«Биз жуда катта хато қилдик». Нукус воқеалари бўйича айбланаётган Лолагул Каллиханова ўз айбига тўлиқ иқрорлигини айтди
Бухоро вилоят суди биносида 2022 йил 1-2 июль кунлари Нукус шаҳрида содир этилган оммавий тартибсизликлар бўйича 22 нафар судланувчига оид жиноят ишини кўриб чиқиш давом этмоқда.
Хусусан, суд тергови давомида сўроқ қилинган судланувчи Лолагул Каллиханова ўз кўрсатмаларида айбига тўлиқ иқрорлигини ва қилган ишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини билдирган. У судланувчи Даулетмурат Тажимуратовнинг Нукус шаҳрида митинг ўтказиш ҳақида Жўқорғи Кенгес раиси номига ариза қолдиргани ҳақидаги хабарига алданиб, унинг ушбу гапларига ишониб қолгани, шу сабабли ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида билдириш ҳамда видеороликлар чиқаргани, лекин бу ҳолатлар аҳолини бунчалик даражада кўтарилиб кетишини билмаганини таъкидлаган.
Шунингдек, Лолагул Даулетмурат Тажимуратовнинг алдовига учгани, ушбу қилмиши оқибатида одамлар вафот этгани, уларнинг ўлимида эса ўзини ҳам айбдор деб билишини, шу сабабли ўзини кечирмаслигини, ўзига қўйилган барча айбловларни тўлиқ тан олишини билдирган.
Makan интернет-нашрининг собиқ маъмури Лолагул Каллихонова Қорақалпоғистонда рўй берган тартибсизликлар бўйича Бухоро вилоятида ўтказилаётган судда ўз айбига тўлиқ иқрор бўлган. У собиқ адвокат Даулетмурат Тожимуратов томонидан ташкил этилган ва ижтимоий тармоқлар орқали сепаратизм ғоялари ва оммавий тартибсизликларга чорловчи уюшган гуруҳга қўшилган.
Лолагул Қаллихонова қилмишидан пушаймон бўлиб шундай деди: «Биз жуда катта хатога йўл қўйдик, ўз юртимизга тош отдик».
Айбланувчи, шунингдек, «тартибсизликлар пайтида ҳар бир инсоннинг ўлими унинг виждонига боғлиқ ва ҳеч қандай қамоқ жазоси бу хатти-ҳаракатларни оқлай олмайди», деб таъкидлаган.
Аввалроқ айбланувчилар орасида Қорақалпоғистон Ички ишлар вазирлиги Жиноят қидирув бошқармаси бўлими бошлиғи Полат Шамшетов ҳам борлиги тўғрисида хабар берилганди. У Жиноят кодексининг 244-моддаси (оммавий тартибсизликлар) 3-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда. Шунингдек, «Нукус воқеалари» бўйича айбланаётган олимпия захиралари коллежи директори кўрсатма берганди.