Эрон ҳукумати норозилик намойишларида қанча одам ҳалок бўлганини очиқлади
Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК) командирларидан бири Амир Али Гажизода норозилик намойишларида 300 дан ортиқ одам, жумладан, куч тузилмалари вакиллари ҳалок бўлганини маълум қилди, деб хабар беради Associated Press.

Унинг сўзларига кўра, қурбонларнинг аксарияти намойишларда иштирок этган оддий эронликлар эди, бироқ ҳалок бўлганлар орасида хавфсизлик кучлари ходимлари ҳам бор.
Шу билан бирга, Эрондаги ҳуқуқ ҳимоячилари ташкилоти (ҲРАИ) томонидан эълон қилинган маълумотларда келтирилишича, тартибсизликлар оқибатида 451 намойишчи ва 60 нафар хавфсизлик хизмати ходими ҳалок бўлган, яна 18 мингдан зиёд инсон қўлга олинган.
Эрондаги оммавий намойишлар кузда, Теҳронда ҳижобни нотўғри ўрагани учун полиция томонидан қўлга олинган Маҳса Амини вафотидан кейин бошланган.
Аввалроқ интернет чекловлари, жумладан, Instagram ва WhatsApp’нинг блокланишига қарамай, ижтимоий тармоқларда Теҳрон, Язд, Исфахон ва Бушерда норозилик намойишлари акс этган янги видеолар тарқалаётгани тўғрисида хабар берилганди.