ДХХ кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний савдосига чек қўйди — видео
Навоий вилоятининг Учқудуқ тумани Қизилқум чўли ҳудудига хуфиёна тарзда кўмиб кетилган 12 минг дона «Трамадол» дори воситалари борлиги аниқланди.

Қайд этилишича, ДХХнинг Қорақалпоғистон Республикаси бўйича бошқармаси ходимлари томонидан республика божхона бошқармаси билан ҳамкорликда тезкор-қидирув тадбирлари ўтказилган. Натижада қозоғистонлик наркокурерлар томонидан Навоий вилоятининг Учқудуқ тумани Қизилқум чўли ҳудудига хуфиёна тарзда кўмиб кетилган 12 минг дона «Трамадол» дори воситалари борлиги аниқланди ҳамда процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.
Мазкур дори воситаларининг ҳақиқий эгасини аниқлаш мақсадида тезкор тадбир давом эттирилиб, Тўрткўл туманида яшовчи 34 ёшли муқаддам судланган шахс қўлга олинган.
ДХХ ва Божхона органлари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган бошқа бир тезкор тадбирда Зангиота туманида яшовчи 35 ёшли тиш шифокори Олмазор туманида жойлашган ўзининг хусусий клиникасида 1960 дона «Регапен» кучли таъсир қилувчи дори воситаларини ноқонуний сақлаб келаётгани аниқланган.
ДХХнинг Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ва вилоят божхона бошқармаси ходимлари томонидан Фарғона—Қўқон йўналишида ҳаракатланиб кетаётган Нехиа русумли автомашина Олтиариқ тумани ҳудудида тўхтатилиб, кўздан кечирилган. Текширув давомида унда йўловчи сифатида кетаётган, Қўқон шаҳрида яшовчи, 33 ёшли муқаддам бир неча марта судланган шахсга тегишли 2803 дона «Регапен» ва 1000 дона «Тропикамид» борлиги маълум бўлган.
Ўз навбатида у кучли таъсир қилувчи дори воситаларини Фарғона туманида яшовчи, 24 ёшли фуқародан 50 миллион сўмга сотиб олгани аниқланиб, у ҳам ушланган.
Фарғона туманида яшовчи 24 ёшли фуқаронинг хонадони кўздан кечирилганда, унда 1050 дона «Регапен» ва 101 дона «Тропикамид» кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги аниқланган.
Таъкидланишича, юқорида келтирилган барча кучли таъсир қилувчи дори воситалари Ўзбекистон ҳудудига Қирғизистондан ноқонуний йўллар билан олиб келинган.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Сирдарёда 7 мингга яқин психотроп дорилар ёқиб юборилгани маълум қилинганди. Шунингдек, Тошкент шаҳри Учтепа ва Мирзо Улуғбек туманларида кучли таъсир қилувчи дори воситаларини сотмоқчи бўлганлар қўлга олинган.