Тошкентда хотини, қайнонаси, қайнопаси ва фарзандини пичоқлаган эркакка суд ҳукми ўқилди

Тошкентда 33 ёшли маст эркак хотини, қайнонаси, қайнопаси ва вояга етмаган фарзандини пичоқлади. Бу ҳақда Тошкент шаҳар судлари Bugun.uz’га маълум қилди.

Қайд этилишича, эркак 2013 никоҳдан ўтиб, икки нафар фарзанд кўрган. Доимий равишда носоғлом ҳаёт тарзини юритиб, спиртли ичимликлар ва психотроп моддалар истеъмол қилиб келгани сабабли тез-тез оилавий жанжаллар келтириб чиқарган. Ундан ташқари, хотинининг опасига бир неча марта шилқимлик қилиб, унга ўзининг шаърий никоҳига ўтишни таклиф қилган. Бундан хабар топган рафиқаси фарзандларини олиб, ота уйига кетиб қолган.

Шундан сўнг. эркак хотини ва фарзандларини таъқиб қилиб, 2022 йилнинг 20 май куни соат 20:45 ларда хотинининг уйига бориб, унинг оила аъзолари тинчлигини бузган. Аёлини номақбул сўзлар билан ҳақорат қилган ва уриб, енгил тан жароҳати етказгани учун 2022 йилнинг 3 июнида жарима жазосига тортилган.

Шунга қарамай, ўзининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатларини давом эттириб, 2022 йилнинг 21 июлида маст ҳолда бўлгани учун фарзандларини кўрсатишдан бош тортган хотинидан жаҳли чиқади ва ундан қасд олиш пайига тушади.

Ошхона пичоғи билан қуролланган судланувчи 21 июлда хотинининг хонадонига бориб, унинг чақирувига биноан хонадонга кириш эшигини очган аёлини икки нафар вояга етмаган фарзандларининг кўз ўнгида, ўзи билан олиб келган ошхона пичоғини зарб билан аёлининг қорин қисмига санчиб, уни оёқлари билан тепиб, тан жароҳатлари етказган.

Шу вақтда хонадонда бўлган 1967 йилда туғилган қайнонаси жанжални тўхтатиш ва қизининг ҳаётини сақлаб қолиш мақсадида уларнинг олдига югуриб келганида, судланувчи қайнонасига фаол қаршилик кўрсатиб, уни ҳам қасддан ўлдириш мақсадида қўлида бўлган ошхона пичоғи билан танасининг турли қисмларига бир неча марта тан жароҳатлари етказган. Қайнонаси қўллари билан ўзини ҳимоя қилиб, унинг тажовузидан қочиб, қўшниларни ёрдамга чақириш мақсадида оиласи билан яшаб келаётган кўп қаватли уйнинг йўлагига чиққан. Судланувчи унинг ортидан етиб бориб, ўзи томонидан етказилган тан жароҳатлари оқибатида қайнонаси ўзини ҳимоя қилишга ва унга фаол қаршилик кўрсатишга қодир эмаслигидан фойдаланиб, яна бир маротаба елка қисмига пичоқ санчиб, тан жароҳати етказган.

Суд-тиббий экспертизасининг хулосасида қайнонанинг танасида «кўкрак қафаси чап томони кўкрак бўшлиғига кириб, чап ўнгач пастки бўлагини жароҳатлаган, кўкрак қафаси ўнг томони орқа юзаси кўкрак бўшлиғига тешиб кирмаган ва чап кўкрак бези ташқи ярмидаги санчилган-кесилган яралари, ўнг елка сохасида иккита, чап тирсак бўғинида битта, чап билак соҳасида иккита, ўнг қўл биринчи бармоқ асос соҳасида, ўнг кафт ички юзаси иккинчи ва учинчи бармоқлар орасидаги бармоқлараро бўлиққа, учинчи бармоқ асос фалангаси ташқи ён юзасига, учинчи бармоқ ўрта фалангаси ташқи юзасига ўтиши билан кечган санчилган-кесилган яралари» каби тан жароҳатлари аниқланганлиги кўрсатилган.

Етказилган жароҳатлар оқибатида қайнонаси ерга йиқилганидан сўнг эшик ёнида йиқилиб ётган хотинининг қорин қисмига яна бир неча маротаба зарба бериб, тан жароҳатлари етказган.

Суд-тиббий экспертизасининг хулосасида аёлининг танасида «кўкрак ва қорин қўшма жароҳати, кўкрак қафаси ўнг яримини, ўнг ўпкани жароҳатланиши билан кечган тешиб ўтувчи санчиб-кесилган яраси, кўкрак қафаси чап томони тешиб ўтмаган санчиб-кесилган яраси, қорин олд юзасини кўплаб санчиб кесувчи, ингичка ичак тутқичини жароҳатлаган санчиб-кесилган яралари, ўнг ўмров ости соҳаси санчилган-кесилган яралари» каби тан жароҳатлари аниқланганлиги кўрсатилган».

