Тошкентда ҳаракатланаётган экспресс автобусларнинг том қисми нега бўялмаганига изоҳ берилди
Тошкентда янги экспресс автобус йўналиши ташкил этилгани тўғрисида хабар берилганди. «Тошшаҳатрансхизмат» ушбу автобусларнинг том қисми нима сабабдан бўялмагани юзасидан маълумот берди.

Пойтахт кўчаларида ҳаракатлана бошлаган E-1-сонли экспресс автобусларининг том қисми бўялмагани акс этган фотосуратлар ижтимоий тармоқларда тарқалди.

Қайд этилишича, ушбу экспресс автобус йўналиши Ўзбекистон Президентининг «Тошкент шаҳар жамоат транспорти тизимини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига асосан ташкил этилган бўлиб, жамиятнинг «5-Автобус саройи» филиали тасарруфидаги Mercedes-Benz LF русумли автобусларнинг 5 донаси ушбу йўналишда хизмат кўрсатиш учун бириктирилган.
«Йўловчилар мазкур экспресс автобус йўналишини пойтахтдаги одатий автобус йўналишларидан ажратиб олишларини таъминлаш мақсадида экспресс автобусларнинг ташқи қисми кўк рангга бўялганини, шунингдек, автобуснинг устки (тепаси) ва ички қисмларига бўёқ беришга талаб йўқлиги сабабли бўёқлаш ишлари амалга оширилмаган», — дейилади изоҳда.
Аввалроқ Тошкентда 143-сонли автобус йўналиши ўзгартиритилгани, пойтахтда яна 4 та янги автобус йўналиши ташкил этилгани тўғрисида хабар берилганди.