Фарғонада аёл ИИБ биноси олдида ўзини ёқмоқчи бўлди
Фарғона ИИБ биноси олдида аёл ўзига ўт қўймоқчи бўлди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар берди.
Маълум бўлишича, 2022 йилнинг 15 ноябрь куни вилоят ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида фуқаро М.А. (ИИБ олдида ўзини ёқмоқчи бўлган аёлнинг қизи) Фарғона шаҳридаги меҳмонхоналарнинг бирида 2 миллион 250 минг сўм эвазига 4 нафар шахсга жинсий алоқа қилиши учун шароит яратиб бериб, келишилган пулларни олган вақтида холислар иштирокида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Бундан ташқари, фуқаро М.А. вояга етмаган Д.Ф. ва Х.М.ни ўзига моддий жиҳатдан қарам қилиб, яшаш уйида тутқунликда сақлаб, эркак мижозларга моддий манфаат эвазига жинсий алоқа қилишга мажбурлаб келгани аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан М.А.га нисбатан Фарғона вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 135-моддаси 3-қисми «a» банди, 131-моддаси 1-қисми ҳамда 109-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, 2022 йил 16 ноябрь куни Жиноят-процессуал кодексинингнинг 221-моддаси тартибида ушланган.
Шунингдек, жиноят иши бўйича жабрланувчи ва гувоҳларнинг кўрсатувидан келиб чиқиб, 2022 йил 19 ноябрь куни айбланувчи М.А.нинг бошқарувида бўлган Malibu Фарғона шаҳар Алишер Навоий кўчаси 30-уй ёнида тургани аниқланиб, холислар иштирокида кўздан кечирилганда 2 дона пичоқ ва бошқа буюмлар далилий ашё тариқасида олиниб, автомашина қонуний эгаси А.М.га тилхат орқали топширилган.
Шунингдек, ИИБ биноси олдида ўзини ёқмоқчи бўлган аёл билан бошқарма раҳбарияти суҳбатлашиб, ҳолат юзасидан тушунтиришлар берган.
«Шу ўринда, фуқароларимиздан юқоридаги каби хабарларга расмий муносабат берилмасдан туриб, ноўрин хулоса қилмасликларини сўраб қоламиз», дейилади хабарда.