Жанжал ва шовқин овозини эшитиб, бошқа хонадан чиқиб қолган аёл (судланувчининг қайнопаси) ўз фуқаровий бурчини бажариб, судланувчининг ҳаракатларига чек қўйиш ва синглисининг ҳаётини сақлаб қолиш мақсадида эркакни хонадонда бўлган вентилятор билан урган вақтида, судланувчи унга фаол қаршилик кўрсатиб, оилавий мажаролар сабабчиси сифатида уни ҳам қасддан ўлдириш мақсадида қўлидаги ошхона пичоғи билан қайнопасининг қорин ва елка қисмларига бир неча маротаба тан жароҳатлари етказган.

Суд-тиббий экспертизасининг хулосасида аёлнинг танасида «қорин олд девори қорин бўшлиғига тешиб кириб, жигар чап бўлагини тешиб ўтиб, ошқозон ости бези бошчаси капсуласининг жароҳатланиши билан кечган санчилган-кесилган яраси, ўнг қўлтиқ ости соҳасини тешиб ўтган, кўкрак бўшлиғига кирмаган, мушаклар жароҳатланиши билан кечган 2 та санчилган-кесилган яралари» каби тан жароҳатлари аниқлангани кўрсатилган.

Пичоқ билан қуролланиб, оила аъзоларига тан жароҳатлари етказаётганини кўрган, вояга етмаган ўғил отасининг ҳаракатларини тўхтатиш мақсадида унинг ёнига борганида, спиртли ичимликлар таъсирида маст ҳолда бўлган судланувчи ўғлининг ожиз, яъни вояга етмаганлиги, жуда ёшлиги, ўзининг тажовузига жисмонан қаршилик кўрсата олмаслигини англаган ҳолда уни ҳам ўлдириш мақсадида қўлидаги пичоқ билан қорин қисмига бир маротаба зарба бериб, тан жароҳати етказган.

Суд-тиббий экспертизасининг хулосасида судланувчининг ўғли танасида «чап томонлама кўкрак қафасидан қорин бўшлиғига ўтувчи санчиб-кесилган очиқ жароҳати, диафрагма, талоқ ва ингичка ичакни жароҳати» каби тан жароҳатлари аниқлангани кўрсатилган.

Қўшни хонадонда яшовчи фуқаролар ва оила аъзоларининг аралашуви, шунингдек шифокорлар томонидан ўз вақтида кўрсатилган тиббий муолажалар натижасида судланувчининг хотини, қайнонаси, қайнопаси ҳамда ўғлининг ҳаёти сақлаб қолинган.

Суд ҳукмига кўра, Жиноят кодексининг 25,97-моддалари (қасддан одам ўлдиришга суиқасд) 2-қисми «а,в,г,ж» бандлари, 219-моддаси (ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) 2-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этган шахс 17 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Андижонда эркак қайнонаси, рафиқаси ва вояга етмаган қайнукасини пичоқлаганди. Шунингдек, Тошкентда эркак низо сабаб 4 нафар оила аъзосини пичоқлагани хабар қилинган.

Ўзбекистонда ҳар йили 200 млн кўчат экилиб, шаҳарлардаги яшил майдонлар оширилади
Янгиликлар17:02 | 3.12.22
Ўзбекистонда ҳар йили 200 млн кўчат экилиб, шаҳарлардаги яшил майдонлар оширилади
Президент маслаҳатчиси бошчилигидаги ишчи гуруҳ Оққўрғон аҳолиси муаммоларини ўрганди
Янгиликлар16:29 | 3.12.22
Президент маслаҳатчиси бошчилигидаги ишчи гуруҳ Оққўрғон аҳолиси муаммоларини ўрганди
Россияда Ўзбекистон фуқароси 2 кг героин билан қўлга олинди — видео
Янгиликлар16:18 | 3.12.22
Россияда Ўзбекистон фуқароси 2 кг героин билан қўлга олинди — видео
Пелега ўткир респиратор инфекция ташхиси қўйилди
Спорт15:08 | 3.12.22
Пелега ўткир респиратор инфекция ташхиси қўйилди
Қирғизистон ва Тожикистон чегара туманларидаги қишлоқлар ўртасида тўқнашув юз берди
Янгиликлар14:21 | 3.12.22
Қирғизистон ва Тожикистон чегара туманларидаги қишлоқлар ўртасида тўқнашув юз берди
Ўзбекистоннинг кўпчилик ҳудудларида 5 декабрь куни қор ёғади
Янгиликлар13:15 | 3.12.22
Ўзбекистоннинг кўпчилик ҳудудларида 5 декабрь куни қор ёғади