Ўзбекистонда сабзи нархи кескин арзонлашди
Ўзбекистонда сўнгги бир ой ичида бу йилги сабзининг ўртача улгуржи нархи 30 фоизга арзонлашди. Бу ҳақда EastFruit хабар берди.

Хабарда келтирилишича, Ўзбекистонда сўнгги бир ой ичида бу йилги сабзининг ўртача улгуржи нархи 30 фоизга арзонлашди. Экспертларининг таъкидлашича, бу янги ҳосилни йиғиб олиш ҳисобига бозорда таклифнинг ўсиши ва экспортчилар томонидан ушбу маҳсулотларга нисбатан паст талаб билан боғлиқ.
Нархлар мониторинги маълумотларига кўра, 2022 йил 21 октябрдан 18 ноябргача Ўзбекистонда жорий йил ҳосилида етиштирилган сабзининг ўртача улгуржи нархлари 5000 сўмдан 3500 сўмгача пасайган. Шунингдек, 2022 йил 18 ноябрь ҳолатига кўра, ушбу маҳсулотларнинг ўртача улгуржи нархи ўтган йилнинг шу санасига нисбатан 17 фоизга юқори.
Қайд этилишича, ишлаб чиқарувчилар ва бозор иштирокчилари сабзи нархининг пасайишининг иккита асосий сабабини келтиришган. Улардан биринчиси, янги ҳосил ҳисобига ички бозорда сабзи таклифининг ортишидир, чунки октябрь-ноябрь ойларида Ўзбекистонда ёз ойларида экиладиган «кечпишар» сабзи йиғиб олинади. Жорий мавсумда Ўзбекистонда бундай сабзи ҳосили яхши деб баҳоланмоқда.
Шу билан бирга, иккикчи сабаб, 2021 йилнинг шу даврига нисбатан ушбу маҳсулотларга экспортёрлар томонидан талабнинг камайганидир.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда мандарин нархлари кескин арзонлашгани, шунингдек, Қозоғистон Ўзбекистонни картошка билан таъминлашга тайёрлигини маълум қилгани ҳақида хабар берилганди.