Андижондаги ЙТҲ юзасидан қўшимча маълумот берилди
Андижонда 10 га яқин автомобиль иштирокида ЙТҲ содир бўлгани хабар берилганди. Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ҳолат юзасидан қўшимча маълумот берди.

Қайд этилишича, А-373 Тошкент—Ўш—Андижон автомагистралининг 389-390- километрлари оралиғида қайта таъмирлаш ишлари олиб борилаётганлиги сабабли 2022 йилнинг 18 ноябрь кунидан буён йўлнинг бир томонида 1100 метр масофада таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Ушбу таъмирлаш ишлари Rezina Optima Standart МЧЖ томонидан «Автомобиль йўллари тўғрисида»ги қонун ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 26 декабрь кунидаги қарорининг 1-иловаси 13,14,15,16,18-бандларига зид равишда Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати органлари билан келишилмасдан олиб борилаётганлиги сабабли транспорт воситаларининг ҳаракати қарама-қарши томонидан ташкил этилган.
Юқоридаги қарор талаблари МЧЖ томонидан бажарилмагани сабабли 2022 йил 26 ноябрь куни соат 08:40 ларда Андижон вилояти ҳудудидан ўтган А 373 автомобиль йўлининг 388-389 километрлари оралиғида йўл транспорт ҳодисасини содир бўлган: ҳайдовчи, 1993 йилда туғилган Ж.А. Isuzu русумли автобусда бир томонлама ташкил этилган йўлда ҳаракатланаётиб, қуюқ туман тушгани ва кўриниш масофаси чеклангани учун 1985 йилда туғилган ҳайдовчи А.А. бошқарувидаги Howo русумли юк автомобили билан тўқнашган.
Ҳодиса оқибатида 3 нафар автобус йўловчиси вафот этган, жами 31 нафар фуқаро, жумладан, юк автомобили ҳайдовчиси ҳам турли даражадаги тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган.
Мазкур ЙТҲ юзасидан Андижон вилояти ИИБ ҳузуридаги ТБ томонидан Жиноят қодексининг 266-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати барча ҳайдовчилардан белгиланган қоидаларга амал қилишни сўраган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқандда Malibu, Cobalt ва автобус иштирокида ЙТҲ содир бўлганди. Тошкентда 4 та автомобиль иштирокида содир бўлган ЙТҲда Equinox ағдарилиб кетганди. Тошкентда тўртта машина иштирокидаги автоҳалокатда бир нафар ҳайдовчи шифохонага ётқизилганди. Шунингдек, Тошкентда юк машинасининг тормоз тизимидаги носозлик оқибатида 3 та машина иштирокида ЙТҲ содир бўлганди.