Толибон Қатардаги стадионлар қурилиши учун ускуналар етказиб бергани маълум бўлди
Толибон ўн йилдан буён Қатарга футбол бўйича 2022 йилги жаҳон чемпионати стадионлари қурилиши учун жиҳозлар сотиб олиб, етказиб бермоқда. Бу ҳақда The Telegraph хабар берди.

Қайд этилишича, Толибон ЖЧ-2022 қурилишига «катта сармоя киритган» ва бунинг эвазига Толибонга «миллионлаб доллар пул тўланган». «Доҳадаги баъзи Толибон аъзолари олтитадан ўнтагача оғир техникага эга бўлиб, улар ойига ҳар бир машина учун 10 минг фунт стерлинггача даромад олишган», дейилади хабарда.
Шунингдек, бир неча Толибон етакчилари 2013 йилдан бери Доҳада истиқомат қилиб, у ерда Афғонистондаги келишув бўйича АҚШ ва БМТ билан музокаралар ўтказган. Бундан ташқари, Толибоннинг икки юқори мартабали манбаси нашрга маълум қилишича, амалдорларга мамлакатда яшаш учун пул берилган ва қурилиш техникасига сармоя киритган.
Нашрнинг ёзишича, Қатар расмийлари АҚШ ва БМТ розилиги билан Толибон аъзоларига ойига бир неча минг фунт стерлинг миқдорида нафақа ҳам тўлаб турган. Айтилишича, пул «Ғарб билан тинчлик музокараларини ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатларнинг бир қисми сифатида» ажратилган. Шу билан бирга, уларга йўлтанламас автомобиллар, бепул тиббий ёрдам ва мунтазам озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди.
«Пул Толибонга нақд пулда тўланган, кейин эса банк ҳисоб рақамларига ўтказилган. Бу АҚШ ва Қатар расмийларига уларни кузатишни қийинлаштирди», — дейилади хабарда.
Бироқ Толибон вакили уларнинг стадионлар қурилишидаги иштирокини рад этди.
«Биз Афғонистон Қатарга футбол бўйича 2022 йилги жаҳон чемпионати учун ҳар қандай қурилиш техникаси бергани ҳақидаги даъволарни рад этамиз. Бирорта амирлик амалдори оғир техникага ҳеч қандай даромад киритмаган ёки уни Қатар фирмаларига етказиб бергани йўқ», — дейди Толибон вакили.
Аввалроқ Толибон шариат қонунлари бўйича жазо амалиётини тиклагани ҳақида хабар берилганди.