан кузатилаётгани маълум қилинди